Сайёрамизда антиқа табиати, ўсимликларию, ҳайвонот олами билан ном қозонган ўрмонлар кўп.
Польшанинг ғарбий қисмида, Ғарбий Померания вилоятида жойлашган ушбу ўрмон ҳам дунёга машҳур сирли жойлардан бири. Бироқ бу ернинг ўзига хос синоати бор. Яъни ўрмонда бўй чўзган қарағай дарахтларининг барчаси бир хил кўринишда қийшайиб ўсган. Узоқдан қарасангиз, худди атай эгиб қўйилганга ўхшайди.
Маълумотларга кўра, ўрмон 1930 йили ташкил этилган бўлиб, бу ерда 400 туп қарағай кўчати ўтқазилган. 1,8 гектар ҳудудни қамраб олган ўрмон ҳозирда давлат ҳимоясида ва дарахтларни кесиш қатъиян ман этилади. Ҳатто илмий текширув ишлари учун ҳам ўсимликларга зарар етказиш тақиқланган.
Ердан тахминан 30 сантиметр баландликдан бошлаб, дарахт танаси шамол эсган тарафга қийшайиб ўсган. Шуниси қизиқки, бу ўлчам ҳамма дарахтда бир хил. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, саксон ёшли қарағай учун 15 метр баландлик меъёр эмас. Балки дарахт танаси тик ўсганида керакли ўлчамга эга бўлиши мумкин эди. Ўрмондаги бу ҳодиса ҳақида кўплаб фаразлар мавжуд. Масалан, қарағай кўчатини ўтқазган инсон дарахт поясини атай эгиб чиққанмиш.
Яна бир тахминга кўра, қачонлардир кучли шамол бўлган-у, эндигина бўй чўзаётган дарахт новдаларини эгиб қўйган. Маҳаллий аҳоли орасида аллақандай олим ҳақида ҳам гаплар юради. Айтишларича, анча илгари Грифинда селекционер киши бўлиб, кўчат ўтқазишда иштирок этган ва тажриба сифатида ишлов берилган қарағай кўчатини ишлаб чиққан. Ўрмонда одамлар адашиб қолмасликлари учун кашфиёт яратдим, деган экан олим. Бироқ булар шунчаки тахминлар, холос. Ўрмондаги дарахтларга нима бўлгани эса ҳануз жумбоқлигича қолмоқда.
Ҳозирда қўриқхонага айлантирилган ўрмонга фақат махсус рухсатнома билан кириш мумкин. Шунда ҳам йўлбошчи бўлмаса, адашиб қолиш ҳеч гап эмас. Ўрмонда бўлган сайёҳлар бу ернинг ўзига хос қуввати борлигини сезишган. Дарахтлар қатори бошланган чизиқдан ўтишингиз билан ўзингизни ташқи оламдан мутлақо узилиб қолгандай сезасиз. Ўрмонда бирор қуш сайрамайди, ҳатто чигиртка-ю, капалакни ҳам учратмайсиз. Олимлар бу жараённи ҳам ўрмон синоати билан боғлашади. Аммо сабабига келганда бирор хулоса айтишга ожизлик қилишади.
Маълумотларга кўра, қийшиқ дарахтли ўрмон ягона табиат ҳодисаси эмас. Сўнгги маълумотларга кўра, Калининград қўриқхонасида ҳам Польша ўрмонининг эгизаги топилган.
Биология фани мутахассислари табиатшунос олимлар билан бирга ўрмон ҳодисаси ҳақида ўз хулосаларини тақдим этишди. Унга кўра, дарахтлар қийшайиши ҳаво ҳароратининг ўзгариши ёки қарағай дарахти билан озиқланувчи ҳашаротлар туфайли юзага келган бўлиши мумкин. Шундай турдаги ҳашаротлар борки, дарахт новдасини еб, меъёрий ривожланишига таъсир ўтказади.
Қийшайган қарағайлар билан ҳам шундай бўлган. Космобиология фани мутахассислари эса ўз фаразларини олға суриб, дарахтларнинг шакл ўзгаришига ушбу ҳудуддаги биоқувват сабаб дейишади. Коинотдан олинган тасвирга кўра, ўрмон ҳудуди ўзига хос кўринишда чегараланган бўлиб, биомайдони салбий қувват тарқатар экан. Дарахтлар ҳам мана шу қувват сабабли бир тарафга қийшайиб қолган.
Эзотериклар бу фикрга мутлақо қаршилик қилишади. Уларнинг фикрича, 10-15 дақиқа дарахтга суяниб турсангиз, организмдаги хасталиклардан фориғ бўларкансиз. Гарчи бу ҳақида аниқ маълумот бўлмаса-да, маҳаллий аҳоли орасида ҳам синоатли дарахт «табиб»лиги тўғрисида турли афсоналар бор.
Рустам ЖАББОРОВ
Яшил қалқон: нега бизга оддий парклар эмас, айнан дендрология боғлари керак?
🕔15:53, 13.04.2026
✔25
Шаҳарларимиз жадал ривожланиб, янги бино ва иншоотлар кўпаяётган бир пайтда, табиат билан уйғунликни ва ҳаво мусаффолигини сақлаш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитда бизга шунчаки манзарали кўчатлар эмас, балки шаҳарнинг нафас олишини таъминлайдиган чинакам «ўпка»лар керак.
Батафсил
Чиқиндининг сўнгги манзили – электр
🕔15:53, 13.04.2026
✔30
Маълумки, дунё миқёсида энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бораётган муаммо бу – чиқиндилар. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг йилдан-йилга ортаётгани ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган марварид
🕔15:39, 13.04.2026
✔26
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак шаршараси табиатнинг бетакрор мўъжизаларидан биридир. Тоғлар бағридан отилиб чиқаётган оппоқ сув оқими узоқдан ҳам шовуллаб эшитилади. Марвариддек гўё…
Батафсил