Ҳароратли ёз оқшомларида она табиатнинг фусункор қиёфаси янада ёрқин тус олади. Бундай пайтларда тоғ ва адирлар маликаси – лаванда қийғос гуллаб, бинафшаранг тўлқинлар мавжланаётгандек тасаввур уйғотади.
Яшил далалар ниҳоясида уфққа ботиб бораётган алвонранг қуёш тасвири эса янада гўзаллашади.
Айни кунларда Учкўприк туманида мамлакатимизда навбатдаги ўтказилаётган Лаванда фестивали юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар нигоҳида экосаёҳат ва тиббиёт туризмининг муштарак байрами, инсон руҳиятига бетакрор кайфият олиб кирувчи тантана сифатида таассурот қолдирмоқда.
«Меҳригиё» хусусий корхонасига қарашли «Доктор Али» саломатлик боғи жорий йилнинг 6 июнидан 16 июнига қадар давом этадиган Лаванда фестивалига мезбонлик қилмоқда.
Экотиббиётнинг бетакрор намунасига айланган гўшада афсонавий лаванда гулини мадҳ этувчи қадрдон қўшиқ садолари янграб туриб, мусиқага ҳамоҳанг сўзлар эса бинафшаранг товланаётган лавандазорлар ичра сайр қилаётганлар ҳаяжонини янада оширади.
Фестиваль доирасида лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, мутахассисларнинг бепул тиббий кўриги, кўнгилочар концерт ва шоу дастурлари бу ерга ташриф буюрувчиларга унутилмас лаҳзаларни туҳфа этади. Фестивалга Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Малайзия каби ўнлаб давлатлар, республикамизнинг Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Наманган ва Андижон вилоятларидан сайёҳлар, инфлюенсерлар, фотосессия ихлосмандлари, моделлар, санъаткорлар, журналистлар ва блогерлар келиши давом этмоқда.
Лаванда гулини етиштириш ва ундан мўл ҳосил олиш борасида Ўзбекистонда ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Айтиш лозимки, Ўрта Ер денгизи соҳилларида лаванданинг 25 дан ортиқ тури учрайди. Франция, Италия, Испания, Венгрия, Россияда бу ўсимлик кўп миқдорда етиштирилади. Таркибида 1,2 – 2,3 фоиз эфир мойи бўлган лаванда парфюмерия, озиқ-овқат саноати, тиббиётда кенг қўлланилади.
Лаванданинг ўзига хос бир қатор хусусиятлари мавжуд. Энг аввало у сувсизликка чидамли бўлиб, йил давомида суғориш шарт эмас. Энг муҳими эса бир марта экилган кўчатлар, 30-50 йил ҳосил беради. Ундан олинадиган бир литр ёғ дунё бозорида 20 дан 100 долларгача баҳоланиши эса фойда миқдори анчагина юқори эканидан дарак беради. Лаванда эфир мойи, хушбўй ҳиди тушкунликдан халос этувчи шифобахш хусусиятга эга. Шунингдек, гули ва баргидан чой ҳам тайёрлаш мумкинлиги унинг баҳосини янада оширади.
Фестивал давомида юздан ортиқ турдаги экологик тоза маҳсулотлар, масалан, шифобахш лаванда ёстиқлари, лавандали музқаймоқ, лаванда шарбати, лавандали таомлар – барчаси иштирокчилар ихтиёрида. Бу гўзал ва фойдали манзаралар тароватини ҳар ким ўзича кашф этмоқда. Бу йил илк маротаба ўтказилаётган фестиваль шукуҳи бутун республикамиз бўйлаб ёйилиб, юртдошларимиз ҳаётида завқли экобайрам сифатида муҳрланиб қолиши шубҳасиз.
Фестиваль нафақат гулларни севувчилар, бу ноёб ўсимлик билан таниш бўлмаган ҳар қандай ёшдагилар учун ҳам қизиқарли. Мақсад эса одамларнинг экосаёҳатга бўлган меҳрини ошириш, лаванданинг турли соҳалардаги аҳамияти, хусусиятларини кўрсатиш, бу бетакрор гул ошиқлари сонини кўпайтиришдир.
Гулноза ТЎХТАСИНОВА,
Фарғона вилоят Экология бошқармаси матбуот котиби
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔20
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔21
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔18
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил