Мактаб даврларимни эсласам, ҳар доим хаёлимда бир ҳолат гавдаланади: опамнинг мактабга кетаётганда дадамдан ийманиб, ойим орқали пул сўраши. Ўшанда ҳеч тушунмасдим: опам нега бундай қилади? Бемалол дадамдан сўрайвермайдими?..
Аста-секин улғайганим сари бу ҳол менда ҳам такрорланди. Бу, менинг назаримда, барча ўзбек қизларга хос ҳаёнинг белгиси бўлса керак.
Дарҳақиқат, қиз бола ҳақида гап кетганда, аввало, чиройи, ҳусн-малоҳатидан олдин унинг ахлоқи, назокати, ҳаё-ибоси ҳақида гапирилади. Катталар орасида ҳам «фалончининг қизи жуда чиройли бўлибди» эмас, «одоби ўзидек гўзал экан», деган қулоққа ёқар гаплар айтилади.
Табобат илмининг султони ибн Сино: «Инсонда доимо турадиган ҳусн ва латофат ҳаё ила иффатдир. Ҳаёсиз юз жонсиз жасад кабидир», дегани ҳам бежиз эмас.
Қиз боланинг маънавий гўзаллиги унинг муомаласи, кийиниши, ўзини тутиши, юриш-туришида акс этади. Бу гўзаллик уларга ота-она тарбияси орқали ўтади.
Яқинда дўстларимиз билан тадбир ўтказмоқчи бўлдик. Ҳамманинг кайфияти аъло. Дийдор ширин-да. Учрашув соати ҳам белгиланди. Аммо дугонам Комиладан дарак йўқ. Қўнғироқ қилдим. У тадбирга боролмаслигини айтди. Сабабини сўрасам, уйда дадаси йўқлигини, узоқ сафарга кетганини билдирди. Ойинг бор-ку, ойингдан рухсат сўрай қол, дедим ҳайрон бўлганча. У эса дадам узоқ сафарга кетганда мен бирор жойга боролмайман. Чунки дадам ҳар доим кетар чоғида ойимга болаларни эҳтиёт қил, қайтганимдан сўнг ҳаммамиз бирга борамиз, дейди. Шунинг учун дадамдан берухсат боролмайман, дея гўшакни қўйди.
Ўша пайтда дугонамнинг ички олами нақадар гўзаллигини яна бир бор англадим. Чунки оилада маънавий гўзаллик ота-онани қадрлашдан, ҳурмат қилишдан бошланади. Ота-онани эъзозлаган инсондан эса ҳеч қачон ёмонликни, беҳурматликни кутиб бўлмайди.
Бувижоним доим: «Қиз бола ҳар ишда чаққон, фаросатли бўлиши, келинлик мактабига тайёр туриши керак. Иффатли, ор-номусли қиз элда азиз бўлади, маҳалла-кўйда қадри баланд, совчиларнинг эса кети ўзилмайди», дер эди. Биз эса келинлик мактаби қанақа бўлар экан, деб ҳайрон қолардик.
Ҳақиқатан ҳам қиз бола бор уй бошқача бўлади: ҳамма жой саришта, озода. Бу эса қиз боланинг фаросати белгиси. Ота уйида яхши тарбия олган қиз боражак хонадонда ҳам яхши хулқи, одоби, иффати билан ҳамманинг меҳрини қозонади.
Шарқ халқларида келинга алоҳида этибор қаратишади. Ҳамма яхши нарсалар, шубҳасиз, келинпошшага аталган бўлади. Келин тушадиган уй обдан таъмирланади. Янги орзулар, янги ниятлар қилинади. Оилада қадрланади. Қайноналарнинг «хонадонимга келин эмас, қиз бўлиб келинг», дегани ҳам бежиз эмас. Яхши қизлар албатта борган ерида меҳр кўриб, ота-онасига раҳматлар олиб келади. Келинликнинг мактаби ҳам шу бўлса керак.
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔188
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔349
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔644
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил