«Яшил шаҳар» аҳоли учун қулай ва барқарор муҳит ярата оладими? Куни кеча Ўзбекистон Экологик партияси «Олам» мунозара клубида ушбу савол муҳокама марказида бўлди.
Партия ҳузуридаги олимлар корпуси вакиллари, таниқли экологлар ҳамда шаҳарсозлик мутахассислари Экологик партия таклиф этаётган «Яшил шаҳар» концепцияси доирасида транспорт, инфратузилма ҳамда меъморчиликни экологик барқарорлик ва қулай шаҳар муҳитини таъминлашга йўналтириш бўйича мунозара юритишди.
«Яшил шаҳар» ва «Соғлом шаҳарлар» концепцияларининг аҳамияти, барқарор транспорт тизимини ривожлантириш, экологик инфратузилма яратиш, замонавий ва инсон саломатлигига мос меъморий ечимларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Бугун шаҳарсозлик фақатгина бинолар қуриш эмас, балки инсон қулай ва хавфсиз, атроф-муҳит билан ҳамоҳанг яшаши учун мос экотизимни лойиҳалаш демакдир. ХХ асрнинг «саноат шаҳарлари» модели ўзини оқлаб бўлди. Тошкент, Самарқанд ёки Наманган каби йирик мегаполисларда ҳаво ифлосланишининг меъёрдан бир неча баробар ортиб кетиши – тизимли экологик инқироз белгисидир.
Ўзбекистон Экологик партияси илгари сураётган «Яшил шаҳар» концепциясининг асосида «Биофилик дизайн» ва «Табиатга асосланган ечимлар» ётади. Бу шунчаки дарахт экиш дегани эмас. Бу шаҳарнинг ҳар бир элементи – йўллар, бинолар, канализация тизими ва ҳатто ёритиш чироқлари ҳам табиат билан уйғун ишлашини англатади. Статистик маълумотларга кўра, шаҳардаги яшил майдонларнинг 10 фоизга кўпайиши аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликларини 15 фоизга камайтиради.
Бугунги кунда дунё аҳолисининг ярмидан кўпи шаҳарларда истиқомат қилмоқда. 2050 йилга келиб эса бу кўрсаткич 70 фоизга етиши кутиляпти. Урбанизация жараёни нафақат иқтисодий имкониятларни, балки улкан экологик инқирозларни ҳам олиб келди. Мана шундай шароитда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан илгари сурилаётган «Яшил шаҳар» концепцияси шунчаки шиор эмас, балки миллатнинг соғлом келажаги ва экологик хавфсизлигини таъминловчи ягона йўл сифатида намоён бўлмоқда.
Афсуски, сўнгги йилларда замонавий шаҳарсозликда «зичлик» тушунчаси яшил майдонлар ҳисобига амалга оширилмоқда. Катта шаҳарларимиз мисолида бунга гувоҳ бўлдик. Ҳар бир бўш майдонга кўп қаватли бино қуриш истаги шаҳарнинг «нафас олиши»ни тўхтатиб қўйди.
Илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, яшил қопламасиз қолган ҳудудларда ҳаво айланиши 40 фоизга сустлашади, бу эса заҳарли газларнинг ер юзасида тўпланиб қолишига (инверсия ҳодисаси) олиб келади.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида PM 2,5 заррачаларининг концентрацияси, айниқса, қиш ойларида юқори бўлиб, халқаро меъёрлардан анча юқори. Пойтахтда ифлосланишнинг ўртача йиллик даражаси ЖССТ тавсия этган даражадан (6 мкг/м3) 6 баравар юқори. Бу эса аҳоли саломатлигига ҳам, шаҳар иқтисодиётига ҳам жиддий зарар етказмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳаво ифлосланишининг зарари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,7 фоизини ташкил этиши мумкин.
Ушбу ҳисобот Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида тайёрланган ва у Марказий Осиё мамлакатларида ҳаво сифати бўйича тадқиқотлар сериясининг бир қисми бўлиб, минтақа ҳукуматлари билан мулоқотга кўмаклашиш, шунингдек, ушбу соҳада ҳамкорлик ва билим алмашинувини ривожлантиришга қаратилган.
Урбанизация инқирози: бетонлашув ва ҳаво танқислиги
Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон шаҳарлари мисли кўрилмаган қурилиш майдонига айланди. Аммо «бетонлаштириш» суръати экологик меъёрлардан анча илгарилаб кетди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши йилига 7 миллион инсоннинг бевақт вафотига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон шаҳарларида ҳам ҳаво сифати индекси (AQI) тез-тез хавфли даражага кўтарилиши оддий ҳолга айланиб улгурди.
Биз гувоҳ бўлаётган урбанизация жараёни «бетонлаштириш» ва «асфальтлаштириш» инсон табиатига зид равишда бормоқда. Шаҳарларимиз «иссиқлик ороллари»га айланиб улгурди: бинолар ва асфальт кундузи қуёш иссиғини ютиб, кечаси уни қайтариб чиқариши оқибатида шаҳар ичидаги ҳарорат атрофдаги қишлоқларга нисбатан 5-10 даражага юқори бўлмоқда.
Бу вазиятда Экологик партиянинг «Яшил шаҳар» концепцияси шаҳарни механик қурилма эмас, балки тирик организм сифатида кўришни таклиф этади. Бу тизимда ҳар бир дарахт, ҳар бир сув ҳавзаси ва ҳар бир бино ўзаро боғланган ва бир-бирини тўлдирувчи занжирнинг узвий ҳалқасига айланади.
Табиий экотизим тикланиши: «яшил камар»дан «яшил йўлак»кача
Экологик партия концепциясининг биринчи устувор йўналиши – бу шаҳарларнинг табиий муҳитини тиклаш. Бугунги кунда кўпчилик дарахт экишни шунчаки эстетик завқ деб тушунади. Ҳолбуки, илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тўғри ташкил этилган яшил ҳудудлар шаҳардаги иссиқликни 8 даражагача пасайтириши мумкин.
Партия илгари сураётган «Яшил камар» ташаббуси шаҳар атрофида иқлимга мос, сув кам талаб қиладиган дарахтлардан иборат ҳимоя қатламини яратишни назарда тутади. Аммо бу етарли эмас. Концепциянинг муҳим қисми бўлган «Яшил йўлаклар» (Green Corridors) шаҳар ичидаги паркларни, хиёбонларни ва дарё бўйларини ягона тармоққа бирлаштиради. Бу нафақат ҳавонинг айланишини яхшилайди, балки шаҳар фаунаси учун ҳам қулай шароит яратади. Бу ерда гап фақат сон ҳақида эмас, балки сифат ҳақида кетмоқда: ҳар бир маҳаллада 15 дақиқалик масофада яшил майдон бўлиши шарт.
Ўзбекистон Экологик партияси бунга ечим сифатида «Биофилик урбанизм» моделини таклиф этади. Концепциянинг мағзи шундаки, шаҳар аҳолиси кун давомида камида 20 дақиқа табиат билан бевосита мулоқотда бўладиган шароит яратилиши зарур. Бу нафақат руҳий саломатлик, балки иммунитетни мустаҳкамлашнинг энг арзон ва самарали йўлидир. Партиянинг стратегик мақсади – шаҳарсозлик нормаларига (ШНК) «Яшил майдон индекси»ни мажбурий кўрсаткич сифатида киритишдир.
Транспорт дeкарбонизацияси: «пиёдалар шаҳри» сари қадам
Экопартия транспорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш орқали ҳаво сифатини яхшилаш стратегиясини таклиф этади. Бугунги кунда атмосферага чиқарилаётган зарарли газларнинг 60 фоизидан ортиғи транспорт воситалари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Партия илгари сураётган «15 дақиқалик шаҳар» моделида асосий эътибор пиёдалар ва микро-мобилликка қаратилади. Бунда шаҳар марказларида «Паст эмиссияли ҳудудлар» (Low Emission Zones) ташкил этиш ва шахсий автомобиллардан кўра жамоат транспортининг жозибадорлигини ошириш кўзда тутилган. 2030 йилгача жамоат транспортини 100 фоиз электр ва газ ёнилғисига ўтказиш – бизнинг Экопартия қатъий талабидир.
Автомобиллар сонининг геометрик прогрессияда ўсиши шаҳарларни бўғиб қўймоқда. Экологик партия транспорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш орқали ҳаво ифлосланишини 40-50 фоизга камайтиришни таклиф этмоқда. Концепциянинг асосий мақсади – транспорт иерархиясини ўзгартириш. Бунда энг юқори ўринда пиёда, кейин велосипедчи ва жамоат транспорти, энг қуйида эса шахсий автомобиль туради.
Экологик тоза транспорт – электр энергиясида ҳаракатланадиган уловга ўтиш шунчаки ҳавас ёки ҳашамат эмас, балки ҳаётий эҳтиёждир. Экологик партия жамоат транспорти паркини 2030 йилгача тўлиқ электрлаштиришни стратегик вазифа сифатида қўймоқда. Шу билан бирга, «ақлли светофорлар» ва тирбандликни бошқариш тизимлари ёнилғи исрофини ва заҳарли газ чиқиндиларини минималлаштиришга хизмат қилади.
Автомобилларга қарамлик замонавий шаҳарнинг энг катта иллатидир. Шаҳар ҳудудининг 30-40 фоизи йўллар ва турар жойлар учун ажратилган, ваҳоланки бу майдонлар яшил боғлар бўлиши мумкин эди. Бизнинг партия транспорт тизимини «Транспорт пирамидаси» асосида қайта қуришни таклиф қилади. Бу ўзига хос пирамиданинг энг юқори поғонасида – пиёдалар. Кейинги ўринда – велосипед ва микро-мобиллик воситалари. Сўнгра – сифатли ва экологик тоза жамоат транспорти. Шахсий автомобиллар эса пирамиданинг энг қуйи қисмидан жой олиши керак. Бунинг учун партия қуйидагиларни илгари суради:
Жамоат транспортини тўлиқ экологик тоза энергияда ҳаракатланишга ўтказиш. 2030 йилгача шаҳарларда дизель ёнилғисида ишловчи автобуслардан воз кечиш.
Велосипед магистраллари яратиш. Шаҳарнинг чекка туманларини марказ билан боғловчи узлуксиз ва хавфсиз велосипед йўлаклари бўлиши зарур.
«Ақлли парковка». Шаҳар марказларида шахсий автомобиллар тўхтаб туришини чеклаш ва тўлов тизимини экологик мезонлар асосида тартибга солиш.
Ўзбекистон Экологик партиясининг стратегик мақсади – 2030 йилгача республиканинг барча вилоят марказларида жамоат транспорти паркини 100 фоиз электробусларга ўтказиш. Бу нафақат заҳарли газ чиқиндиларини камайтиради, балки шаҳардаги шовқин ифлосланишини ҳам минималлаштиради.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, битта электробус йилига ўртача 60-80 тонна карбонат ангидрид (CO2) чиқиндисини камайтириш имконини беради. Партия жамоат транспорти учун алоҳида «Яшил йўлаклар» (Bus Rapid Transit — BRT) ташкил этишни фаол қўллаб-қувватлайди. Бу тизим аҳолининг шахсий автомобилдан воз кечиб, тезкор ва экологик тоза жамоат транспортига ўтишига иқтисодий рағбат бўлади.
«Ақлли» ва энергия тежовчи бинолар
«Яшил шаҳар» меъморчилиги – бу энергиянинг 80 фоизини бинонинг ўзи ишлаб чиқариши ёки минимал даражада истеъмол қилиши демакдир. Экопартия томонидан таклиф этилаётган меъёрий ҳужжатларда янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг том қисмида қуёш панеллари ўрнатилиши, иссиқ ва совуқ изоляциясига асосланган термо деворлар асосида қурилиши мажбурий этиб белгиланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, «ёмғир сувини йиғиш» тизимларини жорий этиш орқали ичимлик сувни тежаш ва шаҳар яшил майдонларини суғоришда муқобил манбалардан фойдаланиш концепциянинг ажралмас қисмидир. Бу иқлим ўзгариши натижасида сув танқислиги кутилаётган минтақамиз учун ўта муҳимдир.
Ўзбекистон иқлими муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш учун улкан имкониятдир. Бироқ, биз ҳали ҳам биноларни иситиш ва совутиш учун ҳаддан ташқари кўп табиий газ ва электр сарфламоқдамиз. Биз илгари сураётган «Яшил шаҳар» концепцияси эса биноларни «Энергиянинг фаол ишлаб чиқарувчиси»га айлантиришни кўзда тутади.
Иқлим ўзгариши Ўзбекистонда сув танқислигини кескинлаштирмоқда. Шаҳарларимизда эса ёмғир суви асфальт юзида тўпланиб, канализацияни тўлдиради ва исроф бўлади. Экологик партия Хитой ва Германия тажрибаси асосида «Шимувчи шаҳар» (Sponge City) концепциясини таклиф этади.
Бу тизимда шаҳардаги йўлаклар ва майдонлар сув ўтказувчи махсус қопламалар билан қопланади. Ёмғир суви ер остидаги махсус резервуарларга йиғилади, фильтрланади ва иссиқ кунларда яшил ҳудудларни суғориш учун ишлатилади. Шу билан бирга, шаҳар ичидаги табиий сув ҳавзалари ва каналларнинг қирғоқларини «бетон занжир»дан бўшатиб, уларни табиий экотизим ҳолига қайтариш лозим. Бу нафақат ҳавони намлантиради, балки шаҳарнинг биохилма-хиллигини ҳам тиклайди.
Янги талабларга кўра, ҳар бир кўп қаватли уйнинг том қисмида қуёш фотоэлектр станциялари ва сув иситиш коллекторлари бўлиши лозим. Шунингдек, партия «Яшил ипотека» механизмини ишлаб чиқмоқда. Унга кўра, агар бино энергия тежамкорликнинг «А+» синфига эга бўлса, у ердан уй сотиб олувчи фуқаролар учун кредит фоизлари давлат ва яшил жамғармалар ҳисобидан субсидияланади. Бу қурувчиларни сифатли ва экологик материаллардан фойдаланишга ундайдиган энг катта иқтисодий рағбатдир.
Қолаверса, мактаблар, шифохоналар ва давлат идоралари «Яшил стандарт» бўйича реконструкция қилиниши керак. Бу ерда гап нафақат энергия, балки сув тежамкорлиги ҳақида ҳам кетмоқда. Ақлли ёритиш тизимлари ва ҳаракат датчикларини жорий этиш орқали электр исрофини 25 фоизга камайтириш мумкинлиги илмий исботланган.
Чиқиндини фойдали рeсурсга айлантириш
Экологик партия чиқинди масаласида «Полигонсиз шаҳар» стратегиясини илгари суради. Бугунги кунда чиқиндиларнинг фақат кичик бир қисми қайта ишланади, қолгани эса ер ости сувларини ифлослантириб, полигонларда ётибди.
Концепцияга кўра, чиқиндиларни саралаш ҳар бир хонадон учун мажбурий этиб белгиланиши, аммо бу жараён рағбатлантирилиши керак. Масалан, сараланган чиқинди топширган аҳоли учун коммунал тўловлардан чегирмалар бериш тизимини жорий этиш мумкин. «Яшил шаҳар»да ҳар бир маҳаллада чиқиндиларни қабул қилиш ва бирламчи қайта ишлаш пунктлари ташкил этилади. Органик чиқиндилардан эса шаҳар боғлари учун ўғит (компост) ишлаб чиқарилади.
Шаҳарлар чиқинди ишлаб чиқарувчи улкан фабрикаларга айланиб қолган. Экологик партиянинг «Яшил шаҳар» моделида чиқинди – бу кераксиз бўлган ортиқча унсур эмас, балки ресурс. Концепция чиқиндиларни саралаш тизимини маҳалла даражасидан бошлаб ташкил этишни ва қайта ишлаш корхоналарига солиқ имтиёзлари беришни назарда тутади. «Zero Waste» (Чиқиндисиз ҳаёт) тамойили асосида ҳар бир туманда чиқиндиларни қайта ишлаш кластерларини яратиш таклиф этилмоқда.
Партиянинг стратегик мақсади – 2035 йилгача шаҳарлардан чиқаётган чиқиндиларнинг камида 60-70 фоизини тўғридан-тўғри қайта ишлашга йўналтириш ва полигонларга юборилаётган ҳажмни минималлаштиришдир.
Шунингдек, юртимизда маиший чиқиндиларнинг 40-50 фоизини органик (озиқ-овқат) қолдиқлар ташкил этади. Полигонда бу қолдиқлар заҳарли суюқлик ва газ чиқаради. Партиямиз ҳар бир туманда кичик компостлаш марказларини очишни таклиф қилади. Олинган сифатли ўғит (компост) шаҳарнинг яшил ҳудудларини озиқлантириш учун ишлатилади. Бу «табиатдан олинганни табиатга қайтариш» тамойилининг амалий ифодасидир.
Замонавий шаҳарда электроника чиқиндилари (эски телефонлар, батареялар, маиший техника) кескин кўпаймоқда. Уларнинг таркибидаги оғир металлар (симоб, қўрғошин, кадмий) инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланади. Партиямиз эса ҳар бир йирик савдо маркази ва маҳаллада махсус «E-waste» қабул қилиш пунктларини ташкил этиш ва уларни утилизация қилиш бўйича давлат дастурини ишлаб чиқишни таклиф этмоқда.
Бошқарув ва экологик KPI
Экологик партиянинг энг катта янгиликларидан бири бу маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини баҳолашда «Экологик KPI» тизимини жорий этишдир. Эндиликда ҳокимлар фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки ҳудуддаги дарахтларнинг сақланиши, ҳаво тозалиги ва чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси билан ҳам ҳисоб бериши керак.
Партия илгари сураётган «Экологик рақамлаштириш» тизими орқали ҳар бир фуқаро ўз яшаш ҳудудидаги ҳаво сифатини онлайн мониторинг қилиши ва дарахтларни кесиш каби қонунбузарликлар ҳақида тезкор хабар бериш имкониятига эга бўлади. Бу экологик демократиянинг олий кўринишидир.
«Яшил шаҳар» концепциясини фақат қонунлар билан амалга ошириб бўлмайди. Бунинг учун кучли жамоатчилик назорати ҳам керак. Экопартия ҳар бир шаҳар учун «Экологик паспорт» ва онлайн мониторинг тизимини жорий этишни таклиф қилмоқда. Бунда:
– ҳар бир дарахт рақамлаштирилади ва унинг ҳолати учун масъул шахс белгиланади;
– шаҳарнинг ҳар бир нуқтасида ҳаво сифатини ўлчовчи датчиклар ўрнатилиб, маълумотлар очиқ эълон қилинади;
– «Яшил бюджет» тизими орқали аҳоли ўз маҳалласидаги экологик лойиҳаларга маблағ йўналтиришда бевосита иштирок этади.
Кeлажак сизнинг қарорингизга боғлиқ
Ўзбекистон Экологик партиясининг «Яшил шаҳар» стратегик концепцияси – бу шунчаки орзулар мажмуаси эмас. Бу иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ҳаво ифлосланиши каби глобал таҳдидларга бериладиган илмий асосланган, тизимли ва қатъий жавобдир.
Биз танлаётган йўл шаҳарларимизни бетон ва тутун гирдобидан қутқариб, уларни соғлом ҳаёт нафаси уфуриб турадиган, яшаш учун қулай ва фаровон маконга айлантиришни кўзда тутади. Фарзандларимиз тоза ҳаводан нафас олиши, яшил боғларда вояга етиши ва иқлим хавфидан холи бўлиши – энг олий мақсадимиздир.
Яшил шаҳар бу фақат чиройли манзара эмас, бу камроқ касалланадиган болалар, тоза ҳаводан нафас оладиган кексалар ва барқарор иқтисодиёт демакдир. Ўзбекистон Экологик партиясининг ушбу концепцияси мамлакатимизни XXI асрнинг экологик таҳдидларидан ҳимоя қилишга қаратилган яхлит стратегиядир. Биз бугун танлайдиган йўл эртага фарзандларимиз қандай шаҳарларда яшашини белгилаб беради. Унутмайлик, келажагимиз тақдири бизнинг бугунги қарорларимизга боғлиқ.