Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, 2026 йил 26 – 28 февраль кунлари Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар ҳам сайлов округларида сайловчилари билан навбатдаги учрашувларини ўтказди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудлари бўйлаб Экофракциянинг 13 нафар аъзоси аҳоли билан мулоқот қилишди.
Депутатлар учрашувлари аввало Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, хусусан 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш, 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси лойиҳаси ҳамда Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили доирасидаги ислоҳотлар мазмунини сайловчиларга етказишга қаратилди.
Фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ўрганишлар олиб борди. Сирдарё туманидаги «Islomobod» маҳалласида маҳалла еттилиги билан учрашди. Очиқ мулоқотда ҳудуддаги долзарб экологик муаммолар муҳокама қилинди. Сайхунобод туманида камбағалликни қисқартириш ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари ўрганилди.
Сайхунобод туманидаги «Паймард» МФЙда маҳалла еттилиги, ҳоким ёрдамчиси ҳамда фаол фуқаролар иштирокида очиқ ва таҳлилий руҳда учрашув ўтказилди.
Депутатлар Хайрулло Гаппоров ва Гулчеҳра Тажибаева сайлов округида биргаликда фаолият олиб боришлари давомида Наманган вилоятидаги олий таълим муассасалари, маҳаллалар ва тадбиркорлик субъектларида учрашувлар ўтказилиб,
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси, ёшлар бандлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ маданиятини юксалтириш ва маҳаллани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.
Шунингдек, ташаббусли бюджет жараёнлари ва маҳаллада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Депутат Сапаргул Утемуратова Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва Амударё туманидаги маҳаллаларда аҳоли билан учрашувлар ўтказди. Унда жамоат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари юзасидан кенг тушунтиришлар берилди. Таълим муассасалари ва тиббиёт муассасаларида ўрганишлар амалга оширилди.
Депутат Наврўзбек Юсупов томонидан Избоскан ва Пахтаобод туманларида қатор учрашувлар ташкил этилди.
Президентимиз раислигида ўтказилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида депутат Жавлон Абдуллаев томонидан Фарғона вилояти Қува туманида фермер ва деҳқонлар, томорқа эгалари, тадбиркорлар ҳамда экспортёрлар билан қатор учрашувлар ўтказилди. Хусусан, «Толмозор» ва «Янги чек» маҳаллаларида мева ва манзарали кўчатлар етиштириш, уларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш жараёнлари ўрганилди.
Маҳсулотларни Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларига экспорт қилиш имкониятлари таҳлил қилиниб, экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва ташқи бозорларга чиқиш механизмларини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, «Қува томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази» МЧЖ фаолияти ўрганилиб, интенсив боғдорчилик, кўчатчилик ва экспорт йўналишларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу йўналишда фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ва фракция аъзоси Дилдора Камалова Сирдарё вилоятида «Sulton» фермер хўжалиги, жумладан, Сайхунобод туманида донни қайта ишлаш ва ун ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Beshafar group» МЧЖ фаолияти билан танишди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган муаммолар тингланди. Жиззах вилоятидаги фермер хўжаликларида саримсоқ етиштириш, «Suvonobod» маҳалласида қўзиқоринчилик фаолияти, шунингдек, томорқачилик ва иссиқхоначилик билан шуғулланаётган тадбиркорлар фаолияти ўрганилди.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, шунингдек Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш ва бу борада депутат назоратини таъминлаш мақсадида жойларда қатор ўрганишлар амалга оширилди.
Хусусан, депутат Моҳира Ходжаева томонидан Янгийўл туманидаги 1-сонли поликлиникада ўрганиш ишлари олиб борилиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, беморлар учун яратилган шароитлар, шунингдек рақамли тиббиёт тизими — «DMED» платформаси асосида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шу билан бирга, фракция аъзолари Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти етказиш, маҳаллий Кенгашларга бориб, маиший коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича 11 маротаба мулоқотлар ўтказди ҳамда фуқаролар билан учрашиб, тушунтириш ишлари олиб бордилар.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида депутат Ойбек Раҳимов томонидан Бухоро вилояти Олот туманида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари иштирокида «Коррупция — жамият учун иллат» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Мулоқот давомида коррупциянинг иқтисодий ва ижтимоий хавф-хатарлари, унинг олдини олишда қонунчилик механизмлари, шунингдек соҳаларни рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш чоралари атрофлича тушунтирилди.
Депутат Ноиба Иноятова томонидан Ғузор туман Кенгаши котибиятида маҳаллий депутатлар билан учрашув ташкил этилди. Мулоқот давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинаётган янги қонунлар, маиший коррупциянинг олдини олиш механизмлари ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Депутат Ойбек Отамуратов томонидан эса Хоразм вилояти Янгибозор тумани «Дўстлик» маҳалласида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ижроси ўрганилди. Профилактика тизимида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, маҳалла еттилигининг уйғун ва мувофиқлаштирилган фаолиятини кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олишда манзилли ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Сайлов округларидаги фаолият давомида депутатлар томонидан Қонунчилик палатасида кўрилаётган қонун лойиҳалари бўйича сиёсий партиялар ва уларнинг қуйи тузилмаларидан таклифлар олиш, шунингдек, ҳудудларда сиёсий партиялар билан биргаликда қонун лойиҳалари юзасидан жойларда муҳокамалар ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди.
Депутатлар томонидан сайлов округидаги жами 46 та маҳалла фуқаролар йиғини, шунингдек 44 та хонадонда аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказилди. 46 та ижтимоий соҳа объекти ва 31 та тадбиркорлик субъекти ва 18 та бошқа ташкилот ҳамда муассасалар фаолияти билан яқиндан танишилди. Халқ вакиллари томонидан сайлов округларида 185 та учрашув ўтказилди. Уларда 3 980 нафар фуқаро, шу жумладан 90 нафар тадбиркор билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди.
Шунингдек, ҳудудларда жами 40 та фуқаролар қабул қилиниб, уларда сайловчилар томонидан жами 40 та, хусусан, экология ва атроф-муҳит (13 ёки 37,5 %), аҳоли бандлиги (5 ёки 12,5 %), транспорт ва йўл қурилиши (3 ёки 7,5 %), соғлиқни сақлаш (3 ёки 7,5 %) ва бошқа соҳаларга оид 16 та масала кўтарилди.
Депутатлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли томонидан кўтарилган 7 та масала жойида ҳал этилди.
Туман ва шаҳар даражасидаги 26 та (65 % фоиз) ҳамда вилоят даражасидаги 5 та (12,5 % фоиз) масала депутатлар томонидан маҳаллий ва ижро ҳокимияти билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.
Республика даражасида аниқланган 2 та масалани фракция аъзолари томонидан парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал этиш белгилаб олинди.
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий кенгаши Матбуот хизмати