Юртимизда бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳамма жойда янги қурилишлар жараёни тезкор суръатларда давом этмоқда. Бундай шароитда табиатга зиён-заҳмат етказмасдан ишларни давом эттириш анча мушкул. Аммо қаловини топса, қор ёнади. Виждони уйғоқ одамлар атроф муҳитга заррача зиён-заҳмат етказмасдан ҳар қандай қурилишни амалга ошириши мумкин.
овот туманининг Бешмерган қишлоғида жойлашган Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳ мажмуаси азалдан ўзбек, қорақалпоқ ва туркман халқларининг табаррук масканларидан бири саналади. Бу ер таниқли тасаввуф намояндалари Хожа Абдулқодир Гилоний – Ғавсул аъзам, Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Аҳмад Ҳамадонийларнинг қадамжолари сифатида халқимиз томонидан эъзозланиб келинади. Ҳатто шўролар даврида ҳам одамларнинг бу ерга ташрифи бир нафас бўлсин тўхтамаган. Кўпчилик бу табаррук масканни хосиятли санаб, руҳий касалликка чалинганлар тузалиб кетади, орзуларини сидқидилдан тилашса, рўёбга чиқади, деб умид қилишади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида зиёратгоҳда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Зиёратчилар дам оладиган хоналар, Маънавият ва маърифат маркази ташкил қилинди.
Бугунги сайёҳлик хизмати тобора ривожланиб бораётган бир даврда Хожа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи мажмуи қайта реконструкция ва таъмирлашга муҳтожлиги равшан бўлиб қолди. Буни инобатга олган маҳаллий мутасаддилар айни дамларда аниқ режалар асосида қайта бунёдкорлик ишларини олиб бормоқда. Зиёратгоҳда минг нафар намозхон ибодат қилиш имкониятига эга янги масжид қад ростлаяпти. Масжид минораси 25 мертни ташкил қилиши айтилмоқда. Шунингдек, бу ерда музей ва меҳмонхона қуриш ишлари ҳам жадаллик билан олиб бориляпти.
Зиёратгоҳ ҳудудида 130 тупдан ортиқ турли навли гужумлар, шунингдек, қатор-қатор арча дарахтлари гуркираб ўсиб турибди. Уларнинг экилганига ўттиз йилдан ошмоқда. Бугун атрофга қўр тўкиб, соя тўшаб турган бу гужумларни қурилиш жараёнида зиён-заҳмат етказмасдан сақлаб қолиш ташаббуси билан чиққанида Ўзбекистон Экологик партияси Шовот туман Кенгаши раиси Муҳаммадсафо Тожиевни кўпчилик қўллаб-қувватлади.
– Шовот тумани вилоятимизнинг чекка туманларидан бири саналади, – дейди биз билан суҳбатда Муҳаммадсафо ака. – Бу ерда ҳар доим сув танқислиги муаммоси одамларни қийнаб келади. Бундай жойда дарахт ўстириш, кўкаламзорлаштириш ишларини кўнгилдагидек йўлга қўйиш анча мушкул. Бир туп дарахтнинг гуркираб ўсиб, атрофга файз бериб туриши учун 25-30 йил кутиш керак. Бу бир йигит камолга етадиган давр. Шу боисдан ҳам туманимизда садақайрағоч, яъни гужум, қорамон, чинор, арча ва теракларни сақлаб қолиш ва уларни янгидан экиб кўпайтириш масаласида ҳар доим гапириб келамиз. Қурилишга масъул раҳбарлар фикримизга қулоқ солиб, ташаббусларимизни қўллаб-қувватлаётганидан мамнунман.
Эътибор бериб қаралса, Шовот туманидаги зиёратгоҳларнинг ўзига хос муҳити бор. Улар, айниқса, сервиқор дарахтлари билан ажралиб туради. Тумандаги «Мискин бобо» зиёратгоҳида кўп йиллик тўронғиллар кўкка бўй чўзиб, жазирама ёз кунлари ҳам атрофни салқинлатиб туради. Қизиғи шундаки, айрим кекса тўроғиллар ковагидан дарахт шарбати сизиб, оқиб туради.
Муҳаммадсафо Тожиев ҳар кунги ишни туманни бир қур айланиб чиқишдан бошлайди. Жойларда ўктам дарахтлар қад ростлаб турганини ўз кўзи билан кўргач, бамайлихотир иш хонасига йўл олади.
Дарвоқе, партиянинг Шовот тумани Кенгаши фаоллари Муҳаммадсафо Тожиев бошчилигида ҳудуддаги кўл, ариқ ва зовурлар бўйлари ва тўқайзорларда ёввойи ҳайвонларни кўпайтиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Бунинг учун уларнинг ноқонуний қирон келтирилишининг олдини олиш мақсадида назорат ишлари жонлантириляпти.
Дарҳақиқат, табиат биздан меҳр ва эътиборни талаб қилади. Ҳар бир инсон ўз зиммасидаги вазифага масъулият билан ёндошса, табиат бу меҳрни олган саналади. Зеро, табиатга меҳр бағишлаган жамият унинг чексиз неъматларидан баҳраманд бўлаверади.
Эрпўлат БАХТ
Булутларни «бўйсундириш» ва ёмғир суви: Сув танқислигига осон ечим
🕔15:57, 21.05.2026
✔38
Ҳозирги кунда табиий жараёнларни илмий асосланган равишда бошқариш ғояси илмий доираларда тобора кенг муҳокама қилинмоқда. Ана шундай инновацион йўналишлардан бири сунъий ёмғир технологияси ҳисобланади.
Батафсил
Иқлим ўзгариши янги офис маданиятини талаб қилмоқда
🕔15:49, 21.05.2026
✔36
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, иссиқ ҳарорат ва энергия ресурсларига бўлган босим дунё давлатларини кундалик ҳаётдаги майда деталларгача қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Энди экологик ёндашув фақат катта заводлар ёки қайта тикланувчи энергия лойиҳалари билан чекланмайди. Айрим мамлакатлар энергияни тежашни ҳатто офис маданияти ва кийиниш услубидан бошлаяпти.
Батафсил
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши: энди эътиборсиз қолдириб бўлмайди
🕔15:42, 15.05.2026
✔72
Ҳаво – инсон ҳаёти учун энг муҳим неъматлардан бири. Бироқ биз унинг қадрини кўпинча муаммо пайдо бўлганда англаймиз. Сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафақат экологлар ёки мутахассислар, балки ҳар бир фуқарони ташвишга солаётган жиддий масалага айланди.
Батафсил