Қуруқлик экотизимлари ҳимояга муҳтож, бунинг учун кимдир бош қотиряптими?
Сўнгги ўн йилликларда инсон фаолияти натижасида қуруқлик экотизимида жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Келгусида минглаб турлар йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Ҳар йили 10 млн гектарга яқин майдонда ўрмонлар вайрон бўлмоқда.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида «Қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш» мавзусидаги семинарда айни шу экологик муаммоларга атрофлича тўхталиб ўтилди.
Маълумки, Ўзбекистон ўрмонлари кам давлат ҳисобланиб, ўрмон билан қопланган майдон 8,7 фоизни ташкил қилади. Ўрмон фонди ерларининг энг катта майдонлари Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида жойлашган.
Қуйи палата депутатлари, сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари экотизимларни ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва ортга қайтариш, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиш жараёнини тўхтатиш борасида амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилдилар.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йилда бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 млн туп дарахт экиш, 5 йил ичида мамлакатимиз бўйлаб 1 млрд туп дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 2030 йилга келиб республика шаҳарларидаги яшил масканлар майдонини 30 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Ўрмон хўжалигида олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2030 йилга қадар ўрмон фонди ерлари майдонини 14 миллион гектарга, шундан ўрмон билан қопланган ерларни 6 миллион гектарга, уруғ тайёрлаш ҳажмини йилига 840 тоннага, асалари оилалари сонини 300 мингтага, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини йилига 32 минг тоннага, доривор ўсимликлар етиштириш ҳажмини йилига 11,6 минг тоннага етказиш назарда тутилган.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида жами 600 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш белгилангани юртимизда иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш имконини беради.
Ўзбекистон биохилма-хиллиги 27 минг турдан зиёдни ташкил этиб, Қизил китобга 206 ҳайвон турлари ва 314 ўсимлик турлари киритилган. Қизил китобда ҳайвонот ва ўсимликлар оламининг камёб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари тўғрисидаги маълумотлар жамланган бўлиб, унда ҳар бир турнинг қисқача тавсифи, тарқалиши, ўсиш шароити, сони, кўпайиши, ареалининг ўзгариш сабаблари, маданийлаштирилиши ва муҳофаза чоралари кўрсатилган.
Мутахассислар томонидан ҳар йили дунёда 100 миллион гектарга яқин соғлом ва унумдор ерлар йўқолиб бориши қайд этилди. Ушбу тенденцияни ҳисобга олган ҳолда, дунёда ер деградациясининг нейтраллигига эришиш учун 2030 йилгача 1,5 миллиард гектар майдонни қайта тиклаш лозим.
Ўзбекистонда жорий йилда БМТнинг чўлланиш бўйича конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси юқори савияда ўтказилиб, долзарб экологик муаммолар, хусусан, қурғоқчилик, чўлланиш, ерларнинг деградацияга учраши, чанг ва қум бўронларига қарши чора-тадбирлар муҳокама этилди. Мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланди. Айниқса, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилаётгани нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси, балки бутун сайёрамиз экологияси барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, бугун қуруқлик ва ички чучук сув экотизимларини, шу жумладан, ўрмонлар, сув-ботқоқлар, тоғлар ва қурғоқ ерларни сақлаш, тиклаш ва улардан барқарор фойдаланишни таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради. Бу борада ҳар бир мамлакат халқаро келишувлар бўйича мажбуриятларини сўзсиз бажариши, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиши шарт. Чўлланишга қарши самарали курашиш, деградацияга учраган ерлар ва тупроқларни, шу жумладан чўлланиш ва қурғоқчиликдан зарар кўрган ерларни тиклаш орқалигина 2030 йилгача ер деградацияси нейтраллигига эришиш мумкин бўлади.
Булутларни «бўйсундириш» ва ёмғир суви: Сув танқислигига осон ечим
🕔15:57, 21.05.2026
✔38
Ҳозирги кунда табиий жараёнларни илмий асосланган равишда бошқариш ғояси илмий доираларда тобора кенг муҳокама қилинмоқда. Ана шундай инновацион йўналишлардан бири сунъий ёмғир технологияси ҳисобланади.
Батафсил
Иқлим ўзгариши янги офис маданиятини талаб қилмоқда
🕔15:49, 21.05.2026
✔36
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, иссиқ ҳарорат ва энергия ресурсларига бўлган босим дунё давлатларини кундалик ҳаётдаги майда деталларгача қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Энди экологик ёндашув фақат катта заводлар ёки қайта тикланувчи энергия лойиҳалари билан чекланмайди. Айрим мамлакатлар энергияни тежашни ҳатто офис маданияти ва кийиниш услубидан бошлаяпти.
Батафсил
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши: энди эътиборсиз қолдириб бўлмайди
🕔15:42, 15.05.2026
✔72
Ҳаво – инсон ҳаёти учун энг муҳим неъматлардан бири. Бироқ биз унинг қадрини кўпинча муаммо пайдо бўлганда англаймиз. Сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафақат экологлар ёки мутахассислар, балки ҳар бир фуқарони ташвишга солаётган жиддий масалага айланди.
Батафсил