Эллик еттинчи йилнинг январида тўйимиз бўлган. Лекин билмадим, уни ҳозир тўй деб айтса бўладими-йўқми, ҳар ҳолда, ўша пайтнинг аҳволига кўра ўтказилган эди...
...Қўшнимиз дунёдан ўтгач, аёли бошқа бировга турмушга чиқиб кетди. Уйида олти яшар ўғли бобоси билан қолди. У кўпинча вақтини бизникида ўтказарди. У билан бирга ўйнаб катта бўлдик. Болалигимиз урушдан кейинги қаҳатчилик йилларига тўғри келганди. Отам колхозда ишлар, туну кун қанча меҳнат қилмасин, барибир топгани катта оилага аранг етарди.
Ўша йиллари қиш қаттиқ келиб, оиламиз қўшни хонадондан анча-мунча буғдой ва бошқа маҳсулотлар олиб қарз бўлиб қолган экан. Шу қарз эвазига отам мени қўшни оиланинг ўғлига никоҳлаб берган. Шунда мен ўн етти ёшда эдим. Болаликдан бирга ўйнаб, бир ҳовлида катта бўлсак ҳам эрта-бир кун турмуш қуришимиз мумкинлиги тушимизга ҳам кирмаганди. Турмуш ўртоғим билан қўшни бўлиб, бир оиладек катта бўлсак ҳам муносабатларимиз қатъий ахлоқий низом билан тартибланган эди.
Ўшанда одамлар қизига сарпо қилиш тугул, қорин тўйғазишга ҳам қурби етмай қолган пайтлар эди. Ўтинга таппини илиб, устига керосин сепиб ясалган машъал ёруғида тўйимиз ўтказилган. Оқ фотиҳа ва яхши тарбиядан бошқа сепимиз бўлмаган. Мана, бугун орадан олтмиш йил ўтгач, ўйлаб қарасам, нима сарпо қилиб берганларида ҳам бу иккисичалик бўлмасди, албатта. Чунки ҳар қандай буюм ҳам йиллар давомида эскиради.
Олти қиз ва икки ўғилнинг ота-онаси бўлдик. Уларни тарбиялаб элга қўшдик. Яратганга шукр, бировдан кам бўлмадик. Қанчадан-қанча набира, эваралар кўрдик. Баъзида уларни санашда адашиб кетамиз. Буларнинг ҳаммаси, аввало, ота-онамизнинг ана шу дуолари ижобати, қолаверса, турмушда бир-биримизга суяниб, сабр қилиб яшаганимиз эвазига бўлса керак.
Биз бир-биримизнинг камчилигимиз ҳақида бошқаларга гапиришни ўзимизга муносиб билмаганмиз. Қайтанга уларни яширишга, бошқаларга билдирмасликка ҳаракат қилиб яшадик. Камчилик ва нуқсонсиз жуфт қидирган инсон дунёдан тоқ ўтиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Сув ҳам бир лойқаланиб, кейин тинади, деган гап бор. Турмушнинг синовли кунлари бизнинг ҳаётимизда ҳам бўлган, албатта. Бундай пайтларда биз ажрашишни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бирга яшашга ҳаракат қилиб ҳаёт кечирганмиз. Аслида машаққат ва қийинчиликларга дуч келиш, моддий етишмовчиликлар дарров ажрашиб кетиладиган сабаб эмас. Инсонни қийинчиликлар тарбиялайди, дейилгани рост экан.
Умр бўйи боғдорчилик, деҳқончилик қилдик. Уйдаги келинимга ҳали ҳам рўзғор ишларида кўмаклашиб тураман. Йиллар давомида қилинган меҳнатда чиниққан киши ҳаракатсиз ўтиролмас экан. Ҳозир етмиш саккизга чиқдим. Турмуш ўртоғим саксондан ошди. Қийинчиликда яшаган бўлсак ҳам доимо ҳалол меҳнат билан кун кечирдик. Шукрки, қозонимиз қайнаб, тирикчилигимиз ҳеч кимдан кам бўлмай ўтиб турди. Меҳнат қилиб яшаган киши касал бўлмас экан. Турмуши ҳам тинч-хотиржам кечаркан. Оиласида хотиржамлик, тинчлик ҳукм сурган, муносабатлар ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари билан боғланган оилаларда яшайдиган инсонлар ишонаманки, касалликка кам чалинишади. Бунга менинг қарийб саксон йиллик ҳаётим мисол бўла олади.
Ҳамида ПЎЛАТОВА,
Тошкент вилояти
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔188
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔349
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔644
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил