«Ёш китобхон» танлови ғолиблари аниқланди
Китоб — инсонга энг яқин дўст, бебаҳо бойлик, ҳаётимизни ўзгартиришга қодир бўлган буюк мўъжиза. Китоб мутолааси кишини ҳамиша эзгуликка ундайди, зиё ва маърифатга ошно этади. Бу масала бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боиси ҳам шу. Илмли одам тўғри йўлдан оғишмайди, ёмонликдан йироқ юради.
Ёшлар орасида китоб мутолааси ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 14-19 ёшли ўқувчилар ўртасида «Ёш китобхон» танловининг республика босқичи ўтказилди. Танловда иштирокчилар турли шартлар бўйича ўзаро беллашди. Ҳаққонийлик, одиллик ва адолат мезонлари асосида кечган танловда ҳакамлар энг юқори балл тўплаган китобхонни ғолиб, деб топди.
— Аввало, таъкидлаш керакки, 14-19 ёшли ўқувчилар ўртасида бўлиб ўтган ёш китобхон танловига 230 мингга яқин ёшлардан ариза келиб тушди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси ўринбосари Дилноза КАТТАХОНОВА. — Улар орасидан ҳар бир ҳудуддан биттадан энг фаол китобхон сараланиб, республика босқичига қадар етиб келди. Тўрт кун давом этган мазкур танловда ҳар бир иштирокчи ўзининг билими, теран фикрини намойиш этишга ҳаракат қилди.
Шу ўринда танлов ҳақида батафсил тўхталсак. Биринчи шарт — «Маънавий-маърифий китоблар билимдони» деб номланди. Унда иштирокчилар рақамлар ортида яширинган асар ҳақида ўз билганларини сўзлаб берди, шарҳлашга ҳаракат қилди ва ҳакамлар томонидан берилган қўшимча саволларга жавоб қайтарди. Иккинчи шарт — «Бадиий асарлар билимдони» бўлди. Бу шартда актёрлар ижро этган монолог, диалог, турли эпизодларни кўриб, у кимнинг қаламига мансублиги, қайси асардан олингани, бу сўзлар қай бир қаҳрамон томонидан айтилганини топиши лозим бўлди. Учинчи шарт — «Мен севган адиб» деб аталди. Мазкур шартда рақамлар ортига яширилган адиб ҳаёти, ижоди ҳақида батафсил маълумот бериш талаб қилинди. Ва ниҳоят тўртинчи шарт — «Шеърият» бўлди. «Шеъриятда иштирокчилар шеърда тушириб қолдирилган сўзларни, у кимнинг ижод маҳсули эканини топиши ҳамда у ҳақда маълумот бериши, ўша мисраларнинг мазмунини айтиши сўралди. Шу тариқа, шартларда энг юқори балл тўплаган иштирокчи ғолиб бўлди.
— Биз китоб ўқиган одам қадрланадиган замонга етиб келдик, — дейди Ўзбекистон халқ шоири, ҳакамлар ҳайъати раиси Иқбол Мирзо. — Бундан анча йиллар илгари ота-онамиз «Китоб ўқиганинг билан дунёни олиб берармидинг» деган давр ўтиб, ўша аянчли дамларга нуқта қўйилди. Китоб мутолаа қилган билимдон, адабиётни қадрлайдиган, ўқимишли инсонлар пайти бугун. Президентимиз «Китобсиз тараққиётга ва юксак маънавиятга эришиб бўлмайди» деган сўзларни бежиз айтмаяпти. Чиндан ҳам маънавиятсиз, маърифатсиз, ўз тарихини билмайдиган одам тараққиётга, юксалишга эриша олмайди. Шу маънода, ҳозир амалга оширилаётган ишларни ўзига хос маданий инқилоб деб айтиш мумкин. Бу воқеа юртимиздаги барча ўқув даргоҳларига кўчади, деб ўйлайман.
Танлов жараёнида билимдон ва зукко ёшлар олган сабоқларини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Улар чин маънода ўқиган, изланган. Бироқ камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айрим ҳолларда озроқ ҳафсала, диққат етмади. Аммо уларда бир нарса — китобга бўлган муҳаббат бор. Энг катта ютуқ аслида бу ёшларни китоб ўқишни, китоб танлашни ўрганганида бўлди. Мана шундан ҳамма ўрнак олсин, деймиз.
Шундай қилиб, якуний натижа қуйидагича бўлди. Бухоролик Нодир Муродуллаев 221,75 балл билан фахрли 3-ўринни эгаллади ва унга қимматбаҳо совға — 200 та китоб берилди. 254 балл тўплаган хоразмлик Умиджон Қутлимуродов 2-ўрин соҳиби бўлди. Ёш китобхон компьютер жамланмаси, моноблог ва принтер билан тақдирланди. 252,25 балл йиғиб, энг юқори натижани қайд этган самарқандлик Моҳинисо Шомуродовага эса олий соврин — «Spark» автомобили топширилди.
— Бугун жуда ҳам бахтиёрман, негаки, бутун Ўзбекистон ёшларини ўзига жалб қила олган «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида мутлақ ғолиб бўлдим, — дейди Самарқанд вилояти Нарпай тумани 17-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Моҳинисо ШОМУРОДОВА. — Бу менинг ҳаёт китобимдаги энг бахтли ондир. Буни ҳеч қачон унутмайман. Муваффақиятга эришишимда, аввало, ота-онамнинг, қолаверса, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган устозларим, кутубхоначи ва дўстларимнинг ҳиссаси катта. Шу боис ғалаба уларга ҳам тегишли, у умумий, деб биламан. Чунки бу инсонларнинг кўмагисиз бунга эришиб бўлмасди.
— Бола тарбиясида китоблар алоҳида ўрин тутади, — дейди Моҳинисонинг онаси Азиза СУЮНОВА. — Етти нафар фарзандим бор. Хўжайиним билан уйимизда улар учун мўъжазгина кутубхона ташкил қилганмиз. Янги китоб нашр қилинса, дадаси ёки мен дарров олиб келамиз. Оила даврасида китоб ўқилиб, ўзаро муҳокама қилинади. Шундай ёндашув фарзандларимизга китобни севишни ўргатишга хизмат қиляпти. Танлов эълон қилинганини эшитган қизим, «Мен ҳам унда иштирок этаман» деди. Дарҳол унга ёрдам бердик. Моҳинисо айтган китобларни олиб келдик. Мутолаа учун алоҳида хона ҳам ажратдик. Қизим ўзига кун тартиби тузди ва ҳар куни мактабдан келгач, бирма-бир ўқимаган китобларини мутолаа қила бошлади. Минглаб шеър ёдлади. У Муҳаммад Юсуф, Анвар Обиджон, Абдулла Орипов ижодининг мухлиси. Шундан бўлса керак, уларнинг сайланмасидаги шеърларнинг барчасини тўлиқ билади. Мана, меҳнати ўз натижасини берди. Эришган ютуғидан қувончимизнинг чеки йўқ. Президентимизнинг ёшларга қаратаётган эътибори сабаб бугун оддий қишлоқ қизи юксак эътиборга лойиқ кўрилди. Биз, ота-она учун бу катта бахт.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган бундай тадбирлар амалда ўз самарасини бермоқда. Бундан буён китобсевар ёшлар сони янада кўпайса, ажаб эмас. Зеро, танлов ҳали давом этади. Кейинги босқич 20-30 ёшли китобхонлар ўртасида бўлиб ўтади. Демакки, сиз ҳам кўп китоб ўқисангиз, бунинг муносиб рағбатини, албатта, оласиз.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила даврасида» мухбири
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔51
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси
🕔14:58, 12.02.2026
✔115
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Батафсил
Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди
🕔14:55, 12.02.2026
✔103
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.
Батафсил