Электр таъминоти сифати, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш тизими ва соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда сайловчилар билан ўтказган бу галги очиқ мулоқотлари ҳам ишонч ва самимийлик руҳида, одамлар дардини эшитиш, муаммосини жойида ҳал этиш ёки ечим учун амалий ҳаракат қилишдан бошланди. Депутатлар бу сафар ҳам расмий йиғилишлар ёки идоралардаги қабуллар билан чекланиб қолгани йўқ. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий объектларда бўлиб, юртдошларимиз билан юзма-юз мулоқот қилди.
Мулоқотлар давомида одамларни қийнаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда экологик муаммолар чуқур ўрганилди, аҳолининг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Энг муҳими, кўтарилган ҳар бир масала юзасидан масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида амалий чоралар белгилаб олинди.
Маҳаллалардаги ўрганишлар давомида, айниқса томорқалардан самарали фойдаланиш орқали оилавий даромадни ошириш, кўкаламзорлаштириш, янги яшил ҳудудлар барпо этиш, чиқиндиларни замонавий ёндашувлар асосида бошқариш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, экологик маданиятни юксалтириш асосий мавзу бўлди. Сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар нафақат ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш, балки қонунчиликни янада такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Экологик фракция аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрулло Гаппоров бошчилигида Наманган шаҳрида электр тармоқларини модернизация қилиш ишлари ўрганилди. Электр таъминоти сифати, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш тизими ва соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Янгиобод маҳалласида 1 100 метр масофадаги электр узатиш тармоқлари янгилангани ҳудуд аҳолисини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш йўлидаги муҳим амалий натижа сифатида баҳоланди.
Фракция аъзоси Жавлонбек Абдуллаевнинг Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги ўрганишлари ҳам аҳоли билан бевосита мулоқот руҳида кечди. Маҳаллаларда электр таъминотини яхшилаш, эскирган электр устунларини алмаштириш, ёшлар учун спорт майдонлари ва дам олиш масканларини ташкил этиш, маҳалла ободонлигини янада яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди. Бу масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан биргаликда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, фермер хўжаликлари фаолияти билан танишиш жараёнида аҳоли бандлигини таъминлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш борасидаги илғор тажрибалар ўрганилди.
Қашқадарё вилоятида депутат Ноиба Иноятова маиший чиқинди полигонлари фаолиятини ўрганиб, мазкур йўналишдаги экологик ҳолатни атрофлича таҳлил қилди. Ўрганишлар давомида чиқиндиларни сақлаш ва жойлаштиришда санитария талаблари ҳамда экологик хавфсизликка доир қатор камчиликлар аниқланди. Муаммоларнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсири муҳокама қилиниб, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Раҳимов Бухоро вилоятининг Жондор туманида аҳоли томонидан кўтарилган сув таъминоти муаммосини жойига чиққан ҳолда ўрганди. Сув насосининг техник ҳолати таҳлил қилиниб, унинг асосий агрегатлари анча эскиргани ҳамда капитал таъмирлаш зарурлиги аниқланди. Шу билан бирга, электр таъминоти ва ташкилий масалалар ҳам муҳокама қилиниб, муаммони бартараф этиш бўйича масъул ташкилотлар иштирокида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Экологик партиядан Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Ходжаева ҳамда партиядан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари Чирчиқ шаҳрида ижтимоий аҳволи оғир оиланинг мурожаатини жойида кўриб чиқди. Ўрганиш жараёнида хонадондаги яшаш шароити ҳақиқатдан ҳам оғир экани аниқланди. Натижада айвон қисми учун янги ромлар тайёрлаш ва уларни ўрнатиш ишлари шу куннинг ўзидаёқ бошланди. Бу ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини унутмасдан, унга манзилли ва амалий ёндашиш партия депутатлари фаолиятининг муҳим мезони эканини яна бир бор кўрсатади.
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида депутат Ольга Иванова бошчилигида маҳалла «еттилиги» фаолияти, аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя тизими, давлат дастурлари ижроси ҳамда маҳалладаги ижтимоий муҳит атрофлича ўрганилди. Маҳалла фаолиятининг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда, қўшимча ечим талаб қиладиган масалалар ҳам аниқланди. Улар юзасидан амалий тавсиялар берилди, маҳаллий даражада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар эса депутатлик назоратига олинди.
Ҳудудларда ўтказилган мазкур учрашувлар ва манзилли ўрганишлар халқ билан очиқ мулоқот муаммони аниқлашнинггина эмас, балки уни ўз вақтида ҳал этишнинг ҳам энг самарали йўли эканини яна бир бор кўрсатди. Шу боис кўплаб мурожаатлар бўйича амалий натижаларга эришилди, айрим масалалар жойида ҳал этилди, бошқалари эса масъул ташкилотлар иштирокида ижроси таъминланадиган аниқ режалар асосида назоратга олинди.
Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари учун халқ билан доимий мулоқот қилиш, сайловчиларнинг фикр ва ташаббусларини тинглаш, уларни қийнаётган муаммоларни қонунчилик ва амалий ишлар орқали ҳал этиш устувор вазифа бўлиб келмоқда. Зеро, халқ ишончини қозонишга фақат минбарлардан эмас, балки одамлар орасида юриб, уларнинг дардига қулоқ тутиш, ташвишини ўз ташвиши деб билиш ва ҳар бир мурожаат ортида турган инсон манфаатини ҳимоя қилиш билан эришилади.
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
ЎЭП Марказий Кенгаши бош мутахассиси
Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги
🕔11:42, 20.08.2026
✔60
Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.
Батафсил
Унутилган экологик «мерос»: Пестицид омборлари ва «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади
🕔11:39, 20.08.2026
✔58
1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисослаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.
Батафсил
Экологик Меъёрларга риоя қилган тадбиркор барқарор ривожланади
🕔14:32, 14.08.2026
✔107
Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – қонуний ва масъулиятли тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш билан бир қаторда, атроф-муҳитни ишончли муҳофаза қилишдан иборат.
Батафсил