Чунки низо илмсизликдан, фаросатсизликдан, адолатсизликдан, ҳасаддан, энг ёмони, ўжарлик ва қитмирликдан келиб чиқади. Жиззакилик ана шунинг оқибати, негаки бу тоифа одамларда сабр, қаноат бўлмайди.
Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Кимнидир билиб-билмай хафа қилдингизми, дарҳол муросага келинг, акс ҳолда, у ҳам жавоб қайтарса, низо бошланади. Бунга ҳаётда юзлаб мисоллар борки, бундай нохушликларга ҳар қадамда дуч келяпмиз.
Низонинг хавфлилиги шундаки, у тарафкашликни келтириб чиқаради. Буюк аллома Маҳмуд Замахшарий айтганидек, «Низо ва нифоқ мавжуд жойда нохушлик бўлар, қайғу-ҳасрату фақирликка тушилур». Бинобарин, халқимиз ўртасида «Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади» деган нақл ҳам бежиз эмас.
Айтайлик, уйда қайнона-келин ўртасида арзимаган масалада келишмовчилик чиқади. Яшириб нима қиламиз, қайнона бутунлай бошқа муҳитда тарбия кўрган келинининг ўзига маъқул тушмаган ҳаракатини босиқлик билан тўғрилашни ўзига эп кўрмайди. Ўз «обрў»сини оширмоқчи, ундан ақллилигини «кўрсатиб қўймоқчи» бўлади. Маслаҳат ўрнига пичинг, киноя қилади.
Келин ҳам ҳали ўзи мослашмаган муҳитдаги анъанага мойиллик билдирмайди. Аксинча, ўзининг замонавийлигини «намойиш» этишга уринади. Қарабсизки, йўқ жойдан бизу Сиз ҳар куни дуч келаётган низо бошланади. Кўнгилдаги низо ҳаракатга кўчади, унга ўғил, қиз, қудалар қўшилади. Воқеанинг давомини айтишга ҳожат бўлмаса керак.
Низолашган кўнгиллар яхшилик қилишдан, мурувватдан узоқлашади. Қилдан қийиқ ахтаришга тушади. Мен ўз ҳаётимда низолашган томонлардан ҳеч бирининг барака топганини кўрмадим.
Ҳозирги низоларнинг муайян (аксарияти дейишга тилим бормаяпти) қисми мол-мулк, мерос билан боғлиқ. Ана шу ҳолатдан келиб чиқадиган низолар, минг таассуфлар бўлсинки, шариатга ҳам, янгича қонунларга ҳам тўғри келмаслиги, очиғи, юрагимни оғритади. Қонунни биладиган айрим «ҳожатбарор»ларнинг томонларни келиштириш ўрнига манфаат эвазига уларни бир-бирига «гиж-гиж»лаши масалани чувалаштириб юборяпти. Бир метр ер ёки йўлакча учун ака-ука, ота-боланинг йиллаб судлашиб юрганига учта қишлоқдан бирида дуч келиш мумкин. Қонунда ҳал қилиниши мумкин, аммо кўнгилда ўрнашиб қолган низо уларни шу кўйга соляпти.
Кўнгилда сақланган низонинг хавфлилиги шундаки, тарафкашга айланган томонларнинг бирортасига яхшилик қилсангиз ҳам уларнинг душманига айланасиз. Муқаддас динимизда бундай номақбул ҳолатлар қораланган. Хусусан Наврўзда, Рамазон ойида, ҳайит байрамларида одамлар орасидаги бундай нохушликларга барҳам беришга имкон яратилган. Гап ана шу қадриятлар моҳиятини тушуниб, улардан оқилона фойдаланишда.
Тўғри, фуқаролик жамиятининг асосий таомили – ҳар бир низони суд орқали ечиш. Лекин бу ҳолат ҳамма вақт ҳам судгача бориши шартмикан? Унда миллий удумлар, ўзаро ҳурмат, андиша қадри нима бўлади?
Шу ўринда масаланинг яна бир нозик томонига тўхталиб ўтамиз. У ҳам бўлса, жамоадаги низоларга. Тажриба шуни кўрсатяптики, жамоада икки ходимнинг келишмай қолиши бутун ташкилот ишига, раҳбар обрўсига салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, бу хил ҳолатларни дарҳол оқилона бартараф этмоқ зарур.
Рим файласуфи Луций Сенека «ўз тенгинг билан низолашиш хавфли, ўзингдан юқори билан – нодонлик, ўзингдан паст билан – ҳақоратли» деган экан. Келинг азизлар, Рамазон кунларида барчамиз бундай нохуш ҳолатлардан ўзимизни асрайлик.
Фармон ТОШЕВ
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔53
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔154
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари
🕔15:48, 26.03.2026
✔182
Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Батафсил