Экологик барқарорлик оила остонасидан бошланади
«Eco_qulay» лойиҳаси асосчиси Севара Ғаниева билан суҳбат
БатафсилҲар бир сунъий муз иншооти қиш мавсумида ўртача 450 куб метр ҳажмда муз йиғиш қувватига эга бўлиб, баҳор-ёз ойларида тахминан 250 куб метр фойдали сув ҳосил бўлишини таъминлайди. Ушбу сув эрта баҳорги суғориш, боғ ва томорқа ерлари ҳамда айрим хўжалик эҳтиёжлари учун мўлжалланган.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Сарчашма маҳалласида 4 та сунъий музлик (Ice stupa) барпо этилди. Ушбу технология совуқ мавсумда мавжуд сув манбаларидан фойдаланиб, сувни муз шаклида сақлаш, баҳор ва ёз ойларида эса уни аста-секин эритиб, суғориш ва хўжалик эҳтиёжларига йўналтириш имконини беради.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров, шунингдек, Қашқадарё вилояти ва Шаҳрисабз тумани ҳокимликлари вакиллари мазкур тажриба доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
«Иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва уларни самарали бошқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Қашқадарё вилоятида жорий этилаётган сунъий музликлар тажрибаси тоғолди ҳудудларда сув танқислигини камайтиришга қаратилган инновацион ва истиқболли ёндашув бўлиб, келгусида ушбу амалиётни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш имкониятини яратади», – деди Обиджон Қудратов.
Иштирокчиларга «Ice stupa» технологиясининг ишлаш тамойиллари, сувни йиғиш ва мавсумдан ташқари даврда фойдаланиш механизмлари, шунингдек, ушбу ёндашувнинг сув танқислиги шароитида амалий қўлланилиши юзасидан батафсил маълумот берилди.
Мазкур фаолият Экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ҳамда Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
«Сунъий музликлар технологияси сув ресурслари чекланган шароитда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича амалий ва самарали ечимлардан биридир. Ушбу ёндашув сувни мавсумий асосда бошқариш имконини бериб, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маҳаллий аҳолининг барқарор тирикчилик манбаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади», – деди Шерзод Умаров.
Сунъий музликларни барпо этишдан аввал жой танлаш масаласи батафсил ўрганилди. Ҳудуднинг совуқ иқлим шароити, қиш ойларида ҳаво ҳароратининг барқарор паст бўлиши, сув манбаларига яқинлик, аҳоли ва деҳқон хўжаликларининг реал сув эҳтиёжи, шунингдек, ер майдонининг ҳуқуқий ҳолати ва мавжуд инфратузилмага зарар етказмаслик омиллари инобатга олинди.
Қурилиш жараёнида энг қулай микроиқлимга эга ҳудудни аниқлаш, сувни табиий босим асосида юқорига чиқариш, қувурларни тўғри жойлаштириш ҳамда техник хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ масалалар босқичма-босқич ҳал этилди. Ушбу жараёнга соҳа мутахассислари ва маҳаллий ҳамкорлар жалб қилинди.
«Ice stupa» технологияси энергия талаб қилмайди, экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, маҳаллий шароитга мослашувчан ҳисобланади. Тажриба ҳозирча кичик миқёсда амалга оширилаётган бўлса-да, унинг сув танқислиги шароитида мавжуд табиий ресурслардан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан амалий аҳамияти юқори.
Келгусида ушбу тажрибани Ўзбекистоннинг бошқа тоғолди ва сув танқис ҳудудларида ҳам жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Ушбу ёндашув иқлим ўзгаришига мослашиш, сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигида барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Экология қўмитаси матбуот хизмати
«Eco_qulay» лойиҳаси асосчиси Севара Ғаниева билан суҳбат
БатафсилМамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва тозалигини таъминлаш, мусаффо иқлимга алоҳида эътибор қаратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
БатафсилТабиатнинг энг сирли ва бетакрор мўъжизаларидан бири бўлган қор қоплони нафақат юртимиз, балки бутун дунё миқёсида йўқолиб кетиш хавфи остидаги ноёб жонзотдир.
Батафсил