Ривоят қилишларича, бир подшоҳ асирлардан бирини ўлимга ҳукм қилибди. Шунда асир: «Подшоҳим, мени ўлдиришдан фойда йўқ? Ундан кўра менинг ҳунарларимдан фойдаланганингиз маъқул эмасми?.. Дейлик, саройингиздаги отларни менинг қаршимдан бир-бир ўтказсангиз, улардаги фазилат ва камчиликларни бир-бир санаб бераман», дебди.
Шоҳнинг амри билан отларни асирнинг олдидан ўтказишибди. Отлар ариқдан ҳатлаб ўтаётганда, асир улардан бирига ишора қилиб: «Мана бу от сигир сути билан озиқланган, акс ҳолда етти иқлимда ҳам бундай от топилмасди», дебди. Буни қарангки, асир таърифлаган тулпор подшоҳнинг энг яхши кўрган, фахрланадиган оти ҳисобланаркан.
Шоҳнинг таажжуби ортиб, сўрабди: «Буни қаердан билдинг?» Асир: «Бошқа отлар ариқдан тўғри ўтиб кетишди, бу от эса ариқдан ўтгандан сўнг орқа оёғини силкитиб қўйди. Бу одат фақат сигирларгагина хос», деб жавоб берибди. Подшоҳ отбоқардан бу гапнинг ҳақиқатга яқинлиги ҳақида сўраган экан, отбоқар бир қошиқ қонидан кечишини тилаб, чиндан ҳам бу от туғилганда онаси ўлиб қолганини ва бошқа бия топилмаганидан сигир сути билан боқилганини тан олибди. Шоҳ асирнинг билимига, фаросатига қойил қолиб, уни озод этибди...
Онанинг қандай озиқ-овқат истеъмол қилгани ва ичган сувининг сифатига қараб, унинг сути ўзгаради. Бугунги кунда бирор ножўя тановули сабаб бўлиб, фарзандининг ҳазм қилиш тизими ёки терисида ўзгариш содир бўлмаган она топилмаса керак. Оналар айбини ошкор қиладиган мазкур жараённи ҳар гал бошдан кечирар экан, ҳайратларини яширолмайди. Боиси ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, «югурик иштаҳа»нинг қилмишини «сотқин» гўдакка ағдаролмайди-да... Бироқ юқоридаги ривоят она сутининг бошқа бир қудратини акс эттирган.
Она фарзандини ўзи истеъмол қилган зоҳирий озиқалар билангина эмас, балки тийнатида, ботинида, шуурида мавжуд бўлган ботиний ғаризалар билан ҳам таъминлаши, шубҳасиз. Мазкур жараён табиий равишда, она истагининг аралашувисиз юз беради. Сут орқали болага онанинг хулқ-атвори, одатлари ҳам сингишади. Шу боис аждодларимиз оналик рутбасининг нақадар улуғворлигини ҳеч қачон кўздан қочирмаган. Жумладан, юртимизда яшаб фаолият юритган пири комиллардан бири Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳузурларига ташриф буюрувчиларга: «Мендан аввал онамизни зиёрат қилинг», дея васият этганлар. Ана шу васиятга мувофиқ, мана, неча асрлардан буён аввал уларнинг оналари, сўнг ўзлари зиёрат этилади.
Мўътабар манбаларда қайд этилишича, улуғ алломаларнинг оналари ўзининг бажараётган ҳар бир хатти-ҳаракати фарзандига таъсир қилмай қолмаслигини бағоят даражада ҳис этиб, мазкур жараёнга алоҳида эътибор билан ёндашганлар.
Хусусан, улар фарзандига кўкрак тутишдан аввал ибодатга келгандек покланиб, сўнгра овқатлантиришган. Тановул қилаётган ҳар бир луқмасининг ҳалоллигига ишонч ҳосил қилиб, истеъмол қилганлар. Бугунги кунда ҳар бир аёл ана шу масъулиятни чин юракдан туйиб, келажак ворисининг камолотига улуш қўшишдек ғанимат мақомни англаса ва адо қилаётган ҳар тадбири ана шу чўнг ният устида бино этилган бўлса, ажаб эмаски, янги навоийлару, улуғбеклар, жалолиддинлару беҳзодлар билан оламнинг кўзи қувнаса... Ахир шоирнинг: «Билмам, қандай аёл бўлган Навоийнинг онаси», дея ёниб ёзганлари бежиз эмас-ку!..
Ховосда янги боғлар, янги имкониятлар
🕔17:58, 16.04.2026
✔10
Сирдарё вилояти Ховос туманида бугун табиат билан инсон ўртасидаги азалий боғлиқлик яна бир бор ўз ифодасини топмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар нафақат табиатга яшил либос кийгизмоқда, балки одамлар ҳаётига умид, хонадонларга барака олиб кирмоқда.
Батафсил
Қўшработ қир-адирлари ҳам дарахтларга бурканадими?
🕔17:55, 16.04.2026
✔9
Нурота тоғ тизмаларини гумбурлатиб қўшиққа солган Эргаш Жуманбулбул ўғли Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғида туғилиб, вояга етган. Жўш воҳаси дея тарифланадиган бу жой кейинги йилларда янада обод бўлаётир. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейи янгиланган бинода ўз фаолиятини бошлади. Эргаш шоирнинг уй-музейини кўргани келувчилар сезиларли даражада ошди.
Батафсил
Павловния – биз учун ишончли табиий ҳамкор
🕔17:50, 16.04.2026
✔9
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида миллионлаб кўчатлар экилиб, яшил майдонлар кенгаймоқда.
Батафсил