Одам папиллома вируси ҳақида нималарни билишимиз шарт? Эмлаш қачон амалга оширилади?
Одам папиллома вируси қандай хасталик? Унинг инсон саломатлиги учун хавфи қай даражада?
– Одам папиллома вируси (рус тилида ВЧП – вирус папиллома человека) энг кенг тарқалган касалликлардан бири саналади. Кўпчилик уни сўгал ёки хол билан адаштиради. Аслида эса тери устки қаватида юзага келган бу ҳосила жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Унинг юздан ортиқ тури мавжуд. Айрим кўринишлари онкологик хасталикларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. ОПВ жуда кўп тарқалган вирусли инфекциядир. Вирус кўпинча ўзини намоён қилмайди, организм ўз-ўзидан уни йўқ қилади.
Папиллома вируси қўл, бўйин ёки юз қисмида папиллома тошмаси бўлган бемор билан қучоқлашиб кўришиш оқибатида, ҳосила мавжуд тери қаватига қўл тегади ва ишқаланиш содир бўлиб, вирус инфексияси юқади.
Вирус яллиғланишни келтириб чиқаради. Саратон касаллиги эҳтимолига келсак, хавф мавжуд. Биринчи навбатда, бу чекувчи аёллар, имуннодепрессант ишлатувчилар, кўп туққан аёллар, шунингдек, генетик мойиллиги бўлганларга тааллуқлидир. Юқори хавфли ОПВ билан касалланган аёллар орасидан учдан бир нафарида саратон ривожланиши мумкин. Касалликнинг дастлабки босқичида ташхис қўйиш учун ОПВ ва PAP тестларни ўтказиш тавсия этилади.
ОПВнинг бачадон бўйни саратони билан қандай боғлиқлик жойи бор? Эмлаш ишончли ҳимоя бўла оладими?
– ОПВ организмга тушгандан сўнг саратонга айланиши 15 йилдан 20 йилгача давом этиши мумкин. Агар иммунитет заифлашган бўлса ва даволаш амалга оширилмаса, жараён жуда тезлашади ва онкология 5-10 йил ичида пайдо бўлиши мумкин.
Хасталикда ёш кўрсаткичи мавжуд эмас. Гўдаклардан то катта ёшлиларгача вирус юқтириб олиши мумкин. Аксарият ҳолларда папиллома боланинг кичиклигида сўгал ёки тери устки ҳосиласи сифатида пайдо бўлади. Аммо «тегиниб бўлмайди» қабилида иш кўрилгани боис вирус ўз ҳолича қолиб кетади.
ОПВга қарши қандай курашиш керак? Ушбу вирусни организмдан бутунлай йўқотиш мумкинми?
– Барча аёлларга ҳомиладорликни режалаштириш даврида одам папиллома вирусига текширувдан ўтиш тавсия этилади. Папиллома вирусли инфекцияларига текшириш полимераза занжирли реакция ёки Digene-тест (ҳужайраларда одам папиллома вирусининг ДНКсини аниқлашга қаратилган юқори сезувчан тест)ни ўз ичига олади. Ушбу вирус аниқланган ҳолларда кольпоскопия (бачадон бўйнини махсус оптик мослама билан кўриш) ва бачадон бўйни ҳужайраларининг цитологик текшируви (пап-тест) ўтказилади. Фаол вирусли инфекция мавжуд ҳолларда ҳомиладорликдан сақланиб, даволаниш курсини ўташ тавсия этилади. Агар ўткир учли кондиломалар ҳомиладорлик пайтида аниқланса, улар механик тарзда йўқотилади, чунки ҳомиладорларда уларнинг кўпайиб ўсиш суърати тезлашади, бундан ташқари туғруқ вақтида онадан болага юқиш хавфи мавжуд.
Ҳозирги кунда папиллома вирусли инфекцияларни даволашнинг барча маълум усуллари фақатгина улар келтириб чиқарган белгиларини йўқотишга қаратилган бўлиб, одам папиллома вирусининг организмдан тўлиқ чиқиб кетишини таъминламайди. Тана терисининг турли қисмларида (қўл кафти, оёқнинг товон қисми ва жинсий аъзоларда) жойлашган сўгаллар ва ўткир учли кондиломалар асосан механик тарзда: суюқ азот (криотерапия), электр токи ёрдамида (электрокоагуляция), радиотўлқинли пичоқ (радиотўлқинли коагуляция), лазер нури ёрдамида (лазеротерапия) ва махсус маҳаллий қўлланувчи дори воситалари ёрдамида куйдириб йўқотилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, сўгал ва ўткир учли кондиломаларни тўлиқ механик бартараф этиш, одам папиллома вирусини организмдан чиқиб кетишига олиб келмайди ва касаллик қайталаниш (сўгал ва ўткир учли кондиломаларнинг қайта пайдо бўлиш) хавфи сақланиб қолади. Қайталаниш хавфини камайтириш учун механик йўқотиш усули вирусга қарши ва бошқа даволаш усуллари билан биргаликда олиб борилади.
Эмлаш қандай тартибда олиб борилади?
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакцинация жадвалига мувофиқ 9 дан 13 ёшгача бўлган қизларга ОПВга қарши вакцинациянинг икки дозасини қўллаш тавсия этилади. Ушбу ёшда вакцина кучли иммунитетни таъминлайди.
Бугунги кунга келиб, ОПВга қарши вакциналарни қўллаш юқори даражада бўлган мамлакатларда ОПВ инфекциясининг тарқалиши ва бачадон бўйни патологик ўзгаришлар бўйича кўрсаткичларни аниқ пасайиши кузатилмоқда. ОПВнинг тарқалиши камайган барча ҳолларда, кейинги йилларда ёки 10 йил ичида ОПВ билан боғлиқ бачадон бўйни саратони ва бошқа турдаги саратон касалликларининг сони камайиб боради. Бугунги кунга қадар олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, вакцинани самарадорлиги кузатилмоқда.
Австралия, Белгия, Германия, Швеция, Буюк Британия, АҚШ ва Янги Зеландияда олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, эмлашдан кейин ОПВ инфекцияси ва учи ўткир кондиломалар билан ўспирин қизлар ва ёш аёллар орасида касалланиш ҳоллари 90 фоизга камайган. Вакцинанинг таъсири камида 10 йил мобайнида сақланиб қолади.
Номи ваҳимага солгани билан папиллома – давоси бор ва ўз вақтида муолажа қилиниши керак бўлган касалликдир. Қолаверса, соғлиғингиз эҳтиётини қилиб, яқинларингиз, оила аъзоларингизнинг ҳам саломатлигини асраб қолган бўласиз.
Лайло ҲОЖИЕВА,
Навоий вилояти Давлат санитария эпидемиология назорати маркази бош шифокори
Депутат сўрови вазирликни ҳаракатга келтирадими?
🕔15:57, 21.05.2026
✔48
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бир лавҳа кўпчиликни ларзага келтирди: ўз хонадони ҳовлисида беғубор ўйнаб юрган кичкина қизалоқ кутилмаганда юз берган кучли портлаш ва ундан чиққан ваҳимали овоз туфайли даҳшатга тушиб, қаёққа қочишини билмай қолади. Бу воқеа шунчаки тармоқдаги навбатдаги пиар видео эмас, балки инсон ҳаётига бўлган беписандликнинг оғриқли ифодасидир.
Батафсил
Экологик ўзгаришлар болалар орасида аллергик ринитни кўпайтиряпти
🕔15:36, 15.05.2026
✔68
Баҳор аллергик касалликлар, айниқса, аллергик ринит билан оғриган болалар учун энг мураккаб мавсум. Сўнгги йилларда бу касалликнинг болалар орасида ортиб бораётгани кузатилмоқда ва бу ҳолат бевосита экологик ўзгаришлар билан боғлиқ.
Батафсил
Пойтахтдаги оқава сув муаммоси қачон ечим топади?
🕔09:14, 08.05.2026
✔107
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фракцияси аъзолари Борий Алихонов, Олга Литвинова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари Муродхон Жўраев, Сергей Миронов, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Севара Файзиева, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи Акмал Расулов ва бошқа масъул ташкилот вакиллари билан биргаликда пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган оқава сувларни тозалаш иншоотида ўрганиш ишлари олиб бордилар.
Батафсил