Спорт      Бош саҳифа

Қанотим йўқ, вале учгаймен...

«Инсон қадри учун» ҳаётбахш тамойилининг ҳаётдаги инъикоси

Қанотим йўқ, вале  учгаймен...

Академик шоир Ғафур Ғулом бир сўзида олимларга: «Нега сизлар Сўфи Оллоёрни ўрганмайсизлар, бир нимаси бўлмаса, Бобораҳим Машраб уни излаб юрармиди», – дея танбеҳ берган экан. Мавзуга киришдан олдин устоз шоирнинг бу лутфини андак ўзгартириб талқин қилгим келди: дейманки, нега бизлар шахмат устаси Сирожиддин Зайниддиновни чуқур ўрганмаяпмиз. Бир нимаси бўлмаса, шат­ранж ўйини моҳирлари бўлмиш ака-ука Синдоровлар ундан таҳсил олармиди?..

Тан олайлик, сўнг­ги йилларда спортчиларимиз жаҳон аҳлининг эътиборидан тушмай қўйганига кўзимиз ҳам ўрганиб қолди. Яратган ўзбекнинг пешонасига шон-шуҳрат ва ютуқларни кенг битгани рост экан. Биргина «Синдоров эффекти» дунёга вирусдек тарқалди. Ҳатто хорижликларнинг ижтимоий тармоқларда Синдоров фамилиясини инглизча «winner» (ғолиб) сўзига қиёслаб, «Windorov» тарзида ёзаётганига ҳам бот-бот кўзим тушди.

Яқинда Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиблари ва III Парашахмат олимпиадасида зафар қучганлар орасида бир таниш чеҳрани кўриб, беихтиёр кўнглим ёришиб кетди. Парашахматчи Сирожиддин Зайниддинов Президентимиз томонидан «Мардлик» ордени ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Унинг қувончини кузатар эканман, бундан саккиз йил олдин Сирожиддин билан илк бор учрашган кезларимизни ёдга олдим.

Ҳа, чемпион билан 2018 йилда мўъжазгина шахмат тўгараги хонасида танишгандим. Ўшанда отаси Саврон ака ва акаси Хайриддин билан суҳбатлашганмиз. Сирожиддин ҳам гоҳ имо-ишоралар билан гапимизга қўшилиб, воқеаларни ўзи тўлдириб турарди.

Яқинларининг айтишича, унинг болалигида бошдан кечирган касаллик туфайли эшитиш қобилияти пасайиб, уч ёшларида бутунлай эшитмай қолган. Афсуски, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари ҳам наф бермаган.

Яхшиямки, оилада шахматни ва Сирожиддиннинг қизиқишларини чин дилдан тушунадиган яқинлари бор эди. Унинг кейинги ютуқларида ана шу муҳитнинг ҳиссаси катта бўлди.

Дарвоқе, бугун жаҳонга танилган гросс­мейстер Жавоҳир Синдаров ҳам болалигида айнан Сирожиддиндан сабоқ олган. Бирга тушган суратлари, машғулотлардан қолган хотиралар бунинг ёрқин далили.

Энди Сирожиддиннинг ҳаётидаги мен учун алоҳида аҳамиятга эга воқеага ўтсам.

...Ўша кезлар Сирожиддин ҳақиқатан ҳам ижтимоий кўмакка муҳтож эди. Тошкентдек азим шаҳарда турар жой, яшаш шароити, молиявий масалалар уни анча қийнаб қўйганди. Қисқаси, ёш йигитчага қўллаб-қувватлов жуда зарур эди.

Буни қарангки, айнан ўша йили Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташрифи чоғида Ўзбекистон карлар жамия­ти Маданият марказида бўлиб, жамият аъзолари билан суҳбатлашади.

Улар орасида Сирожиддин билан ҳам мулоқот қилган давлат раҳбари йигитчанинг келгуси режалари билан қизиқди. Сирожиддин июль ойида Лондонда ўтказиладиган шахмат бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётганини ҳаяжон билан айтди. Шунда Президент унга икки хонали уй совға қилиб, мусобақага пухта тайёрланишини алоҳида таъкидлайди.

Озгина меҳр, кичкина қўлловга муҳтож бўлиб турган Сирожиддин юрт раҳбарининг оталарча ғамхўрлиги, бу улкан эътибор ва ишончидан кўзларига ёш олди. Ҳаяжондан нима дейишини билмай, фақат ғалаба билан қайтишга ваъда бера олди холос.

Ўша куни марказга иккита автобус, жамиятнинг уч нафар аъзосига эса Тошкент шаҳридан уй совға қилинган эди.

Бугун ўша кунларни эслар эканман, Сирожиддинга берилган бу меҳр, қимматбаҳо ҳадя унинг ҳаётида қанчалик катта аҳамият касб этганини янада теранроқ ҳис қилдим.

Ахир, ўз уйинг бўлиши инсонга хотиржамлик бағишлайди, эртанги кунга ишонч уйғотади, келажак режаларини бемалол тузишига имкон беради.

Айтганча, уйли бўлганидан сўнг Сирожиддин мусобақага бор кучини бериб тайёрланди. Президент билдирган ишонч­ни оқлаш, берган ваъдасининг устидан чиқиш, Лондондан ғалаба билан қайтиш истаги уни янада ғайратлантирди.

Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Бугун юртимиз шарафини ҳимоя қилиш учун хорижга йўл олган спортчиларимиз виза билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани ҳақида деярли эшитмай қўйдик, тўғрими?

Бироқ 2018 йилларда бу масала жиддий муаммолардан бири эди. Сирожиддин ҳам визаси ўз вақтида расмийлаштирилмагани сабаб мусобақага бир кун кечикиб борган.

Саврон ота ўша кунларни ҳозир ҳам ҳаяжонсиз эслай олмаса керак. Ўшанда ўғлидан мусобақанинг биринчи босқичини ўтказиб юборгани ҳақида хабар келади. Сирожиддин тушкунликка тушган, кечикиш кейинги натижаларига ҳам салбий таъсир кўрсатишидан хавотирланган эди.

Аммо бундай вазиятда ҳам ота ўғлига далда беришга куч топди: «Ўзингни қўлга ол, қолган турларда яхшироқ ўйна. Ахир, Президентга ваъда бергансан...»

Шундан сўнг Сирожиддин кетма-кет ғалаба қозона бош­лайди. Ҳатто ёши олтмишдан ошган Европа чемпионини ҳам мағлуб этади. Шу тариқа мусобақага кечикиб борганининг ўрнини кетма-кет ғалабалар билан тўлдириб, уни муваффақиятли якунлайди.

Бўйнига олтин медаль тақилаётган пайтда хаёлидан нималар кечганини билмайману, аммо давлат раҳбарига берган ваъдасининг устидан чиққанидан унинг қувончи чексиз бўлгани аниқ.

Демак, ижтимоий ҳимоянинг асл моҳия­ти чин истеъдод эгасининг йўлидаги сунъий ва молиявий тўсиқларни бартараф этиш, қобилияти бор инсонга ўзини намоён қилиш учун муносиб имконият яратишдир. Ёрдам ўз вақтида кўрсатилса, унинг самараси ҳам бошқача бўлади.

«Инсон қадри» тушунчасининг том маънодаги ҳаётий инъикоси мана шу эмасми аслида?!

Орадан саккиз йил ўтиб, Сирожиддинни яна бир бор юксак эътирофга сазовор бўлган ҳолда кўриш менга негадир бошқача таъсир қилди. Фарқли жиҳат шуки, бир вақтлар ҳали эришмаган ютуғи учун ишонч ва имконият берилганда у бу ишонч­ни оқлаган эди. Бугун эришган натижалари учун муносиб тақдирланиб турибди.

Чиндан ҳам, бир вақтлар Лондондаги мусобақага кечикиб борганидан изтироб чеккан шахматчи бугун Самарқанддаги нуфузли мусобақа иштирокчиси, давлат мукофоти соҳиби. Унинг бугунги ютуғига қараб, ўз вақтида берилган кўмак инсон ҳаётида қанчалик катта аҳамият касб этишини яна бир бор ҳис қиласан.

Албатта, бир чемпионнинг тақдирланиши барча муаммолар ҳал бўлганини анг­латмайди. Ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий самараси ҳали танилмаган, ҳали медаль олмаган, аммо ўқишни, ишлашни, ўз қобилиятини намоён этишни истаган инсонлар ҳаётида ҳам сезилиши керак.

Сирожиддин билан суҳбатимиздан тўрт йил ўтиб, мени ижтимоий ҳимоя мавзусига қайтишга ундаган яна бир инсон билан учрашдим. У ампутант футболчиларимиз сафида узоқ йиллар тўп сурган, жамоа ғалабаларига катта ҳисса қўшган Абдужамил Шукуров эди.

2022 йилда ўша суҳбатга тайёрланаётганимда, мени, аввало, жамоанинг чемпионлик тарихи қизиқтирарди. Дунёнинг турли майдонларида Ўзбекистон номини танитган футболчилар бугун қандай яшаяпти? Машғулотлари қандай ўтади? Кейинги мусобақаларга қандай тайёрланяпти? Ғалабаларини кўриб, эшитиб юрибмиз. Аммо бу зафарлар ортидаги қийинчилик­лар ҳақида қанчалик биламиз?

Абдужамил ака болалигидан футбол ўйнаган. Тошкентда ўсмирлар жамоаларида тўп суриб юрган кезларида оғир жароҳат олиб, бир оёғидан айрилган. Ўша пайтда нималарни бошдан кечирганини ўзимча тасаввур қилиб кўраман. Ахир, футболни жон-дилидан яхши кўрадиган ўсмир учун бир кечада севимли майдонидан айрилишдан оғирроқ синов борми?

Аммо Абдужамил ака футболга қайтди. «Матонат» клубига қўшилиб, халқаро мусобақаларда қатнашди, чемпионлик завқини сурди.

Эсимда, ўшанда у жамоанинг дастлабки таркибида Афғонистондаги урушда қатнаш­ган йигитлар ҳам бўлганини, уларнинг аксарияти турли жароҳатлар билан қайтганини айтган эди.

Абдужамил ака ўша суҳбатда футболчиларга кўрсатилаётган эътибордан мамнунлигини ҳам яширмаганди. Айниқса, 2007 йилги чемпионликдан кейин аэропортда тантанали кутиб олинганлари, жамоага автобус берилгани, футболчилар пул мукофотлари билан рағбатлантирилганини қувонч билан эслаганди.

Бу тафсилотларни атайлаб келтираётганимнинг сабаби бор. Ўқувчида уларга «ҳеч ким қарамаган, ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган» деган тасаввур уйғонишини истамайман. Албатта, имкон қадар кўмак берилган. Аммо дунёга донг таратган, юртимиз байроғини баланд кўтараётган футболчиларимизнинг шахсий ҳаётига, кундалик ташвишларига бир қадар яқиндан назар ташлаганимда, ич-ичимдан эзилганим ҳам рост.

Абдужамил аканинг айтишича, вилоятлардан келадиган футболчилар Тошкентга қатнов харажатларини ўзлари қоплашган. Айримлари ўша пайтда атиги 600-700 минг сўм пенсия олар экан. Машғулотларга келишнинг ўзи ҳам улар учун осон бўлмаган: йўлкира, овқатланиш, баъзан тунаб қолиш харажатлари бор. Доимий иши бўлмаган футболчилар эса кун кечириш учун турли юмушларни бажаришга мажбур бўлишган. Кимдир киракашлик қилган, кимдир бозорда ишлаган. Айрим футболчилар Туркияда, суҳбатдошимнинг ўзи эса Россияда легионер сифатида ҳам тўп сурган.

Жамоага янги келганларнинг биринчи саволи ойлик маош ва турар жой бор-йўқлиги ҳақида бўлгани мени, очиғи, ҳайратлантирмаган. Аммо зарур шароитлари бўлмаса-да, 250 километр узоқдан келиб машғулотларда қатнашган футболчилар борлигини эшитиб, уларнинг матонатига қойил қолганман. Бу ҳам ватанпарварликнинг ўзига хос кўриниши эмасми?!

Бугун ўша суҳбатларимизни қайта ўқиб, қаҳрамонларимизнинг кейинги тақдири билан қизиқдим. Орадан ўтган йиллар давомида нималар ўзгарди? Уларнинг ҳаётида қандай янгиликлар юз берди? Шу саволларга жавоб изладим.

Қарангки, 2025 йил февраль ойида Банг­ладешда ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон жамоаси барча учрашувларда ғалаба қозонган. Финалда футболчиларимиз Индонезия терма жамоасини 6:0 ҳисобида мағлуб этишган. Абдужамил Шукуров эса ҳал қилувчи учрашувда учта гол уриб, турнирнинг энг яхши тўпурари деб топилган.

Бундай натижаларни спортни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар, яратилаётган имкониятлар ва қабул қилинаётган қарорлар самараси билан боғлаш, менимча, ўринли. Зеро, истеъдод ва ғайратнинг ўзи кифоя эмас – уларни рўёбга чиқариш учун муносиб шароит ҳам зарур.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 8 ноябрдаги қарорида ногиронлиги бўлган шахсларга «Инсон» марказлари орқали давлат спорт иншоотларида бепул шуғулланиш учун йўлланмалар бериш белгиланган. Ҳужжатнинг амалдаги таҳририда ҳудудий жамоаларнинг адаптив спорт мусобақаларида иштирокини молиялаштириш имкониятлари ҳам назарда тутилган. Шунингдек, ампутантлар футболи бўйича жаҳон чемпионати ғолиблари ва совриндорлари, уларнинг тренерларини давлат бюджети ҳисобидан рағбатлантириш масаласи ҳам алоҳида қайд этилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, адаптив спорт турлари реестрига 89 та спорт тури киритилган. 2025 йилда спортга жалб этилган ногиронлиги бўлган шахс­лар сони эса 90 минг нафарга етган.

 Бу рақамлар адаптив спорт қамрови кенгайиб бораётганини кўрсатади. Энг муҳими, бундай имкониятлар спорт билан шуғулланишни истаган инсонлар учун янги йўллар очади.

Бугунги рақамлар эса, очиғи, ҳар қандай кишининг кўнглини тоғдай кўтаради. Агентликнинг сўнгги маълумотларида 208 та туман ва шаҳарда «Инсон» марказлари фаолияти йўлга қўйилгани, 9,4 минг нафар ижтимоий ходим иш олиб бораётгани қайд этилган.

Протез ва реабилитация воситаларига оид маълумотлар ҳам мавзуимизга бевосита дахлдор. Тақдим этилган ҳисоботга кўра, бундай воситалар тури 18 тадан 38 тага кўпайган, ваучер тизими орқали 119 минг нафар шахс зарур воситалар билан таъминланган. Уларни етказиб бериш муддати эса ўртача 60 кундан 14 кунга қисқарган.

Агентлик маълумотларида барқарор даромад келтирадиган меҳнат билан банд ногиронлиги бўлган шахслар сони 2023 йилдаги 72 минг нафардан 2025 йилда 234 минг нафарга етгани ҳам қайд этилган. Бу рақамларни ўқиб, ўша кезлари Абдужамил аканинг жамоадошлари ҳақида «кимдир киракашлик қилади, кимдир бозорда ишлайди» деган сўзлари ёдимга тушди. Бугун бундай қийинчиликлар тобора ортда қолаётганини кўриш қувонарли албатта.

Тушунамиз, қўшимча меҳнат қилиб, рўзғор тебратишнинг ҳеч бир айби йўқ. Гап бошқа ёқда: профессионал спортчи машғулотлар, тикланиш ва оиласини таъминлаш ташвишларини қандай уйғунлаштира олади? Унинг бор кучини спортга бағишлаши, ўз маҳоратини ошириши учун зарур шароит яратилганми? Менимча, масаланинг муҳим жиҳати айнан шунда.

2026 йил 7 апрелда спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда параспортчиларга ўқув-йиғинлар ва мусобақаларда ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг транспорт ҳамда яшаш харажатларини қоплаш, уларни моддий рағбатлантириш чоралари ҳам эълон қилинди. Бу нафақат спортчиларнинг, балки уларнинг муваффақияти учун елкадош бўлиб келаётган инсонларнинг меҳнатига ҳам эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Мен эса 2018 ва 2022 йилларда суҳбатлашган қаҳрамонларимнинг бугун ҳам шахматда ғалаба қозонаётганини, футбол майдонида чемпионликка эришаётганини кўриб, астойдил қувондим. Бу шунчаки спорт натижаси эмас. Бу – йиллар давомидаги меҳнат, матонат ва ўз кучига ишончнинг самараси. Энг муҳими, уларнинг бугунги ютуқларига қараб, инсонга ўз вақтида берилган имконият қандай катта натижаларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор ҳис этасан.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ




Ўхшаш мақолалар

Қанотим йўқ, вале  учгаймен...

Қанотим йўқ, вале учгаймен...

🕔14:21, 30.10.2026 ✔152

«Инсон қадри учун» ҳаётбахш тамойилининг ҳаётдаги инъикоси

Батафсил
Самарқанд –  жаҳон  шахмати марказида

Самарқанд – жаҳон шахмати марказида

🕔11:06, 18.09.2026 ✔251

Самарқанд жаҳон шахмат байрамига мезбонлик қилмоқда. 10 сентябрда имконияти чекланган шахматчилар ўртасидаги 3-FIDE шахмат паралимпияси бошланди.

Батафсил
Чемпионлик шоҳсупасидан  табиат  муҳофазаси сари

Чемпионлик шоҳсупасидан табиат муҳофазаси сари

🕔10:15, 10.09.2026 ✔260

Замонавий жамиятда спорт ва экология тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Соғлом турмуш тарзи фақат жисмоний машқлар билан чекланиб қолмай, инсонни ўраб турган атроф-муҳит мусаффолиги ва экотизим барқарорлигини ҳам талаб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 19-Ноябр  
47 46 45 44 43 42 41
40 39 38 37 36 35 34
33 32 31 30 29 28 27
26 25 23 21 20 19 18
16 15 14 13 12 11 10
9 8 7 6 5 4 3
2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Қанотим йўқ, вале  учгаймен...

    Қанотим йўқ, вале учгаймен...

    «Инсон қадри учун» ҳаётбахш тамойилининг ҳаётдаги инъикоси

    ✔ 152    🕔 14:21, 30.10.2026
  • Самарқанд –  жаҳон  шахмати марказида

    Самарқанд – жаҳон шахмати марказида

    Самарқанд жаҳон шахмат байрамига мезбонлик қилмоқда. 10 сентябрда имконияти чекланган шахматчилар ўртасидаги 3-FIDE шахмат паралимпияси бошланди.

    ✔ 251    🕔 11:06, 18.09.2026
  • Чемпионлик шоҳсупасидан  табиат  муҳофазаси сари

    Чемпионлик шоҳсупасидан табиат муҳофазаси сари

    Замонавий жамиятда спорт ва экология тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Соғлом турмуш тарзи фақат жисмоний машқлар билан чекланиб қолмай, инсонни ўраб турган атроф-муҳит мусаффолиги ва экотизим барқарорлигини ҳам талаб этади.

    ✔ 260    🕔 10:15, 10.09.2026
  • Ўзбекистон –  жаҳон  чемпионатида!

    Ўзбекистон – жаҳон чемпионатида!

    Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди

    ✔ 1496    🕔 17:06, 12.06.2025
  • Фойдасини дақиқалар белгилайди

    Фойдасини дақиқалар белгилайди

    Сузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?  

    ✔ 12535    🕔 12:52, 25.03.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар