Сурхон ёшларининг шижоатига қанот бағишлаётган куч
Ёшларига эътибор қаратган юрт эртаси учун мустаҳкам пойдевор қўйган бўлади. Уларнинг илм олиши, ҳунар эгаллаши, бир ишнинг бошини тутиши учун имкониятлар эшигининг тўлиқ очиб берилиши келажакка бўлган ишончни янада оширади.
Юртимизда кечаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар палласида айни шу масаланинг диққат марказида бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, мутасаддиларнинг чекка ҳудудлардаги ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилаётгани уларни янгидан-янги марралар сари ундамоқда, ҳар бир йигит-қизни илҳомлантирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи ҳам шу мақсадлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
— Термиз шаҳар, Шеробод, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Денов ва Сариосиё туманларидан Россия Федерациясига иш излаб борган, ҳозирда юртга қайтган ишсиз ҳамда турли муаммолари мавжуд ёшлар билан очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Охунжон УМАРОВ. — Мурожаатларнинг 512 таси шу ернинг ўзида ҳал этилди. Хусусан, Лайло Ашурованинг маҳалладаги ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш масаласида қилган мурожаатига жавобан 8 дона тикув машинаси берилди. Мамарасул Жумаевга тадбиркорликни бошлаш учун ер ажратилди. Парвиз Абдуназаров таклифига биноан шу йил якунига қадар «Сариосиёнинг ижодкор ёшлари» китоби чоп этиладиган бўлди. Шунингдек, Россия Федерациясидан қайтиб келган 692 нафар ёшлар иш билан таъминланди.
Экилган ниҳолга қанча кўп эътибор берилса, эртага ундан олинадиган ҳосил ҳам шунга яраша бўлади. Бу ҳақиқатнинг моҳияти ва бунинг ёшларимиз ҳаётида ҳам муҳим аҳамият касб этиши ҳеч қачон ёдимиздан кўтарилмаслиги зарур. Айниқса, чекка ҳудудлардаги қобилиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш юртимиздаги яширин салоҳиятдан тўла фойдаланишга имкон беради.
Бунинг учун моддий ёрдамнинг ҳам аҳамияти катта. Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан жами 15 минг дона бадиий китоб, жиноятчиликдан холи бўлган ҳудудлар учун битта «ISUZI» русумидаги автобус, 30 та компьютер жамланмаси, 5 та видеопроектор совға тариқасида берилиши белгилаб олинди.
Шифокор қабулига келган беморни қийнаётган хасталикдан фориғ қилиши учун, аввало, аниқ ташхис қўйиши керак. Таҳлиллар ва текширувларга таяниб, шифокор даволаш йўлларини тавсия этади. Жамият ҳаётида ҳам худди шундай: бирор муаммога ечим топишдан аввал уни келтириб чиқараётган сабабларни пухта ўрганиш талаб этилади.
Бугун ёшларни қийнаётган кўпгина масалаларга ечим топишда, аввало, уларни тинглаш, дардини ҳис қила билиш зарур. Агар ҳар бир ёшнинг ҳаётига кириб борилса, аниқ натижага эришиш мумкин.
— Йигит киши ота-бобосининг касбини давом эттирса, топганида ҳам барака бўлади, — дейди Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи Жўрабек БОЗОРОВ. — Мен ҳам оиламиз анъанасини давом эттириб, боғдорчилик қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Бу ишни амалга ошириш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва вилоят кенгашларига мурожаат қилдим. Мана, менга бодом етиштириш учун 35 сотих ер майдони ажратиб беришди. Кўчатлар ҳосилга киргунга қадар, уларнинг орасида полиз экинлари етиштираман. Келажакда эса, ҳосилдан олинган даромад билан чорвачиликни йўлга қўймоқчиман. Энг муҳими, халқимизга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бермоқчиман.
Сурхондарё вилоятига уюштирилган «Ёшлар поезди» тарғибот акцияси ҳам ўз олдига шу каби ёшларнинг муаммоларига ечим топишни мақсад қилган. Мутасадди ходимлар, зиёлилар, психолог ва ҳуқуқшунослар икки кун мобайнида ёшлар билан учрашиб, уларни тинглашди. Ёрдамга муҳтож ёшлар масалалари ўрганиб чиқилди.
Иш бошланган жойда, албатта, натижа ҳам бўлади. Айниқса, ғайратли ва шижоатли ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар уларни янгидан-янги ғояларни амалга оширишга илҳомлантиради. Бу эса, ўз навбатида, юрт ривожига қўшилган муносиб ҳиссадир.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Парвозларнинг метеорологик хавфсизлиги таъминланади
🕔15:55, 21.05.2026
✔36
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология хизмати инфратузилмасини ривожлантириш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини метеорологик таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Батафсил
«Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танлов
🕔08:50, 23.04.2026
✔113
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, миллий контентни бойитиш, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни рағбатлантириш мақсадида «Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танловини эълон қилади.
Батафсил
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔178
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил