Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг 2025 йил якунлари ва 2026 йилда амалга оширадиган асосий вазифалари юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига (Green University) «пресс-тур» шаклида ташкил этилган мулоқот ноанъанавий кўринишда, самимий савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Депутатлар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб қайтаришди, ўтган 2025 йилда Экологик партия фракцияси фаолияти қонун ташаббускорлиги, аҳоли билан жонли мулоқотлар ва албатта, сайловчилар дарду ташвишларини тинглаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани эътироф этилди.
Президентимизнинг 2024 йил ноябрь ойида Олий Мажлис палаталарида сўзлаган нутқи ва коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар, парламент ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқиб амалга ошириладиган ишлар, шунингдек, фракция аъзолари ташаббуси билан қабул қилинган халқчил қонунларнинг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев 2025 йилда қонунчилик ташаббуслари, жойлардаги ўрганишлар ҳамда жамоатчилик билан мулоқот йўналишларида олиб борилган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди.
– Фракция томонидан 2025 йилда қонун ижодкорлиги жараёнларини янада такомиллаштириш, сайловчилар билан мулоқотни кучайтириш, жойларда фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб бориш, партиялараро рақобатни ривожлантириш ҳамда ижро органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди, – деди фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев. – Қонун ижодкорлиги йўналишида фракция аъзолари Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган 6 та қонун лойиҳасига ҳамташаббускор бўлди. Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, атроф-муҳит мониторинги самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳалари устида иш олиб борилди.
Парламент назорати йўналишида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қонунлар, қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлаш, оқава сув иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш, чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назорати ўрнатилди.
Таъкидланганидек, фракция аъзолари ҳудудлардаги фаолияти давомида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, маҳаллий Кенгашларда маиший коррупцияга қарши очиқ мулоқотлар ўтказиш ҳамда фуқаролар билан бевосита учрашувлар орқали тушунтириш ишларини олиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, маиший коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалалари бўйича 22 та маҳаллий Кенгаш ҳамда 81 та давлат органлари ва идоралари вакиллари билан амалий мулоқотлар ташкил этилди.
Тадбирда 2026 йилда қонун ижодкорлиги фаолиятини янада жадаллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, ўзига хос янги тизим – «Маҳаллий Кенгаш депутатлари – фракция – партия» ҳамкорлигини кучайтириш борасида режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди. Анжуман иштирокчилари учун Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида олимлар томонидан яратилган илмий ишланмалар ва уларнинг натижалари кўргазмаси, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган янги кўчат навлари, доривор ўсимликлар кўргазмаси ташкил этилди.
Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:
– Фракциямиз фаолиятида парламент ва депутатлик назорати алоҳида ўрин тутади. Ҳисобот даврида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш, оқава сувларни чиқариб юбориш тизимини модернизация қилиш ва янги иншоотлар қуриш, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан таъсирчан назорат тадбирлари амалга оширилди.
Хусусан, 2 маротаба вазир ахборотини эшитиш, 3 маротаба парламент сўровини юбориш тўғрисида таклифлар берилди. Ҳисобот даврида фракция йиғилишларида қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси юзасидан 13 маротаба тегишли мансабдор шахсларнинг ахборотлари эшитилди.
Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, ҳар ойнинг охирги ҳафтасида фракция аъзоларининг ўз сайлов округларидаги ўрганишлари мунтазам равишда ташкил этиб келинди. Аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 35 маротаба депутат сўрови юборилди.
Ойбек РАҲИМОВ, Ўзбекистон
Экологик партияси фракцияси аъзоси:
– Қонунчилик палатаси фаолияти тобора очиқ ва шаффоф бўлиб бормоқда. Янги лойиҳалар кўпаймоқда. Бундай формат, хусусан, бугунги очиқ мулоқот, нафақат оммавий ахборот воситалари вакиллари, балки биз депутатлар учун ҳам жуда фойдали бўлди. Тадбир давомида қонун ижодкорлиги, парламент назорати тадбирлари, сайлов округларида амалга оширилган ишлар, галдаги устувор вазифалар ҳақида батафсил ахборот бериш билан бирга, доимий халқ ичида бўлган журналистлардан бугун жамоатчилик диққат марказида турган бир қатор муҳим масалалар хусусида хабардор бўлдик.
Келгусида фракциямиз фаолияти учун асқатадиган кўплаб таклифларни тингладик. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда халқ билан янада яқинлашиш, партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича ўзимиз учун йўналишларни белгилаб олдик.
Наврўз ЮСУПОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:
– Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш масалалари давлат сиёсати даражасида қатъий давом эттирилиши билдирилди. Бу эса фракциямиз зиммасига катта масъулият ва аниқ вазифалар юклайди.
Шундан келиб чиқиб, «яшил» иқтисодиёт тамойилларини қонунчиликда мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия тежамкор технологиялар, ишлаб чиқаришда экологик стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Мурожаатномада сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳам алоҳида урғу берилди. Шундан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ва саноатда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, сув ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашда фаол бўламиз.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова:
– Ўзбекистон Экологик партиясининг Сайловолди дастурида ҳамда 2025 йилги Давлат дастурида ёмғир сувларини тўплаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Ушбу ташаббус илгари сурилганига бир йилдан ошди. Ёмғир сувларидан фойдаланиш ташаббуси амалиётга татбиқ этилдими? Бу борада қандай чоралар кўрилмоқда?
– Фракциямиз томонидан қонунчиликка кўп қаватли уйларни қуришда ёмғир сувларини тўплаб фойдаланиш имкониятларини яратиш бўйича нормани киритиш таклифи илгари сурилган, – деди Экологик партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев. – Қолаверса, бу анъана аллақачон сув танқис бўлган бир қатор ҳудудларда қўлланиб келинмоқда. Мисол учун, бугунги кунда Деҳқонобод туманидаги бир қатор қишлоқларда ёмғир сувини йиғиш ва ундан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилган.
Маълумотларга кўра, 1 метр квадрат том сатҳидан 186 литр сувни йиғиб олиш мумкин. Ёмғир сувини эса ичишдан бошқа ҳамма мақсадларда ишлатиш имкони бор.
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳам ёмғир сувларини йиғиб, техник мақсадларда ишлатиш имкониятлари мавжуд. Партия томонидан бу борадаги таклиф тегишли идораларга тақдим этилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 29 августда «Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат билан жорий йилдан бошлаб депутатлар ҳар йили ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаётига ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) сайловчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда «Очиқ бюджет» ахборот порталида танлайди ва мазкур танлов лойиҳани республика бюджетидан молиялаштириш учун асос ҳисобланади.
Ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга бир йилда икки мавсумга базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 минг баравари (3 млрд 296 млн сўм) миқдорида маблағ ҳар йилги республика бюджетида назарда тутилади.
«Ўзбекистон 24» телеканали мухбири Инобат МАТЁҚУБОВА шундан келиб чиқиб, Экологик партия депутатлари ташаббусли бюджетда аҳоли томонидан кўтарилаётган қайси масалаларга эътибор қаратиши ҳақида савол берди.
Жавлон АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:
– Сайлов округларидаги фаолият Қонунчилик палатаси депутатлари ишининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Қонунчилик палатаси депутатлари учун сайлов округларидаги муаммоларни Ташаббусли бюджет орқали ҳал этиш тизими йўлга қўйилгани эътиборга молик. Бу механизм депутатларга фақат муаммони кўтариш эмас, балки уни молиявий ресурслар орқали амалий ҳал этиш имконини беради.
Йўналтириладиган маблағлар, аввало, аҳоли учун энг долзарб бўлган масалаларни тезкор ҳал этишга хизмат қилади.
Ташаббусли бюджет механизми орқали маблағ йўналтирилиши депутат фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтиради. Лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасидан ўтади ва ижроси очиқ назорат қилинади. Бу эса фуқаролар ишончини оширади.