Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша иқлими, табиий шароити мавжуд. Ана шунга мувофиқ ўсимлик ва ҳайвонот дунёси шаклланади. Бироқ иқлим шароитини баҳона қилиб, лоқайдликка берилиб бўлмаслигини ота-боболаримиз жуда қадим замонлардаёқ чуқур англаб етганлар.
Шу боисдан ҳам мамлакатмизнинг энг шимолий нуқтаси бўлмиш Оролбўйи ҳудудларида узум, анжир ва анор каби иссиқсевар дарахтларни экиб, улардан мўл ҳосил олишнинг уддасидан чиқишган. Бунинг учун улар кеч кузакда дарҳол бу дарахтларни кигиз, қамиш, сомон каби нарсалар билан ўраб, устидан тупроқ билан кўмиб қўйиб, қишнинг аёзли кунларида совуқ уришидан сақлаш тажрибасини орттирганлар. Баҳор келиб, Наврўз байрамидан сўнг ток, анжир ва анорлар очилиб, махсус тирговичларда тиклаб қўйилган.
Аждодлардан мерос бу тажриба асрлар давомида воҳамизда қўллаб келинади. Қарабсизки, келиб чиқиши Олд Осиё минтақасига мансуб бу ноёб дарахтлар ёз бўйи шириндан-шакар мевалар бераверади.
Боғот туманида Деҳқонобод қишлоғи ўзининг сархил узум ва анор етиштириши билан қанчалик машҳур бўлса, Урганч туманидаги «Анжирчи» маҳалласи аҳолиси ҳар хил навли анжирлари билан танилган. Бу маҳалла одамлари Хоразм бозорларида ёз бўйи тоғора-тоғора анжир сотиб ўтиришади. Қишда эса анжир мураббосининг бозори чаққон.
Тупроққалъа туманининг Питнак қишлоғида яшовчи миришкорлар зайтун дарахтини маҳаллий жийдага пайванд қилиб, унинг совуққа чидамлилик даражасини ошириш бўйича изланишлар олиб бораётганини эшитган киши, албатта, хурсанд бўлади. Агар иссиқ ўлкаларда яхши ривожланадиган зайтуннинг мамлакатимиз иқлимига мос навлари яратилса, нур устига нур бўлур эди. Дунё бозорида «суюқ олтин» дея эътироф қилинадиган бу ноёб мева ўзимизда етиштирила бошласа, ёмонми ахир?! Агар бизнинг табиий шароитимизга мос зайтун навлари яратилган тақдирда унинг меваси ва ёғининг ўзидан жуда катта фойда кўриш мумкин. Жаҳон тиббиётида зайнут меваси ва ёғи кўплаб касалликларнинг олдини олиш учун қўлланилаётгани бугунги кунда барчага яхши маълум. Шунингдек, зайтун ёғи косметология ва кулинария соҳасида ҳам кенг қўлланилади ва унинг ўрнини бошқа биронта ўсимлик ёғи боса олмайди.
Маълумки, хурмо дарахти анжир ва анор каби иссиқсевар дарахт. У қаттиқ совуққа бардош бера олмайди. Шунга қарамасдан юртимизнинг шимолий туманларида яшовчи аҳоли аста-секинлик билан хурмо етиштиришни йўлга қўймоқда. Бу борада уларга ота-боболаримизнинг минг йиллардан буён орттирган тажрибаси қўл келмоқда. Хурмо дарахтини кузакда кигиз, бризент, сомон, қамиш билан ўраб қўйиш ёки иссиқхона типида плёнка остида сақлаш орқали совуқ уриб кетишининг олди олиняпти. Пировардида маҳаллий бозорлар расталари Хоразмнинг ўзида етиштирилган хурмолар билан тўлиб-тошмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги экология соҳаси каби боғдорчилик ҳам алоҳида тадқиқотларга муҳтож. Аждодларимиз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда дарахт ва ўсимликларнинг ҳар бир минтақанинг табиий иқлимига мос навларни яратиш долзарб масалалардан саналади. Бу борада шу соҳанинг тажрибали мутахассислари ва олимлари бош қотирса, айни муддао бўлар эди.
Пўлат ЭРМАТОВ
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔25
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔31
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔26
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил