Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Яқинда Андижон давлат ўрмон хўжалигида дарахт кўчатларини етиштириш соҳасида эришилган илғор тажрибалар, натижалар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган амалий семинарда шу ҳақда сўз борди. Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги директори Эркин Муҳитдинов, агентликнинг масъул ходимлари, тизим ташкилотлари ва ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчилар жорий йил апрель ойида Балиқчи ўрмон бўлими ҳудудида ишга туширилган янги замонавий питомник фаолияти билан яқиндан танишдилар.
– Бугунги асосий мақсад ва вазифа Андижон ҳамда бошқа илғор ўрмон хўжаликларида амалга оширилаётган фойдали ташаббусларни мамлакатнинг барча ҳудудларида кенг жорий этиш, шунингдек, соҳани «Илм → лойиҳа → амалиёт» занжири асосида тизимли ривожлантиришдан иборат, – деди Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков. – Бундай питомниклар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини сифатли кўчат материаллари билан таъминлаш, ҳимоя ўрмонзорларини яратиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, шаҳар ва қишлоқлардаги яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини юмшатишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун:
Жанубий Кореянинг илғор технологиялари асосида жиҳозланган замонавий питомникнинг умумий майдони 5,5 гектарни ташкил этади. Ҳозирда бу ерда интенсив усулда 40 га яқин турдаги дарахт, бута ва доривор ўсимликлар етиштирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий усулларда кўчат етиштириш бир қатор муҳим афзалликларга эга. Биринчидан, кўчатлар бевосита тупроқда эмас, балки махсус контейнерларда, иссиқхона шароитида ва замонавий технологик тизимлар ёрдамида уруғдан етиштирилгани сабабли зарур ўсиш босқичига тезроқ етади. Натижада вақт, энергия ва харажатлар тежалади.
Иккинчидан, ушбу илғор тизим хориждан келтирилган ўсимлик уруғларини Ўзбекистоннинг иқлим шароитларига мослаштириш имконини беради. Бу эса бундай шароитда етиштирилган кўчатларнинг яшаб қолиш кўрсаткичини сезиларли даражада оширади.
– Бугунги кунда замонавий питомник деганда биз оддий кўчат етиштириладиган ҳудудни эмас, балки селекция, уруғчилик, илмий ёндашув, автоматлаштирилган суғориш, контейнер технологиялари, фитосанитар назорат, микроиқлим бошқаруви ва юқори самарали ишлаб чиқариш жараёнларини ўзида мужассам этган замонавий агротехнологик мажмуани тушунамиз, – деди Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги директори Эркин Муҳитдинов. – Андижонда барпо этилган замонавий питомник ҳам сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатни кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, янги ўрмонзорлар яратиш ҳамда атроф-муҳит ва экологияни тизимли муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани натижаси дейиш мумкин. Бу ерда қурилган ҳар бир инфратузилма объекти, жорий этилган ҳар бир технология ва йўлга қўйилган ҳар бир агротехник жараён ягона мақсадга, яъни белгиланган стандартларга жавоб берадиган ва юқори яшовчанликка эга сифатли кўчат материалларини етиштиришга хизмат қилади.
Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга масъул мутахассислар ва экспертлар батафсил жавоб берди. Тадбир доирасида Андижон ўрмон хўжалигининг бир гуруҳ ишчи-ходимларига ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳаво мусаффолиги барча табиат неъматлари муҳофазасига боғлиқ
🕔10:25, 10.09.2026
✔30
Инсон ҳаётини тоза ҳавосиз тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ ҳавонинг мусаффолиги фақат атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар билан эмас, балки ер, сув ва яшил ҳудудларнинг ҳолати билан ҳам узвий боғлиқ. Халқаро миқёсда 7 сентябрь – мусаффо ҳаво куни сифатида нишонланади.
Батафсил
Энг катта ўзгариш – иқтисодий тафаккурда
🕔16:04, 27.08.2026
✔110
Бир пайтлар юртимиз иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, асосан мавжуд бармоқ билан санарли йирик корхоналарни сақлаб қолиш, уларни реструктуризация ва модернизация қилиш, янги саноат лойиҳаларини жалб этиш зарурати ҳақида сўз юритиларди. Бугун эса манзара тубдан ўзгарди.
Батафсил
Кўчат энди тупроқда эмас, замонавий технологик тизимлар орқали етиштирилади
🕔11:37, 20.08.2026
✔142
Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Батафсил