Экологик маданият инсонлар онгида шаклланиб бормас, маданиятининг ажралмас қисмига айланмас экан, атрофимизда табиатга нисбатан бунёдкорлик эмас, вайронкорлик авж олаверади. Бу аслида барчамизга аён, аммо тан олишни истамаётган ҳақиқат.
Афсуски, бугун одамларда она табиатга бўлган муносабат аянчи аҳволда. Боиси, инсон ўзига берилган омонат нарсаларни асраб авайлашнинг ўрнига исроф қилишни, қадрига етмай бир четга улоқтириб ташлашни ўзига одат қилган. Натижада жабр-ситамни ўзигина эмас, бутун атроф-олам, табиат, ер курраси, унда яшаётганлар, ҳатто келажак авлодлар тортади. Она табиат буларни шундай қолдирмайди, муносиб жавоб қайтаради ва бунинг исботини дунё бўйлаб юз бераётган табиий офатлардан кўриб турибмиз.
Аслида ҳар бир фалокат табиатга бўлган бепарволикдан бошланади. Бундай бепарволикларга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят кенгаши томонидан аҳоли ўртасида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Туман ва шаҳарлар, маҳаллалар ва кўчаларда партия вакиллари иштирокида экорейдлар, экопатруль назорат-текширув тадбирлари ташкил этилмоқда. Йилнинг биринчи чоргаида олиб борилган тезкор экорейдлар давомида юздан зиёд экологик муаммолар аниқланди. Ҳар бир ҳолат холис, қонуний ёндашув асосида ўрганишдан четда қолмади. Айбдорлар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, аҳолининг муаммоли мурожаатлари ўз ечимини топиб, ижобий ҳал этилди.
Эътиборли жиҳати, юқорида тилга олинган юздан ортиқ экомуаммоларнинг 50 таси дарарахтлар, уларни ноқонуний кесиш, зиён етказишга уринишлар билан боғлиқ. Қолган 50 таси белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш, чиқиндиларни ёқиш ва шу каби қоидабузарликлар саналади. Бундан ташқари аҳолидан тушган турли мурожаат ва муаммолар ҳам экорейдларда эътибордан четда қолгани йўқ.
Афсуски, табиатсевар инсонлар, мутасаддилар томонидан қанчалик тушунтирилмасин, муаммолар ҳамон кузатилмоқда. Экопартиянинг Фарғона шаҳар кенгаши раиси Нилуфар Исақованинг таъкидлашича, бунга аҳолида экологик билим етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.
— Табиатга кўрк, гўзаллик, салқинлик, инсонларга тоза ҳаво бериб турувчи дарахтларга фуқаролар меҳр бериш ўрнига шафқатсизларча муносабатда бўлмоқда, —дейди Нилуфар ИСАҚОВА. — Дарахтларни кесиб, унинг танасига турли эълон тахталарини қоқиб, дарахт танасини ўйиб, реклама баннерларини илаётганлари кўнгилни ғаш қилади. Бу иш мутлақо қонунга зид экани, жавобгарликка тортилиши қайта-қайта тушунтирилишига қарамасдан, аҳоли барибир шу ишни қилишдан тоймаётгани аччиқ ҳақиқат. Кечагина дарахтдан эълон тахтасини олиб ташласак, орадан икки-уч кун ўтиб яна ўша ҳолат қайталанаверяпти. Бундай вазият таърифига, айтишга сўз тополмай, эсиз, дейишдан ортиқ изоҳ тополмай қоляпмиз.
Чиқинди муаммоси билан қанчалар курашилмасин, бартараф этишга киришилмасин, охири кўринмаётгандек. Масалан, Фарғона шаҳар Паҳлавон Маҳмуд кўчасида бозор ёнидаги умумий овқатланиш жойи олдидаги чиқиндихона ўтган-кетганнинг дилини ғаш қиларди.
Одамлар овқатланадиган ерда доимо тозалик бўлиши керак. Бироқ чиқиндиларнинг уюлиб ётгани хўрандаларнинг ҳам кайфиятини, ҳам иштаҳасини тушуриши табиий. Бу ерда олиб борилган экорейд давомида Экология бошқармаси инспекторлари билан бирга ошхона эгаси бўлган тадбиркордан тушунтириш хати олиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида жарима белгиланди.
Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйлар атрофларида, савдо марказлари ёнларида тўпланиб қолган чиқиндихоналарни мутасадди ташкилотлар бирга бартараф этиб, шаҳримиз ободончилигини таъминлашга қўлдан келганча ҳаракат қилишмоқда. Бироқ бу етарли эмас, боиси аҳоли ҳам ўз яшаш ҳудудини, юрган, ўтирган жойининг саришталиги, покизалигига эътиборли бўлиши, тозалашда ҳисса қўшиши лозим. Ана шунда бировнинг меҳнатига жони ачимаган кишилар, ҳеч бўлмаса ўз меҳнатига ачиниб чиқинди ташлашдан тийилган бўларди.
Фотима ЎКТАМОВА,
Ўзбекистон Экологик партияси
Фарғона вилоят кенгаши матбуот
хизмати ходими
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔20
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔21
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔18
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил