Бугун бутун дунёда тупроқ деградациясининг кучайиши, чўлланиш даражасининг ошиши, сув тақчиллигининг ортиши, озиқ-овқат маҳсулотлари таннархи кўтарилиш тенденцияси кетаётгани ҳаммамизга маълум.
Иқлим ўзгаришининг оғир оқибатлари қишлоқ хўжалиги соҳасига аллақачон салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳолбуки, аҳоли сони ҳам, эҳтиёжлари ҳам кундан-кунга ортиб боряпти. Шу боис бизни шиддат билан қамраб олаётган экологик муаммолар ва уларнинг иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги каби стратегик соҳаларга салбий таъсирини юмшатиш бутун дунё давлатлари қаторида мамлакатимиз учун ҳам ўта долзарб ва муҳим вазифалардан саналади.
Ўтган ҳафта пойтахтимизда ўтказилган йирик халқаро анжуман – «Ипак йўли қишлоқ хўжалиги таълими ва тадқиқот инновациялари альянси» тўққиз йиллик конференциясида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси, профессор Абдушукур Ҳамзаев юқоридаги долзарб масалаларга илмий жамоатчилик эътиборини қаратар экан, айни пайтда бир қатор ўринли таклифларни ҳам илгари сурди. Айниқса, Марказий Осиёда иқлим ўзгаришлари таъсири анча юқори экани, чўлланиш даражаси ортиб, сув тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бораётгани мазкур йўналишда аниқ ва кечиктириб бўлмас чоралар кўришни тақозо қилаётганини алоҳида қайд этди.
Шимолий-ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети (Хитой) Тошкент давлат аграр университети (Ўзбекистон) билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур илмий-амалий анжуманда 10 та мамлакат, шунингдек, 50 дан ортиқ илмий-таълим муассасалари ва корхоналаридан жами 200 нафар олим ва илм-фан вакиллари иштирок этди.
Қишлоқ хўжалиги таълими ва фани соҳасидаги ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган мазкур форум «Бир камар, бир йўл» ташаббусига жавобларни янада кучайтириш, Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатларнинг ҳамкорликда ривожланишига кўмаклашиш учун асосий эътибор «Ипак йўлида қишлоқ хўжалигини юқори сифатли ривожлантириш учун технологик таъминот» мавзусига қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг қайд этишича, айнан бу йилги форум мамлакатимизда ташкил этилиши қишлоқ хўжалигини юксак даражада ривожлантириш учун янги назариялар, янги услублар ва янги йўлларни муҳокама қилишга қаратилгани иштирокчилар учун тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун юқори даражали платформа бўлиб хизмат қилади. Форум минтақавий қишлоқ хўжалиги олий таълимининг юқори сифатли уйғунлашган ривожланиши ҳамда қишлоқ хўжалиги таълими ва фанининг тараққиёти учун муҳим таклифларни жамлаши билан янада аҳамиятлидир.
– Айтиш мумкинки, бугунги мураккаб экологик шароитда олимлар ҳамкорлиги дунёни қутқаради, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раиси, профессор Абдушукур Ҳамзаев. – Бунга мисол тариқасида бутун дунёни талвасага солган, миллионлаб инсонларни ҳалок қилган короновирус пандемиясининг мамлакатимизда тарқалишини тўхтатишда Ўзбекистон ва Хитой олимлари ҳамкорлигида яратилган вакцинанинг миллионлаб юртдошларимиз жонига оро кирганини келтиришимиз мумкин. Энди шундай ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги илми соҳасида ҳам давом этмоқда. Шубҳасиз, бу ҳамкорлик экологик муаммоларга ҳам ечим топиш, оқибатларини юмшатиш, юртимизга хавф солиб келаётган сув тақчиллиги, тупроқ деградацияси, озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги сингари муаммоларни илмий тадқиқотлар орқали ҳал этишда ҳам қўл келади.
Мавжуд муаммоларни бартараф этишда энг аввало янги, илғор технологиялар ҳамда уларни амалиётга жорий этадиган кадрларга талаб жуда юқори. Ўтказилган форум эса айнан шу масалаларга бағишлангани, соҳада фаолият олиб бораётган давлат арбоблари, сиёсатчилар, олимларни бир платформага жамлагани билан ҳам барча иштирокчи давлатлар вакиллари учун катта аҳамият касб этади. Мисол учун, форум давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида илмий кадрлар ва технологиялар алмашинуви бўйича Ўзбек-Хитой олимлари муҳим келишувларга эришганининг ўзи бу борада муҳим қадам бўлди дейиш мумкин.
Конференция доирасида Ўзбекистоннинг тегишли таълим йўналишлари бўйича Хитой, Қозоғистон ва Покистоннинг қишлоқ хўжалиги институтлари ўртасида 7 та ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Албатта, бу каби келишувлар ҳамда меморандумнинг имзоланиши ҳамкорларнинг миллий манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ўзаро дўстлик, мустаҳкам ишончга асосланган ҳамкорлик негизида кечаётганидан дарак беради. Зеро, Ипак йўлининг қишлоқ хўжалиги таълими ва фани соҳасидаги инновацион ҳамкорлик Альянсининг навбатдаги «Ипак йўли қишлоқ хўжалиги таълими ва илмий технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича 9-Форуми ва Ипак йўли Альянсининг йиллик йиғилиши» юртимизда ташкил этилгани ҳам бунинг айни далилидир.
Камолиддин РЎЗИМАТОВ
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔25
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔30
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔26
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил