Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Жамиятнинг маданий даражаси
Биз бугун «жамиятнинг маданият даражаси аёлга бўлган муносабат билан белгиланади», «аёл – миллат тарбиячиси» каби бот-бот такрорланаётган сўзларнинг моҳиятини яхши биламиз. Аслида, аёлнинг жамиятдаги ўрни қандайлиги инсоният олдида ҳамиша савол бўлиб турган. Айниқса, бугунги технологиялар ривожланган, очиқлик, эркинлик, тараққиёт даврида бу масала янада чуқурроқ моҳият намоён этмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, аёлнинг ўрни ва ҳолати тўғрисидаги масала дунёда глобал иқтисодий-экологик муаммолардан кейин иккинчи ўринда туради. Айтиш мумкинки, бугунги куннинг аёли – беқиёс ижодкорлик маҳсули. У эркин, ўз ҳаётини ўзи режалаштиради: кимга турмушга чиқади, қанча фарзанд дунёга келтиради, қаерда ишлайди ёки ўқийди – бу масалаларни ҳал қилувчи унинг ўзи. Ҳатто тиббий технологиялар кучи билан у янада гўзаллашиб бораяпти. Унинг интеллектуал даражаси ошиб боряпти.
Бугунги тобора тараққий этиб, глобаллашувнинг яхши-ю, ёмон томонлари билан қоришиб бораётган бир даврда аёлнинг вазифалари нимадан иборат?
Биринчидан, у – яратувчи, у шунчаки болани дунёга келтириб, сут бермайди, балки уни кийинтиради, ҳимоя қилади, авайлайди, меҳрини беради. Бу шундай меҳрки, бола уни онасидан бошқа ҳеч кимдан топа олмайди!
Иккинчидан, у – уй бекаси, уйнинг ўчоғини ёқади, ўзига хос оилавий муҳит яратади, турмуш ўртоғига рағбат беради, унинг имкониятларини очишда имкон беради ва ҳамкорлик қилади.
Учинчидан, у меҳнаткаш фидокор – уйда ҳам, жамиятда ҳам энг майда деталларга эътибор берган ҳолда ўзи учун ишчи муҳит ярата олади, оила ва жамият иқтисоди ривожига ўз ҳиссасини қўшади.
Тўртинчидан, аёл – ижодкор, у ижод қилади, яратади, илҳомлантиради. Оддий уй жиҳозию, безакларида, жамиятда иш тутишида, раҳбар бўлса, раҳбарлик услубларида унда такрорланмасликни, ўзига хосликни, оригиналликни ярата олади.
Бешинчидан, аёл – мафкурачи, у ўз ғоялари ортидан бутун бир авлодни эргаштириб кета олади, сулолага хосликни намоён этади!
Энг муҳими, аёл илмнинг муҳим объектидир. Швед олимлари аёлнинг жамиятдаги ўрнига анъанавий қарашлар ва туғилиш даражасининг иқтисодий ўсишга таъсирини 17 та мамлакатда ўрганишади ва аниқланишича, аёлнинг ўрни пастроқ ва туғилиш даражаси паст мамлакатларда (Германия, Италия, Испания, Япония) аёл ва эркак фаоллиги тенг даражага кўтарилган ва туғилишга нисбатан ижобий муносабат шаклланган мамлакатларга (АҚШ, Швеция, Норвегия) нисбатан иқтисодий ўсиш даражаси паст кўрсаткични ташкил қилган.
Аёлнинг маърифати эса – миллатнинг маърифати. У нафақат оиласи, болаларининг дунёқарашига, балки унинг атрофидаги ижтимоий муҳитга ҳам ўз билимлари билан таъсир кўрсатади.
Имкониятлар эшиги
Мамлакатимизда аёлларга берилган имтиёзларни биз аслида жамият ривожи учун берилган имтиёзлар, деб айта оламиз. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида хотин-қизларга 14 фоизда 33 миллионгача тадбиркорлик учун кредитлар берилди. Пенсия ёшидаги аёлларни ишдан бўшатиш тақиқланди. Айрим тоифадаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар берилди. Ишлайдиган аёлларга боласини овқатлантириш учун танаффуслар тақдим этилди. Давлат ҳисобидан уларга касб-ҳунар ўргатиш кенг йўлга қўйилди. «Аёллар дафтари»га кирган аёллар ва уларнинг болаларига имтиёзлар берилди, оғир ижтимоий аҳволга тушган хотин-қизларга уй берилди. Ташаббускор хотин-қизлар «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди. 12 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қўшимча таътил белгиланди. Айрим хотин-қизларнинг контракт пули давлат томонидан тўланадиган бўлди. 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга олишда синов даври қўлланилиши бекор қилинди. Ҳатто айрим ҳолларда 53 ёшда пенсияга чиқишлари мумкинлиги белгиланди. Раҳбар лавозимдаги хотин-қизлар улуши 35 фоизга етди. Бундай мисолларни айтаверсак, жуда кўп.
Буларнинг ҳаммаси яхши. Аммо, аёлнинг яна бир улуғ вазифасини ўрганиш бугун илм олдида турган вазифа деб ҳисоблайман. Бу – уларнинг миллий қадриятларнинг эстафетачиси экани, аждодлардан авлодларга етаклаб олиб ўтишидир.
Бугунги глобаллашув даврида миллий қадриятларнинг «емрилиб борилиши» ёки уларнинг атайлаб йўқотилишига қаратилган турли маънавий-мафкуравий таҳдидларнинг ошиб бориши, ижтимоий-ахлоқий меъёрларнинг бузилиши ҳолатлари жамият барқарорлигини издан чиқарувчи энг хатарли ҳолатлардан биридир.
Зеро, қадриятга айланган барча воқелик ва унсурлар, жумладан, анъанавий урф-одат, таомил, маросим ва байрамлар, миллий қадриятлар билан йўғрилган панд-насиҳатлар, тарбиявий чоралар, йўл-йўриқлар азалдан миллатнинг ахлоқий-руҳий, маънавий-маърифий камолотида муҳим воситалар бўлиб келган.
Миллий қадриятларнинг ҳаммаси аввало оилавий қадрият сифатида шаклланиб, кейин миллат даражасига чиқади. Ўтмишдан келаётган санъат турлари (амалий санъат, адабиёт, қўшиқчилик, рақс, алла ва ҳк), урф-одат ва расм-русумлар, кўникмалар, байрамлар, маросимлар ёки тил ва шевалар, миллий тафаккур тарзи, миллий характер – буларнинг ҳаммасини ҳам аёлнинг нафақат иштирокисиз, балки ижодкорлиги, асровчилиги, узатгувчилигисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Қадриятларни такомиллаштириш, ортиқча дабдабозлик ёки илмсизликдан келиб чиққан «урф»ларнинг жамиятда одатга айланмаслиги учун аёлнинг маърифатли бўлиши ниҳоятда катта аҳамиятга эга.
Миллатнинг жон томири
Аслида қадрият дегани жуда улуғ тушунча. У алоҳида инсоннинг ҳам, жамиятнинг ҳам, миллатнинг ҳам ҳаётида ўзига хос ўрин тутади. Миллий қадриятга бўлган ҳужум – миллатнинг жон томири, қон томирини нишонга олиш демак. Масалан, миллий қадриятга айланган шундай ахлоқий меъёрлар борки, улар миллат нуфузини, шаънини, обрўсини таъминлаб беради. Аммо, афсуски, «демократия» ва «оммавий маданият» ниқоби остида йигит-қиз муносабатларида миллий ахлоқий парданинг кўтарилишини қўллаб-қувватлайдиган, оилага хиёнатни – эрк, ахлоқсизликни – ёшлик гашти, ажримни – мустақиллик, фарзандсизликни – ўзи учун яшаш дея талқин қиладиган ғоявий қарашлар деразани очганингизда тоза ҳаво билан бирга кириб келадиган чанг-ғуборлар сингари жамият ичига сизиб ўтаётир. Бу аслида ниҳоятда хавфли ҳужум, ғоявий кураш, миллатнинг ўзлигига, қадриятларига бўлган таҳдиддир.
Шунинг учун биз миллий қадриятларни асрашимиз, ахлоқсизлик ғоясига миллий ахлоқ ғоясини кўндаланг қўйишимиз, миллат тарбиячиси бўлмиш аёлнинг маънавий дунёсига бўлган ҳужумларга якдиллик билан қарши туришимиз – жамият барқарорлиги, миллат эртаси масаласидир.
Шаҳло АҲРОРОВА,
Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институти
катта илмий ходими, фалсафа фанлари доктори