Табиат      Бош саҳифа

«ШУНДАЙ ЁНИМИЗДАН ЎТДИ МАНГУЛИК...»

Абдулла Ориповни хотирлаб...

Адабиёт ё журналистикадан анча йироқ, техника университети кимё-технология мутахассислиги бўйича ўқисам-да, қизиқишларим адабиёт оламига яқинлаштираверарди.

«ШУНДАЙ ЁНИМИЗДАН ЎТДИ МАНГУЛИК...»

Этни жунжиктирадиган совуқлар ортда қолиб, кўнгилга хуш ёқувчи, юракни энтиктирадиган майин баҳор кунлари бошланган. Аниқроғи, 1968 йил мартининг ўн саккизинчи кунида ёш шоир ва ёзувчилар фестивали бўлаётганди. Ҳамид Олимжон номидаги адабиётчилар уйи ёшлар билан лиммо-лим. Мажлисга раислик қилувчи адиб дам-бадам залга нигоҳ ташлаб, кимнидир кутарди. Бироз жимликдан сўнг, даврани бошқариб, шеър сеҳри-ю аруз вазни жозибаси ҳақида чиройли чиқиш қилди. Машҳур адиблардан бири ёшлар шеъриятига баҳо бера туриб, Абдулла Ориповнинг «Лайлак» шеърини кескин танқид қилди. У маърузасини тугатаркан, даврага узоқ назар ташлаб, шоирни излагандек бўлди.

Абдулла Орипов вазминлик билан секин ўрнидан турди-ю, минбарга чиқмай, тавозе ила ўнг-сўлига назар ташлади. Кимдир билан саломлашгандек, кимлардандир узр сўрагандек бўлди.

— Айбим шуки, шеъримнинг охирида изоҳ бермаганим, тушунтириш хати ёзмаганим. Шеърни англашга савия етмаса, менда гуноҳ йўқ, — деди-ю бир лаҳза жимиб қолди. Залдаги сокин муҳитдан фойдаланиб яна давом этди. — Ижозатингиз билан янги, ҳали сиёҳи қуримаган шеъримни ўқиб бераман, — деди-да, «Биринчи муҳаббатим»ни ўқиди.

Шеърият шайдоларининг гулдурос қарсакларидан катта хонанинг шифтларигача қирсиллаб кетди. Абдулла Ориповнинг ўзигагина хос виқори вулқондай отилиб, ўтирганларни бир неча дақиқага сеҳрлаб қўйди. Олқишлар садоси ҳали-вери тинмасди.

Шу билан мажлис тугаб, ёш қаламкашлар чойхонага равона бўлдик. Ўша даврда кимнингдир тўрт қатор шеъри ё кичик мақоласи чиқса, ҳали қалам ҳақи олмасдан уни нишонлардик. Шу куни ҳам ош пишгунча Абдулла Орипов қоғозга тушиб улгурмаган шеърларидан, адабиётга оловдек ёниб кирган Усмон Носир ашъорини ёддан ўқиди. «Мен Усмон Носирман», деганлари қулоғимда қолди. Ҳали ўттизга ҳам кирмаган, қотмагина қишлоқ боласининг соч толасидан тирноқларигача фақат шеър учун яшаётганига гувоҳ бўлдик.

Инсоннинг табиати қизиқ, улғайган сари эҳтиёж ортаверади. Дунёни англаш, уммон тубидан жавоҳир излашдек. Чуқурроқ борсанг, синоатлар очилаверади. Чек-чегараси йўқ олам жилваланаверади. Сарҳадсиз ҳудуд домига тортаверади. Яқин бўлсанг, қалб тўфонлари юзага қалқиб чиқади.

Абдулла Орипов шеърияти нав-ниҳоллигиданоқ жилға эмас, тиниқ булоққа ўхшайди. Сокин жаранглайди. Мазмун-моҳияти секин-аста юрагингизга кириб боради-ю, сеҳрлаб қўяди. Ундан олам-олам маъно оласиз. Шеър завқини туясиз, фикру ўйларингиз тиниқлашади, ғубор қолмайди. Шеърият денгизида сузасиз, меҳрингиз қонгунича симирасиз, яшайсиз, яшнайсиз, шеъриятни кашф этасиз.

1970 йили ёш муҳандисларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, маънавиятини бойитиш мақсадида иқтидорли шоир ва ёзувчилар билан ижодий кеча уюштирилди. Беш юз кишилик маҳобатли катта зал талабалар, шоирнинг мухлислари билан тўлиб-тошган.

Минбарда адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов, ҳаяжондан титроғи босилмаётган шоир Абдулла Орипов ва мен. Олим даврани очиб, шоир ижодига қисқача тўхталгач, менга юзланди. «Биринчи муҳаббатим» шеърини икки йил аввал шоирдан қандай эшитган бўлсам, шундай тақлид ва виқор билан ўқидим. Гулдирос қарсаклар тинар-тинмас, шоирга навбат берилди. У микрофонни яқинроқ суриб, ёшлар юрагини титратадиган шеърлар ўқиди. Қарсаклар узоқ вақт тинмади. Зални тўлдириб ўтирганлару очиқ эшик ёнида тик туриб шеър тинглаётганлар икки соатча шоирни қўйиб юборишмади.

Бошқа бир тадбирда филология фанлари доктори, машҳур олим Пирмат Шермуҳаммедов билан танишиб қолдим. Гап айланиб, адабий муҳит, ижодкорлар ва ниҳоят, Абдулла Орипов шеърияти хусусида тўхталганда, у бир воқеани ҳикоя қилиб берди.

«Самарқанд автовокзалида Абдуллажонни учратиб, кўча бўйлаб суҳбатлашиб кетдик. Анчадан бери кўришмагандик, бир-биримизни ҳеч қўйиб юборгимиз келмайди, денг. Гап-гапга уланиб, вақт ўтганиниям сезмай қолибмиз. Тунги иккиларга бориб, шоирнинг илҳоми қайнади. Эски ёзув машинкамни топиб, чиқиллатиб турдим, Абдуллажон айтиб турди. Шу тариқа «Бечора Орол» драмаси дунёга келди... Шоирнинг хаёлида ҳар бир саҳна обдан етилган шекилли сира тўхтамай, ўйга толмай, бир нафасда тугатиб, ухлаб қолди. Бундай иқтидор ва салоҳият соҳиблари бир асрда бир марта дунёга келади», дея ҳикоясини тугатди олим.

...2016 йил ўзбек адабиёти учун катта йўқотишлар йили бўлди. Жаҳон адабиётида порлаган юлдузлар: Сергей Есенин, Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов, Чингиз Айтматов каби буюклар билан ёнма-ён турадиган Абдулла Ориповдек даҳосидан айрилиб қолди. Унинг асарлари асрлар оша яшайверади. Мухлислари ёдида мангу қолади. Шеър завқини туйган, ундан лаззатланган борки, шоир иқтидорига тан беради.

2016 йилнинг кузида Абдулла Орипов Биринчи Президентимиз хотирасига атаб «Шундай ёнимиздан ўтди мангулик» деб ёзган эди. Аслида шоирнинг ўзи ҳам ёнимиздан бир лаҳзада ўтиб кетган ана шундай мангулик эканини энди ҳис қиляпмиз.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилган дақиқалар шоирнинг ёш боладек Ислом Каримовни бағрига босиб, силкиниб-силкиниб йиғлаганлари хотирамга муҳрланиб қолган. Шоирнинг бахти, қудрати шундаки, дунёнинг турли минтақаларида Ўзбекистон байроғи кўтариларкан, албатта, «Серқуёш ҳур ўлкам...», дея бошланадиган мадҳиямиз янграйди. Мадҳия муаллифини мактабга борган болакайдан тортиб, юз билан юзлашаётган нуронийлар ҳам яхши билади. У эл орасида ўзига ўчмас ҳайкал қўйиб кетди.

 

Ҳикмат МАҲСУМОВ          




Ўхшаш мақолалар

Яшил қалқон:  нега бизга оддий  парклар эмас, айнан  дендрология  боғлари  керак?

Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?

🕔15:53, 13.04.2026 ✔20

Шаҳарларимиз жадал ривож­ланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.

Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили –  электр

Чиқиндининг сўнгги манзили – электр

🕔15:53, 13.04.2026 ✔21

Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.

Батафсил
Тоғлар бағридан  отилиб чиқаётган марварид

Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид

🕔15:39, 13.04.2026 ✔18

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Яшил қалқон:  нега бизга оддий  парклар эмас, айнан  дендрология  боғлари  керак?

    Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?

    Шаҳарларимиз жадал ривож­ланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.

    ✔ 20    🕔 15:53, 13.04.2026
  • Чиқиндининг сўнгги манзили –  электр

    Чиқиндининг сўнгги манзили – электр

    Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.

    ✔ 21    🕔 15:53, 13.04.2026
  • Тоғлар бағридан  отилиб чиқаётган марварид

    Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид

    Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…

    ✔ 18    🕔 15:39, 13.04.2026
  • Ташландиқ  майдон  замонавий  яшил  воҳага  айланди

    Ташландиқ майдон замонавий яшил воҳага айланди

    Шаҳарсозлик ва экологик мувозанат уйғунлиги — соғлом турмуш тарзининг гарови. Қўқон шаҳрининг «Райҳон» маҳалласида узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолиб, ташландиқ ҳолга келган ҳудуднинг янги қиёфа касб этиши бу борадаги хайрли ишларнинг узвий давоми бўлди.

    ✔ 71    🕔 16:03, 02.04.2026
  • Ўзбекистон кўчиб юрувчи турларни асраш ташаббусига қўшилди

    Ўзбекистон кўчиб юрувчи турларни асраш ташаббусига қўшилди

    Бразилиянинг Кампу-Гранди шаҳрида бўлиб ўтаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенциянинг 15-Конференцияси (CMS COP15) доирасида кўчиб юрувчи турлардан ноқонуний фойдаланишни камайтиришга қаратилган Глобал ташаббус (GTI) ишга туширилди.

    ✔ 64    🕔 14:15, 02.04.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар