Фарғонанинг сўлим Данғараси ҳудудида Ўрмон хўжалиги деган қишлоқ бор. Уни халқимиз «Лесхоз» ҳам дейишади. Бу ажиб макон болалик хотираларимнинг аксар қисмини эгаллаб улгурган.
Ёзги таътилга чиқибоқ шу ерга, қариндошларимникига отланаман. Бу ернинг меҳмондўст одамлари, ёввойи табиати, турфа жониворларга бой, соя-салқин ўрмонзорларининг мафтуни эдим.
Қишлоқдан чиқиб, озгина юриб борсангиз, ястаниб ётган қумтепалар ва нимпушти, сафсарга мойил гуллари ифор сочиб, таъзим-ла, гўзал юлғунлар қарши олади. Улар билан ёндош, шохлари тарвақайлаб кетган саксовул, тўранғил ва бошқа, қуруқ иқлимга чидамли дарахт-буталар учрайди. Оёқ остида шилқум шитирлайди. Мазза! Ўтган йилгидан қолган хазон, синган шох-шаббаларни мўлжаллаб қадам босасиз, йўқса, ҳавонинг иссиғида оёқяланг юриб кўринг-а!
Бу ернинг қушлари ҳам ғалати. Пастгина буталарга ин қуриб, бола очаверади. Шу ерда қушлар билан боғлиқ бир воқеа ёдимга тушди.
Бир куни қумтепаликдаги дарахтзорни кезиб юрар эдим. Дов-дарахтларни қўлим билан суриб, йўл очиб бораётиб, ёнгинамда, чийиллаган овозни эшитиб тўхтаб қолдим. Товуш борган сари кучаяр, борган сари қизиқишим ортиб, у ёқ-бу ёққа қулоқ тута бошладим. Синчиклаб у ёқ-бу ёққа қараб, қўлим етгудек жойда қандайдир қуш болаларини кўриб қолдим. Улар бир-биридан ўтаман деб чийиллашар, сап-сариқ оғзини очиб овқат сўрашар эди. Секин қўл узатиб, биттасини олдим. Қанотлари анча ўсиб қолганидан ва типирчилашларидан билдимки, қушчалар учирма бўлишга тайёргарлик кўрмоқдалар.
Шу пайт хаёлимга ажойиб фикр келиб қолди: уларни учишга ўргатаман!
Полапонни шундоқ осмонга отганимни биламан, аллақаердан, она қуш – майна етиб келди-ю, юз-қўлимни юмдалаб ташлади. Бошимдаги гулчамбар ерга сочилиб кетди. У эса борган сари кучли чағиллар, гўёки кўзларимни ўйишга шайлангандек юзимга тирноқ ботирар, қўлим юзимга тўсиқ бўлгани сабабли, тирноқлари қўлимни тимдалар эди. Қўрққанимдан бир қўлим билан бошимни беркитиб, бирисида қушни ҳайдашга ҳаракат қилдим. Буни қарангки, она қуш шундай жасорат билан, асло чўчимасдан, менга ташланар, шу билан бирга овозининг борича «чағир-чуғур» қилиб, чўқилаб ташлади. Аҳволимни кўриб, нарироқда ўйнаб юрган аммамнинг ўғли югуриб келди-да, қўлидаги узун таёқ билан мени ҳимоя қилиб, қутқариб олди. Шу онда ҳамма нарса ҳам ўз фойдамга ҳал бўлавермаслигини, она табиат, айниқса, қушлар билан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўргандим...
Қумтепада ўтказган бугунги куним жуда завқли кечди. Қизариб ботаётган қуёшга қараб туриб, «Эртага яна келаман», – дедим-да, чопқиллаб пастга тушиб кетдим.
Шодия УМРЗОДА,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази Учкўприк
туман бўлинмаси бош мутахассиси,
«Оқила аёллар», хотин-қизлар
тарғибот гуруҳи раҳбари
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔24
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔30
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔25
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил