Жорий йилнинг биринчи чораги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси учун муҳим давр бўлиб, мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларини тезлаштириш фракция фаолиятида, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотида энг устувор масалага айланди.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари
«Халқни эшитиш – қонун ижодкорлиги – халққа етказиш» тамойили асосида ҳар бир янги қонун экологик талаблар нуқтаи назаридан фракция муҳокамасидан ўтказилиб, унда халқчиллик сифати акс эттирилмоқда. Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида олиб борилаётган ўрганишлар давомида экологик вазият, аҳолини қийнаётган нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки экологик муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
Сайловчилар кўтарган ҳар бир масаланинг ечими бўйича фракция аъзоларининг шахсий жавобгарлиги белгиланган.
Сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликнинг олдини олиш масалаларига мамлакатимизда жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси, яқинда старт берилган 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси каби стратегик дастурларнинг жойлардаги ижросида сайловчилар билан бирга фаол иштирок этишга барча депутатларимиз бел боғлаган.
Яқинда Президентимиз «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Тошкент шаҳрининг «мусаффо ўпкаси»га айланиши кутилаётган Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берар экан, бу ишларда депутатлар фаоллигини оширадиган кучли мотивацияни эълон қилди. Яъни, эндиликда ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштироки янада кенгаяди. Илгари «Менинг боғим» дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмга оширилади. Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин ва энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади. Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд ва яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.
Бу, айниқса, бизнинг фракция ва депутатларимиз учун катта имконият ва масъулиятдир. Чунки белгиланган ушбу вазифаларни қанчалик самарали амалга оширишимиз, мамлакатимизнинг келажагига, қолаверса, партиямиз ва фракциямиз олдига қўйган мақсадларнинг рўёбга чиқишига дахлдор ҳисобланади.
Фракциямиз аъзоларини халққа яқинлаштираётган, ҳудудлардаги кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимида катта рағбат бўлган муҳим жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий йилда илк бор «Ташаббусли бюджет»да иштирок этиши бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 29 августдаги «Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида март ойининг сўнгги ҳафтасида Экологик партиядан сайланган Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида маҳаллама-маҳалла ўрганишлар олиб боришди. Халқ вакиллари ҳудудларда ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ғолиб бўлмаган, аммо аҳоли учун долзарб ҳисобланган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг долзарблиги, аҳоли учун қай даражада аҳамиятли эканини обдан ўрганишди.
Қайси лойиҳа ижтимоий аҳамияти жиҳатдан энг долзарб, ҳудуд равнақи учун жуда муҳим бўлса, ўшанга эътибор қаратишди.
Шу мезонлар асосида фракциямиз аъзолари энг долзарб 16 та лойиҳани танлаб олишди. Қайд этиш лозимки, лойиҳани танлашда депутатлар аҳоли билан маслаҳатлашди. Натижада Экологик партиядан сайланган депутатлар 25 млрд 600 млн сўмдан ортиқ маблағни ҳудудларда сайловчилар манфаатларига хизмат қилувчи лойиҳаларга йўналтиришди.
Мисол учун, маҳалла ички ва ташқи йўлларини асфальтлаш бўйича 5 та, ижтимоий соҳага оид 3 та, битта мактаб ва иккита мактабгача таълим ташкилотларини қамраб олган лойиҳалар саралаб олинди. Шунингдек, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, кутубхона қуриш, «Ёшлар медиа маркази» фаолиятини йўлга қўйиш, марказий стадионга сунъий қопламали замонавий газон ётқизишга оид 6 та соҳавий лойиҳалар ҳам депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Фракциямизнинг жорий йил бошидан буён қонун ижодкорлиги, аҳоли билан мулоқот қилиши, депутатлик назорати бўйича амалга ошираётган ишлари эътиборга молик. Хусусан, ўтган даврда фракциямиз аъзолари Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган битта қонун лойиҳасига ҳамташаббускор бўлди. Шу билан бирга, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, атроф-муҳит мониторинги самарадорлигини оширишга қаратилган 5 та яхлит қонун лойиҳалари устида иш олиб борилди. Шунингдек, Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган 6 та қонун лойиҳасига фракциямиз аъзолари масъул бўлди.
Қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш мақсадида фракция ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган ҳамда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини партия қуйи бўғинларида кенг муҳокама қилиш, таништириш, қонун лойиҳасига асосли, аниқ хулоса ва таклифларни олиш йўлга қўйилди. Ҳар ойнинг сўнгги ҳафтасида сайлов округларида ўтказилаётган учрашувлар эса Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказишда муҳим ўрин тутмоқда.
Фракция томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида 4 та тадбир ўтказилди. Улардан биттаси давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш юзасидан бўлса, учтаси қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларга мувофиқ фракция йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилган масалалар хусусида бўлди.
Бундан ташқари, фракция аъзолари томонидан Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, уларда жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қонун лойиҳаларининг ижро этилиш ҳолати, жойлардаги мавжуд тизимли муаммолар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги атрофлича ўрганиб борилди.
Юқорида қайд этганимиздек, ҳар ойнинг охирги ҳафтасида фракция аъзоларининг ўз сайлов округларида ўрганишлар олиб бориши ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахсларига депутат сўрови юбориш амалиёти жамоатчилик назорати институтининг яққол кўринишига айланди.
Фракциямиз депутатлари ўз сайлов округларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказиш, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни тарғиб қилиш ҳамда жойлардаги долзарб масалаларни ўрганиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Жумладан, йил бошидан буён ўтказилган ўрганишлар давомида 169 та маҳалла фуқаролар йиғини, 103 та хонадонга бориб, 522 та учрашув ўтказилди. Уларда 10 160 нафар фуқаро, шу жумладан, 260 нафар тадбиркор билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. 171 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилди.
Учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 124 та масала кўтарилди ва уларнинг аксарияти ҳал этилди.
Фракциямиз бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, муҳим тармоқ ва соҳаларда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқишга бағишланган қатор тадбирлар ўтказмоқда. Бундан ташқари, фракцияда ёшлар билан очиқ мулоқот, экологик акциялар, кенгайтирилган сайёр йиғилиш ўтказиш ҳам мунтазамлик касб этган.
Ўтган вақт давомида фракциянинг партия билан ўзаро алоқалари мутлақо янгича кўринишда йўлга қўйилди. Хусусан, жойлардаги муаммо ва камчиликларни ҳал этишда натижадорликка эришиш, шу жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ушбу йўналишда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ишлар асосий ўринга кўтарилди.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда парламентимиз фаолиятида тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларнинг улушини ошириш ҳамда қонунларда муносабатларни тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Партиямиз ва фракциямиз ҳам бу борада муҳим вазифаларни ўз олдига мақсад қилган ҳолда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунларда ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини аниқ белгилашга қаратилган қонун лойиҳалари устида фаол иш олиб боряпти. Жумладан, чиқиндиларни бошқариш тизимини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, уларни қайта ишлаш ва экологик хавфни камайтириш мақсадида «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири, атроф-муҳит ҳолатини тизимли кузатиш ва баҳолаш механизмларини такомиллаштириш мақсадида эса «Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Фракциямиз келгусида ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлиб, қонунлар, Президент қарор ва фармонлари ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга оширишни мақсад қилган. Бу борада ижро ҳокимияти органлари билан самарали ҳамкорликни изчил давом эттиради. Пировардида, буларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиёти ва эртанги куни учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.