Болалигимда бўш қолдик дегунча отам бизни ёнига чақириб, баҳру байт ёки давлат номларини айтиш бўйича мусобақага чорларди. Олти фарзанд икки гуруҳга бўлинардик-да, ўйинни бошлардик.
Ўйин қизиганидан вақт қандай ўтганини сезмай қолардик. Энг қизиғи, ҳамма отамнинг гуруҳида бўлишни истарди, чунки отам география ва адабиёт мавзусида чуқур билимга эга эди. Мен эса отамни дунёдаги энг билимдон инсон, деб ҳисоблардим. Шеърхонлигимнинг сабабчиси бўлган отам бўш вақт топди дегунча эринмасдан шеър айтиб, ёдлатар, дарсларимга кўмаклашарди...
Биринчи синфда ўқиётганимда мактабимизда Алишер Навоий бобомизнинг таваллуд айёмига қизғин тайёргарлик кўрила бошланди. Байрамга бир неча кун қолганда отам мени ёнига чақириб: «Қизим, кел, сенга Навоий ижодини ўргатаман», деб қолди. Бу мен учун ҳам айни муддао бўлди, чунки ўқитувчимиз байрам учун Навоийнинг ғазалларидан ёд олишимиз кераклигини тайинлаганди. Ўшанда отам менга Навоийнинг:
Бошни фидо айла, ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кунунгга айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш...
байтларини икки марта айтгандаёқ ёд олиб, отамга албатта байрамда шуни айтиб бераман, деб сўз бердим. Байрамдан бир кун олдин қаттиқ бетоб бўлиб қолдим. Гўё бунга онам айбдордек унга: «Эртагача мени даволанг», деб йиғлагандим. Аҳволим яхшиланмаган бўлса-да, онамнинг борма дейишига қарамай, байрамга бориб, отам ўргатган байтларни айтиб бердим. Байрам ўтгач, мактаб директори ёнимга келиб: «Отангга раҳмат, қизим», деб мени мақтади. Келгусида бундан ҳам фаолроқ бўлишим кераклигини айтди. Ўшанда синфдошларим орасида роса ғурурлангандим. Ахир, бу илк ютуғим эди-да. Қувонганимдан буни отамга айтиб берганимда, шундай деганди: «Катта раҳмат сенга, қизим». Ўшанда бу раҳматнинг сабабини тушунмаган эдим...
Мактабни тамомлаб, Тошкентдаги академик лицейда ўқишни давом эттирдим. Ўшанда ота-онам ва яқинларимдан узоқда бўлиш анча қийин кечганди. Таътилда уйга бориб, отамга узоқда ўқишни хоҳламаслигимни айтдим. Отам эса:
— Қизим, бизни соғинишинг табиий, лекин вақт ўтиб кўникиб кетасан. Ахир, бир нарсадан воз кечмасанг, иккинчисига эришолмайсан. Шунинг учун фақат олдинга қараб олға интил, сендан умидим катта, — деб мени яна шаҳарга кузатди. Отамнинг бу сўзлари ҳар куни қулоғим остида жаранглар ва бу мени мақсадим сари дадил қадам ташлашимга туртки бўларди.
Дарсдан сўнг ҳар куни лицейимиз қошидаги кутубхонада дарс қилардим. Бир гал кутубхона ёпилгунича қолиб, дарс тайёрлаганимни кўрган ўқитувчим: «Отангга раҳмат, қизим, ғайрат қилиб ўқишга кир, ота-онангни бахтиёр қил!», дея дуо қилди. Унинг «Отангга раҳмат!» деган сўзи юрагимни жизиллатиб юборди. Буни отамга айтганимда, отам яна менга раҳматлар ёғдирди. Дилимдаги савол эса яна тилимга чиқмасдан қолди. Бу раҳматнинг сабабини ҳамон тушунмасдим...
...Бир неча йил ўқишга киролмадим. Отам эса мени янада дадил бўлишга ундарди. Ниҳоят, тўртинчи йил деганда грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Бу хушхабарни эшитган куни отамнинг кўзида илк бор ёш кўрдим. Ўшанда отам мени қучоқлаб, такрор-такрор раҳмат айтди. Мен ўша лаҳзада раҳматлар маъносини англаб етдим. Эшитган ҳар бир раҳматимиз қалбимизни қанчалик тўлқинлантирса, буни эшитган яқинларимиз биздан ҳам кўпроқ қувонар экан. Айниқса, ота фарзандининг ютуқларида ўзининг меҳнати самарасини кўрар экан. Фарзандининг ютуғи ота учун ўзи эришган ютуқларидан-да кўпроқ ҳузур бахш этар экан. Мен ҳам отамнинг, оз бўлса-да, шундай ҳузур таъмини тотишига сабабчи бўлдим, бундан жуда бахтиёрман. Ҳар бир фарзанд ота-онасига фақат раҳмат олиб беришини истайман.
Жавҳар ТУРСУНОВА
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔188
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔349
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔644
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил