Бугун бир дона бўлса ҳам дарахт экиб, кўкартириш – табиатни асрашга бўлган катта ҳисса. Оммавий тарзда кўчат экиш, дарахтзорларни кўпайтириш масаласига бежиз давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмаяпти.
Биз эса ана шу экилган кўчатларни асраб қола оляпмизми? Бир дона кўчат экиш қўлимиздан келмаса, ҳеч йўқ кўкариб ўсаётган ниҳолга зарар етказмайлик-да энди.
Боқибеғамлик шу даражада авжга чиқмоқдаки, аҳволни кўриб, «дод» деб юборгинг келади. Масъул идора ва ташкилотларнинг совуққонлиги, жойларда жамоатчилик назоратининг йўқлиги оқибатида яшиллик оламига ҳалигача жиддий путур етмоқда. Дарахтлар ва гулзорларнинг ўз вақтида суғорилмагани етмагандек, турли хил тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар томонидан яшил табиатга кўр-кўрона зиён-заҳмат етказилаётгани ачинарли ҳолатдир.
Гап шундаки, одамлар гавжум туман марказлари ва шаҳарларда умумий овқатланиш шохобчалари кўпайгандан кўпаймоқда. Ошхона ва кафеларда қозондан ташқари манбалар – тандир ва ўчоқларда таомлар тайёрлаб хўрандаларга пуллаш одат тусига айланган. Айниқса, кабоб ва сомсаларнинг бозори чаққон. Даромадни буромад қиламан деганларнинг омадини берсин. Бироқ, ана ўша даромад атроф-муҳитга хавф туғдираётган бўлса-чи? Виждони уйғоқ одам бунга жим қараб турмаслиги керак.
Аксарият сомсапаз ва кабобпазлар ўз тандир ва ўчоқларини жазирама иссиқдан қочиб, гуркираб ўсиб турган дарахтлар соясига ўрнатиб олганини кўриб ёқа ушлайсиз. Мисол учун, Урганч шаҳрининг марказий деҳқон бозори ёнгинасидаги «8 блок» савдо марказига туташ йўлак бўйлаб кетарканмиз, бундай кўнгилсиз манзарага ҳар қадамда дуч келасиз. Йўлак бўйлаб чўзилган савдо шохобчаларининг орқа томонидаги яшил ҳудудларга қатор-қатор тандирлар қурилган бўлиб, уларда гуриллаб олов ёниб туради. Ҳамроҳим – «Ҳуррият» газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири Феруза Тангриберганова тандирга ўтин қалаётган сомсапаз йигитга:
– Ахир ўсиб турган дарахт остига тандир қуриш – қип-қизил виждонсизлик-ку! Мана, ёшгина гужумларни ҳам қовжиратиб ташлабсизлар, – деди чидолмасдан.
Сомсапаз йигит эса қовоғини солганча, алланималардир деганча тўнғиллади.
Йўлак бўйлаб автобус бекати томон одимларканмиз, гуриллаб ёнаётган тандирлар ва оловда жизғанак бўлаётган дарахтларни учратгач, таъбимиз хира тортиб кетди. Устига-устак йўлак атрофидаги яшил ҳудудлар ўта расво аҳволга келган. Ҳаммаёқда чиқинди тўзғиб ётибди. «Ўзи бу ердан бирор бир мутасадди яёв ўтармикан?..» деб қўямиз ачиниш билан.
Дарвоқе, юртимизда бирор бир тадбиркорлик субъектига расман рухсат берилишидан олдин улар фаолият юритадиган бино жойлашган ҳудуд масъул идоралар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилади. Хусусан, ошхона ва кафелар жойлашган объект ёнғин хавфсизлиги, экология бошқармалари ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, тегишли равишда рухсат берилади. Мазкур идора масъуллари фақатгина рухсат берибгина қолмасдан, бундай жойларда ҳар ойда махсус рейдлар ўтказиб турса айни муддао бўлармиди?!.
Афсуски Урганчдаги аҳволни юртимизнинг аксарият гавжум бозор ва жамоат масканларида учратиш мумкин. Жиллақурса, бу ерларда жамоатчилик мониторинг назорати изчил йўлга қўйилганида ҳам она табиатга бунчалик жиддий зиён-заҳмат етказилмаган бўлармиди?!.
Жамият ва атроф-муҳит учун хавфли ҳар қандай қонунга зид фаолияти учун ҳар бир фуқаро тегишли жавобгарликка тортилиши зарур. Хусусан, яшиллик оламини оловларда куйдираётган сомсапаз-у кабобпазлар ҳам.
Эрпўлат БАХТ
Ховосда янги боғлар, янги имкониятлар
🕔17:58, 16.04.2026
✔10
Сирдарё вилояти Ховос туманида бугун табиат билан инсон ўртасидаги азалий боғлиқлик яна бир бор ўз ифодасини топмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар нафақат табиатга яшил либос кийгизмоқда, балки одамлар ҳаётига умид, хонадонларга барака олиб кирмоқда.
Батафсил
Қўшработ қир-адирлари ҳам дарахтларга бурканадими?
🕔17:55, 16.04.2026
✔9
Нурота тоғ тизмаларини гумбурлатиб қўшиққа солган Эргаш Жуманбулбул ўғли Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғида туғилиб, вояга етган. Жўш воҳаси дея тарифланадиган бу жой кейинги йилларда янада обод бўлаётир. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейи янгиланган бинода ўз фаолиятини бошлади. Эргаш шоирнинг уй-музейини кўргани келувчилар сезиларли даражада ошди.
Батафсил
Павловния – биз учун ишончли табиий ҳамкор
🕔17:50, 16.04.2026
✔9
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида миллионлаб кўчатлар экилиб, яшил майдонлар кенгаймоқда.
Батафсил