Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғида ҳар йили куз ва баҳор мавсумида қушлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг соноғи амалга оширилади.
Ноябрь ойи охирларида амалга оширилган соноқ ишларида қушлар дунёсининг 21 тури аниқланди. Уларнинг ичида қашқалдоқлар сони бирмунча кўплиги билан эътиборни жалб қилади. Бугунги кунда миллий табиат боғимизда 788 та қашқалдоқ мавжудлиги аниқланган. Аслида уларнинг адади бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, бироқ биз кузатув камераларига асосланиб ана шундай кўрсаткичда тўхталдик.
Танаси узунлиги 40 см гача келадиган қашқалдоқ – турнасимонлар туркуми сувмошаклар оиласига мансуб қуш саналади. Улар сувда яхши сузади ва шўнғий олади. Европа, Осиё, Шимолий Африка ва Австралияда, Россиянинг ўрта ва жанубий минтақаларида тарқалган қашқалдоқлар бизнинг минтақада кўпроқ Амударё пасттекислигида учрайди. Чунки бу ҳудудлар сув ҳавзаларига бойлиги сабаб уларнинг кўпайиши учун муҳим шароит ва қулай мувозанатга эга масканлардир.
Одатда қашқалдоқлар суви музламайдиган сув ҳавзаларида қишлайди. Ана шундай қулай иқлим Оролбўйи минтақасида мавжудлиги учун ҳам улар куз мавсумида гала-гала бўлиб жанубий Россия ва шимолий Қозоғистон ҳудудларидан Устюртга учиб келишади. Қашқалдоқларнинг айрим оилалари бу ерлардан баҳорда учиб кетмасдан доимий яшаб қолишади ва ўз наслини давом эттиришга киришади.
Маълум бўлишича, она қашқалдоқлар 6 донадан 15 донагача тухум қўяди. Табиатшуносларнинг кузатишича, уларни босиб, жўжа очишда эркак, яъни нар қашқалдоқлар ҳам иштирок қилади. Бу уларда оила ва наслни давом эттиришга бўлган масъулият кучлилигидан дарак берса керак. Полапонлар 21-24 кунда тухумни ёриб ёруғликка чиқади ва икки ҳафта ичида тезда сув ўсимликлари, ҳашаротлар билан озиқланишга киришиб кетади.
Қорақалпоқ халқ достонларида томоғи узун, серҳаракат аёлларга «қашқалдоқ бичим» дея таъриф берилади. Ҳақиқатан ҳам табиатнинг бу ноёб тур қушларининг кўриниши жуда чиройли, ҳаракатлари нафис ва гўзал саналади.
Илгарилари юртимизнинг катта-кичик сув ҳавзаларида қашқалдоқларни кўп учратиш мумкин эди. 25-30 йил аввал ҳам бозорларда қашқалдоқлар сотилаётганига кўзимиз тушиб қоларди. Аслида улар броконьерлар томонидан овлангани қаноти ёки тўшига теккан ўқ изларидан шундоқ билиниб турарди. Тартибсиз равишда овланишлар оқибатида бошқа ноёб қуш турлари қатори қашқалдоқлар ҳам тобора камайиб кетгани ачинарли ҳолат, албатта. Бироқ миллий табиат боғимизда уларнинг сони ҳар йилдагига нисбатан бироз кўпайгани бизда умид уйғотади. Яқин йиллар ичида қашқалдоқлар адади кўпминг бошга кўпайишига ишончимиз ортмоқда.
Бахадир ЕШБАЕВ,
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи
1-даражали инспектори
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔22
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔24
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔22
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил