Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилСув – табиатнинг энг муҳим бойликларидан бири. Инсон ҳаёти ҳам, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам бевосита унга боғлиқ.
Шу боис дарё, канал ва бошқа сув ҳавзаларининг тозалигини сақлаш, уларга турли чиқиндилар ва тозаланмаган оқава сувларнинг тушишига йўл қўймаслик экологик хавфсизликнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Аммо шаҳарлар кенгайиб, қурилиш ва ишлаб чиқариш ҳажми ортгани сари сув ҳавзаларига тушаётган антропоген босим ҳам ошиб бормоқда.
Яқинда Тошкент шаҳри марказидан оқиб ўтувчи Салар каналида кузатилган ҳолат ҳам бу масалага яна бир бор жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди. Жорий йилнинг 2 октябрь куни канал бўйлаб кўплаб нобуд бўлган балиқлар оқиб ўтаётгани аниқланди. Ҳодиса ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан канал сувидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлиллари бошланди. Сув таркибидаги азот бирикмалари, pH кўрсаткичи, қуруқ қолдиқ, муаллақ моддалар, сульфат ва хлоридлар каби кўрсаткичларни ўрганиш белгиланди. Ҳодиса юзасидан Экополиция ходимлари ҳам суриштирув ишларига жалб этилди.
Ҳозирча балиқларнинг оммавий нобуд бўлишига айнан қайси омил сабаб бўлгани ҳақида якуний хулоса чиқарилгани йўқ. Шунинг учун ҳодисани муайян корхона ёки кимёвий модда билан боғлашга шошилмаслик лозим. Бироқ Салар сувининг экологик ҳолати билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам қайд этилгани масалага кенгроқ ёндашишни талаб этади.
Хусусан, 2026 йилнинг июль ойида Яккасарой туманида қурилиш ишлари олиб борилаётган вақтда шаҳар канализация қувури шикастланган. Экология органлари ўтказган ўрганиш натижасида Салар каналига 63 минг 936 куб метр тозаланмаган суюқ чиқинди рухсатсиз ташлангани аниқланган. Оддийроқ тасаввур қилиш учун айтсак, бу қарийб 64 миллион литр оқава сув демакдир.
Олинган намуналарнинг лаборатория таҳлиллари ҳам жиддий кўрсаткичларни намоён этган. Жумладан, оқава таркибида нефть маҳсулотлари белгиланган меъёрдан 5,02 баравар, аммонийли азот 43,5 баравар, кимёвий кислород талаби 4,9 баравар, муаллақ моддалар эса 13,6 баравар юқори бўлгани аниқланган.
Атроф-муҳитга етказилган зарар ҳам тегишли тартибда ҳисобланган. Сув ресурсларининг ифлосланиши ҳамда тупроққа етказилган зарар учун жами 2 миллиард 220 миллион сўмдан зиёд компенсация белгиланган.
Бу ҳодиса Саларга тушаётган оқава сувлар масаласида назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Қолаверса, сув сифати бўйича давлат мониторинги маълумотларида ҳам Саларнинг айрим қисмларида экологик муаммолар мавжудлиги қайд этилган. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича мониторинг натижаларида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги сув оқимлари юқори антропоген юкни қабул қилаётгани кўрсатилган.
Саларнинг Тошкентдан қуйи қисмида аммонийли ва нитритли азот, мис, фенол, органик ва биоген моддалар ҳамда руҳ миқдори бўйича меъёрдан ошиш ҳолатлари аниқланган. Айрим кузатувларда сувда кислород танқислиги ҳам қайд этилган.
Сув таркибидаги кислород миқдори сув экотизими учун жуда муҳим. Балиқлар ва бошқа сув организмларининг яшаши учун етарли даражада эриган кислород бўлиши керак. Сувга кўп миқдорда органик ёки бошқа ифлослантирувчи моддалар тушганда уларнинг парчаланиши жараёнида кислород кўп сарфланади. Натижада сувдаги тирик организмлар учун ноқулай муҳит юзага келиши мумкин.
Шу маънода, Саларда кузатилган балиқлар нобуд бўлиши ҳолати лаборатория текширувлари билан ҳар томонлама ўрганилиши муҳим. Чунки бундай ҳодисаларнинг сабаби битта омилга боғлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Сув ҳароратининг ўзгариши, кислород танқислиги, кимёвий моддалар, маиший ёки саноат оқавалари каби турли омиллар таъсир кўрсатиши мумкин.
Масаланинг яна бир жиҳати бор. Оқава сувларни тозалаш билан боғлиқ муаммолар фақат Салар каналига тегишли эмас. Ҳисоб палатасининг 2026 йилда эълон қилинган аудит маълумотларига кўра, мамлакатимизда 64 та оқава сув тозалаш ва 191 та локал маиший тозалаш иншооти мавжуд. Айрим иншоотлар жисмонан ва технологик жиҳатдан эскирган. Хусусан, 32 та маиший ва битта локал тозалаш иншоотининг самарадорлиги 50 фоиздан паст экани қайд этилган.
Бундай шароитда оқава сувларнинг етарли даражада тозаланмасдан табиий сув объектларига тушиш хавфи ортади. Бу эса нафақат сувдаги тирик организмларга, балки бутун экотизимга таъсир кўрсатади.
Ахир сув ҳавзаси алоҳида, ёпиқ тизим эмас. Каналдаги сув оқиб боради, бошқа сув объектлари билан туташади, тупроқ ва ер ости сувларига таъсир кўрсатиши мумкин. Ифлосланган сувдан қишлоқ хўжалигида фойдаланилса, муаммо яна бошқа йўналишга ўтади. Шунинг учун сув ифлосланишини фақат экологлар муаммоси сифатида қабул қилиш тўғри эмас.
Амалдаги Сув кодексида ҳам бу борада аниқ талаблар белгиланган. Сув объектларига оқава сувларни ташлашга улар белгиланган даражагача тозаланган ва сув таркибидаги ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан ошиб кетмайдиган ҳолатдагина йўл қўйилади. Талаблар бузилганда оқава ташлаш чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.
Демак, асосий масала фақат қоидабузарлик содир бўлганидан кейин зарарни ҳисоблашдан иборат эмас. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш муҳимроқ. Бунинг учун сув ҳавзаларига оқава чиқарадиган объектларни мунтазам назорат қилиш, оқава сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлигини текшириб бориш ва сув сифати мониторингини кучайтириш зарур.
Салар Тошкентнинг оддий бир канали эмас. У пойтахтнинг кўплаб ҳудудларидан оқиб ўтади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, каналнинг шаҳар ҳудудидаги қисми 23,3 километрни ташкил этади. Сўнгги йилларда унинг қирғоқларини ободонлаштириш, сайилгоҳлар барпо этиш ва муҳофаза ҳудудларини тартибга келтириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, канал бўйларининг обод бўлиши, аҳоли дам оладиган яшил ҳудудларнинг кўпайиши яхши. Аммо сув ҳавзасини муҳофаза қилишда ташқи кўриниш билан бир қаторда унинг экологик ҳолати ҳам доимо эътибор марказида бўлиши керак. Тоза қирғоқ ва обод сайилгоҳ тоза сув билан уйғун бўлгандагина амалга оширилаётган ишлар тўлиқ самара беради.
Салардаги балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши сабабларини текшириш давом этмоқда. Якуний хулосани, албатта, мутахассислар беради. Аммо мазкур ҳолат сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш, уларга оқава сувлар ташланиши устидан назоратни кучайтириш ва тозалаш иншоотларининг самарадорлигини ошириш масаласи қанчалик долзарб эканини яна бир бор кўрсатди.
Сувнинг ифлосланганини баъзан кўз билан кўриш қийин. Аммо табиатдаги ҳар қандай ўзгариш – сув рангининг ўзгариши, нохуш ҳид ёки балиқларнинг нобуд бўлиши – эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган белгидир. Чунки сув ҳавзаларининг тозалиги, охир-оқибат, табиатнинг эмас, инсоннинг ҳам саломатлиги ва ҳаёт сифати билан бевосита боғлиқ.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилОлимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.
БатафсилЙўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.
Батафсил