Ҳарорат аномал даражада исиб бораётган паллада қурт-қумурсқа, паррандаю даррандалар ҳам ўзини пана ва салқин жойларга уради.
Одамзод эса соябондан жонига ором топади. Бундай вазиятда дов-дарахтларга қийин. Уларга инсоният томонидан эътибор ва ёрдам кўрсатилмаса нобуд бўлиши турган гап. Айниқса, янги экилган кўчатлар ёз кунлари тез-тез суғорилиб турилмаса, қуриб қолиши мумкин.
Афсуски, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор ва куз фаслида экилган кўчатлар доимий назоратга олинмагани боис аксарияти қуриб қолаётгани сир эмас. Аксарият жойларда уларни вақтида суғоришнинг имкони йўқлиги жуда ачинарлидир.
Аммо қаловини топса, қор ёнади деганларидай, кўчатларни суғормасдан ҳам яхши ва тез ривожланишини таъминлаш мумкин. Бунинг учун ўғитлаш ва озиқлантириш тадбирини олиб бориш талаб қилинади.
Дарахтларни озиқлантириш деганда кўпчилик минерал ўғитлар солишни тушунади. Аслида мутлақо бундай эмас. Дарахтларни чиқиндилар билан ҳам озиқлантириш мумкин. Бу жаҳон тажрибасида кенг қўлланилаётган тажриба саналади. Масалан, Хитой ва Жанубий Кореяда миришкорлар полиз ва боғдорчилик соҳасида озиқ-овқат чиқиндилари, балиқ ичак-чавоғидан ўғит сифатида фойдаланишади.
Тажрибалардан маълумки, бир челак балиқ ичак-чавоғи остига кўмилган дарахт тез ривожланиб кетар экан. Озиқ-овқат қолдиғи кўмилган сарғайган дарахт барглари орадан ўн кун ўтгач, кўм-кўк рангга киргани кузатилган.
Дарҳақиқат, юртимизда овқатланиш шохобчалари йил сайин ортиб бормоқда. Улардан чиқаётган чиқиндилар аксарият ҳолларда чорвачилик комплексларига олиб кетилади. Олиб кетилмаган кунлари эса чиқиндихоналарга чиқариб тўкилади. Тамаддихоналарда балиқ тозалангач, уларнинг тангачалари ва ичак-чавоқлари ҳамда истеъмолдан сўнг қолган қилтаноқларини на чорва молларига, на паррандаларга бериб бўлади. Улар фақатгина чиқиндихоналарга обориб тўкилади.
Агар ана шу тур чиқиндилар дарахт илдизига яқинроқ қилиб маълум бир меъёри ўлчанган ҳолда кўмиб қўйилса, бу ерни ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам суғориш талаб этилмайди. Негаки, чириётган чиқинди етарли намлик ва қувватни бериб тураверади.
Дарвоқе, айни кунларда юртимизда балиқлар увилдириқ сочиш палласида бўлгани боис уларни овлашда махсус чеклов давом этмоқда. Шу боис бу ишларни эрта баҳор ва кеч кузда бажарган маъқул.
Эътибор берган бўлсангиз, барча дўконлар ва бозорларда товуқ гўшти мўл-кўл сотилмоқда. Уларнинг ичак-чавоғи эса балиқ билан озиқлантиришдан самаралироқ экани кўпчиликка яхши маълум. Азалдан парранда ахлати аммоний фосфор даражасидаги ўғит ўрнида ишлатилиб келинади.
Шунингдек, кушхона чиқиндилари ҳам фосфорга бой бўлгани учун дарахтларга энг маъқул озиқ бўлиши шубҳасиз. Суякларни майдалаб ўғит сифатида қўллаш, албатта кўзланган натижани бермайди, деб ҳеч ким айтолмайди.
Ҳар йили куз фаслида у ер-бу ерларда дарахт хазонларини ёққан одамларга жарима қўлланилгани ҳақидаги хабарлар қулоққа чалиниб қолади. Бироқ ҳеч ким хазонларни ёқиш ўрнига дарахт остига кўмиш зарурлиги ҳақида жон койитиб аҳолига тушунтириб келаётганини учратиш амримаҳол. Аслида бундай ишлар халқимизга изчил тушунтириб борилсагина тезроқ ўз самарасини беради.
Эрпўлат БАХТ
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔25
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔30
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔26
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил