Деҳқончилик, боғдорчилик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу қадрият саналади. У асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.
Оилада ҳар бир фарзанд болалигида отаси ёки бобосининг қўлидан тутиб, дарахт экиб ўрганади. Йиллар ўтиб ўша дарахтлардан кўркам боғлар бунёд бўлади.
«Яшил макон», «Яшил йиллик» сингари лойиҳалар сабаб ана шу қадриятлар қайта кўз очмоқда, кенг қулоч ёзмоқда. Бугун юртдошларимиз битта бўлса-да кўчат экишга ошиқмоқда. Айниқса, 25 мартдан «Долзарб 40 кунлик» эълон қилиниши кўчат экиш қамровини янада кенгайишидан далолатдир.
Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи Рўзибой Тоштемиров ҳам кўп йиллар ўқитувчилик соҳасида ишлаган бўлса-да, деҳқончилик, боғдорчилик илмини отасидан ўрганган. Бугун Рўзибой ота хонадонидаги боғ ўзгача тароват билан ўтган-кетганнинг ҳавасини келтиради. Боғ қўйнидаги токзорда 150 туп турли узум навлари етиштирилади. Ҳусайни, кишмиш, келинбармоқ ва яна бошқа кўплаб сара узум навлари боғбон отанинг чин меҳри, меҳнати боис эл дастурхонига тортиқ этилмоқда.
– Айниқса, ёз охири, эрта кузда бу узумлар шарбатга тўлиб ёқутдек товланиб ҳавасингизни келтиради. Фақат шу босқичга келгунига қадар меҳнатидан, токлар парваришидан қочмаслик керак. Шундагина мўл ҳосилга эришилади, – дейди боғбон.
Рўзибой ота билан суҳбатимиз қизиганида «юринг, сизга дарахтларимни ҳам кўрсатаман», дея боғ ичкариси томон бошлади. У ерда гуллай бошлаган турли дарахтлар кўзни қувнатади. Ўрик ёнига яқинлашганимизда ота ўрик гулидан олиб «Келинг, бир синаб кўрамиз. Бу дарахт мева берадими ёки йўқми, ахир шунча совуқлар ўтди. Совуқ келишидан аввал бу дарахтлар гуллаб қўйган эди» деди. Гулнинг орасини секин очар экан, ундаги миттигина яшил ғўрани кўрсатиб, «Қаранг мевани совуқ урмабди, демак ўригимиз ҳали мўл ҳосил беради» дея жилмайди. «Совуқ кунларда, ёмғирли тунларда дарахтларимизга зиён етмасин деб тинмай дуода бўлдик, мана бугун улар яшнаётганидан кўнглимиз хотиржам», деб мамнун жилмайди боғбон отахон.
Боғ оралар эканмиз дарахт экиш сирларини боғбондан секингина сўрай бошладик.
– Ҳар бир кўчатни экишнинг ўз сири бор, – дейди суҳбатдошимиз. –Экишда кўчатни авайлаб, томирига зиён етказмаслик жуда муҳим.
Баҳорнинг март, апрель ойлари айни кўчат экадиган мавсум саналади. Кўплар мартдан сўнг ниҳол экилмайди, деб ўйлайди, аслида эса ҳали бунга кеч эмас.
Бу ойларда экилган кўчатлар май ойининг ўртаси ва охирида амалга киришни бошлайди. Бироқ саратонда экмаган маъқул, боиси қуёшни иссиқ тафтида экилган кўчатлар куйиб қолиши мумкин. Шунинг учун дарахт кўчатларини март-апрель ойларида экиш айни муддао. Шунингдек, дарахт кўчатини экаётганда томирига эътибор қаратиш керак. Томирида намлик бўлиши лозим. Биз дарахт экаётганимизда, ҳаттоки ариқдаги балчиқлардан фойдаланиб, кўчат учун намликни таъминлаймиз ва бу яхши самара беради.
Бу маҳаллани боғбонлар маҳалласи десак ҳам бўлади. Боиси бу ерда яшовчи ҳар бир инсоннинг боғдорчиликда илми бор. Яна бир қаҳрамонимиз Салимжон ака Алижонов ҳам 50 йилдан буён боғ ишлари билан шуғулланиб келади. Қўни-қўшни, кўрган-билганларнинг айтишича, унинг хонадонидаги бодом, олча, гилос, анор кўчатлари ҳар йили мўл ҳосил берар экан. Қўштепаликлар дарахтларни шунчаки экмайди, балки уларга ўзгача меҳр, эътибор беради, парвариш қилади ва шунга яраша ҳосилидан баҳра олади.
Ҳа, инсон қўли мўъжизалар яратишга қодир. Меҳнат, ҳаракат, интилиш билан инсон кўнглини ҳам, элу юртини ҳам обод қилиб бораверади.
Фотима ЎКТАМОВА,
Фарғона вилоят партия
ташкилоти матбуот
хизмати ходими
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔20
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔21
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔18
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил