Тошкент шаҳри бўйича 606 та чиқинди йиғиш майдончаси мавжуд бўлиб, уларнинг 71 фоизи Тошкент шаҳар «Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармасига, қолган 29 фоизи эса хусусий хизмат кўрсатиш шохобчаларига тегишли.
Куни кеча Тошкент шаҳар «Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармаси маслаҳатчиси Исмоил Сагдуллаев шаҳар бўйича мингта чиқинди шохобчасининг ҳар биридан кунига 2-3 килограммдан жами икки тоннага яқин нон чиқиндига ташланиши ҳақида маълум қилди. Ишчилар бу нонларнинг яроқлиларини чорва боқадиган одамларга бериб, моғорлаб кетганларини ариққа оқизишяпти экан.
Айтмоқчи бўлган гапларимиз инсоф ва диёнатдан йироқ бўлмаганлар учун холос. Шунгаям ота гўри қозихонами, дейдиганлар айланиб ўтиши мумкин. Ана шундайлар туфайли ҳам шу аҳволга келган бўлсак ажаб эмас. Наҳотки бефаросатликнинг чўққисига етиб келган бўлсак? Бир қарасанг отамиз тенги ёши улуғ кишининг юзига тепки берамиз, бир қарасанг нон билан бола таглигини қўшиб чиқиндига улоқтирамиз? Бундай фаросатсизлик, тарбиясизликларнинг чегараси бормикан?
Бир кунгина дастурхонингизда нон бўлмасин ёки болангиз ярим тунда нон деб йиғлаб қолса қаердан бўлса ҳам топиб келтирасиз. Аммо тўқликка шўхлик қилиб ортган нонни ахлатга улоқтириш қанчалик тўғри?
«Тошкент – нон шаҳри» фильмини йиғлаб кўрмаган юртдошимиз бўлмаса керак. Бу бутун дунё нигоҳини Ўзбекистонга қаратган асар. Мана асардаги Тошкентга берилган таърифлар: «У ерда нон бўғзинггача кўп, Ўзбекистон нақ жаннатнинг ўзи эмиш...» Асарда одамлар очликни енгиш, ўлим устидан ғалаба қозониш учун Ўзбекистонга – Тошкентга интилгани тасвирланган. Тошкент мисолида халоскор бир юртни тасаввур қилганлар. Дунёнинг машҳур ёзувчиси Франс Кафка бу асарни ўқиб, «Бундай болалари бор халқни енгиб бўлмайди» – деган экан.
Тўғри, бугун даврлар ўзгарди, кимдир нонга зорми дерсиз. Аммо одамийлик, қадр ва увол каби тушунчалар заррача бўлса ҳам ўзгаргани йўқ-ку! Бир бурда нон учун кечаю кундуз ишлайдиганлар ҳалиям бор. Иссиққина бўрсилдоқ нон эмас, оддий буханка еб кун кечираётганлар миллиондан ошиқ. Аслида ҳар қандай маҳсулотнинг ўзимизга етарлисини олишимиз керак эмасми? Тўй-тўйчиқ, меҳмонлар олиб келган нонларнинг ортиқчасини турли зираворлар билан бирга иссиқ газ печида қуритиб олиб, шифобахш, суюқ овқатларга янаям маза берадиган қотирма нончалар тайёрлаб қўйиш ҳам мумкин-ку. Устасига фарқи йўқ. Биз шунчаки озгина бўлса ҳам меҳнат қилишни истамай қўйдик. Орамизда шу ортган нонни кесиб, қуритиб олишгада эринчоқлик қиладиган бир авлод улғайди. Шундай авлодки, бола таглиги билан нонни ахлат қутисига ташлашда зиғирча ҳам виждони қийналмайдиган авлод.
Халқимиз билиб айтган: нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан. Зеро, ҳар бир исроф қилинган ош-овқатнинг, кийим-кечакнинг ва зое кетказилган ҳар бир неъматнинг жавоби қаттиқдир. Гапимиз бошида айтганимиздек, мақоламиз фақат иймони ва инсофини унутмаганларга тегишли эди.
Саида ИБОДИНОВА
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔20
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔21
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔18
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил