Экоолам      Бош саҳифа

Партия дастурига кўра Йилига 5,5 миллион куб ичимлик сувни тежаш имкони мавжуд

Ичимлик сувдан оқилона фойдаланиш катта-катта инвестиция ёки мураккаб технологиядан эмас, балки оддий, оқилона қарорлардан бошланади. Ана шундай қарорлардан бири – унитаздан фойдаланишда ичимлик сув ўрнига муқобил манбалардан фойдаланиш вақти аллақачон етиб келган.

Партия  дастурига кўра Йилига 5,5 миллион  куб ичимлик сувни тежаш  имкони мавжуд

Бугун ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналишда сув ресурс­ларидан оқилона фойдаланиш, аҳолида сув тежаш маданиятини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, сув йўқотишларини камайтириш ва ҳар бир томчи сувни қадрлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканини бир неча бор таъкидлаб келяпти.

Бу масала Ўзбекистон Экологик партияси сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топган эди. Унинг ҳаётга татбиқ этилиши доирасида ҳудудларда дастлабки ишлар йўлга қўйила бошлади. Шунингдек, олдимизда яна бир қатор муҳим ва долзарб масалалар турибди.

Иқлим ўзгариши, музликлар ҳажмининг қисқариши, аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиёт тармоқларида сувга бўлган талабнинг ортиши шароитида Ўзбекистон учун тоза ичимлик сув стратегик масалага айланмоқда. Шу боис сувдан фойдаланиш масаласини фақат қишлоқ хўжалиги ёки саноат билан эмас, балки маиший ҳаётимиздаги ҳар бир йўналиш – жумладан, санитар тизимлар орқали ҳам қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.

 

Тоза сув сарфида яширин муаммо

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, инсон бир кунда ўртача 4-6 марта унитаздан фойдаланади. Замонавий унитазларда ҳар бир тушириш учун 4-6 литр атрофида сув сарфланади. Эски моделларда эса бу кўрсаткич 9-13 литргача етади. Оддий ҳисоб қилинадиган бўлса, бир инсон кунига тахминан 25-30 литр, йилига эса 10-15 куб метрга яқин тоза ичимлик сувни фақат унитаз учун сарфлайди.

Буни тўрт кишилик оила мисолида оладиган бўлсак, унитаздан фойдаланиш учун кунига ўртача 5 марта, бир марта фойдаланиш 6 литр, бир одам кунига 30 литр, ойига 900 литр, бир йилда эса 11 куб метр тоза ичимлик сув сарфланмоқда. Тўрт кишилик оила бир йилда фақатгина унитаз учун 40 – 45 куб метр тоза ичимлик сувни ишлатмоқда. Бу эса айрим ҳудудларда бир оиланинг йиллик ичимлик сув эҳтиёжига тенг миқдордир. Муаммонинг жиддий томони шундаки, бу сув ичиш, овқат тайёрлаш ёки гигиена учун эмас, балки чиқиндилар учун ишлатилмоқда.

Энди бу мисолларни катта ва кичик шаҳарларнинг аҳолиси сонидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилсак, биз сув танқислиги муаммосига дуч келишимиз муқаррар бўлган даврда тоза ичимлик сувни биргина мисолда қандай ва қанча миқдорда сарфлаётганимизни тушунишимиз мумкин.

Дунё тажрибасида унитаз учун ичимлик сувдан воз кечган ривожланган ва сув танқислиги мавжуд бўлган қатор давлатларда бу муаммога аллақачон амалий ечимлар топилган. Жумладан: Японияда кўп­лаб уй ва жамоат биноларида унитаз сувдони устига қўл ювиш учун кичик раковина ўрнатилган. Қўл ювилган сув тўғридан-тўғри сувдонга йиғилиб, кейинги туширишда ишлатилади. Германия, Дания, Нидерландия каби Европа давлатларида янги қурилаётган биноларда ёмғир сувини йиғиш ва уни унитаз ҳамда кир ювиш эҳтиёжлари учун ишлатиш тизимлари кенг жорий этилган. Австралияда эса қурғоқчилик сабабли маиший сувдан қайта фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу ерда «greywater» – яъни душ, қўл-ювгич ва кир ювиш машинасидан чиққан нисбатан тоза сувни фильтрлаб, унитазда ишлатиш амалиёти кенг тарқалган. Сингапурда сув ресурс­ларини бошқаришда «NEWater» концепцияси амал қилади. Қайта тозаланган сув асосан саноат ва техник эҳтиёжлар учун ишлатилса-да, санитар мақсадларда ҳам қўлланилади.

 

Қайта тозаланган ва техник сув

Унитаз учун ишлатилиши мумкин бўлган сувлар қуйидагилар:

Ёмғир суви: том ва майдонлардан йиғилиб унитаз сув идишига алоҳида тармоқ орқали берилади. Буни қуйидаги босқичлар билан амалга ошириш мумкин.

А) том, ёмғир сувларини йиғувчи қувур;

Б) қум-чанг фильтри;

В) сақлаш резервуари;

Д) сув насоси орқали унитаз сувдонига йўналтирилади. Бу усулда дезинфекция ҳам шарт эмас.

Greywater – душ, ванна, қўл-ювгичдан чиққан сув қайта фойдаланишга берилади.

А) душ ёки қўл ювишдан ифлосланган оқова сув;

Б) қаттиқ жисмларни ушлаб қолувчи сув фильтр;

В) биофильтр ёки мембрана;

Д) УФ-дезинфекция (ёки хлор дозаси);

Г) сув сақлаш идиши (100 – 300 л), алоҳида қувур орқали унитаз сув идиши, агар унитаз сув идиши бўшаса, тизим автомат равишда тоза сувга уланади.

Техник сув: махсус тозалаш иншоотларида ишлов берилган сув.

Бу сувлар ичимлик учун яроқли бўлмаса-да, санитар эҳтиёжлар учун тўлиқ мос келади. Энг муҳими, бундай тизимларда ичимлик сув қувурлари билан техник сув қувурлари қатъий ажратилган бўлади.

 

Ўзбекистон шароитида

жорий этиш имкониятлари

Ўзбекистон Марказий Осиёда сув ресурслари чекланган давлатлар қаторига киради. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда бир йилда ишлатиладиган сувнинг 80 фоиздан ортиғи трансчегаравий дарёлар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув миқдори сўнгги йилларда изчил камайиб бормоқда.

Президентимиз томонидан қабул қилинган сув хўжалигини ривожлантиришга қаратилган стратегия ва қарорларда маиший соҳада сув тежаш технологияларини жорий этиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Бу, аввало, янги қурилаётган уй-жойлар ва ижтимоий объектларда замонавий, сувни кам сарфлайдиган сантехника воситаларидан фойдаланишни назарда тутади.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекис­тонда ўртача бир инсон кунига 120 – 150 литр маиший тоза сув истеъмол қилади. Шунинг тахминан 20 – 25 фоизи унитазни тозалаш ҳиссасига тўғри келади. Бу дегани, бир инсон йилига камида 9 – 12 куб метр тоза ичимлик сувни фақат санитар эҳтиёж учун сарфлаяпти, деганидир.

Шу нуқтаи назардан, қуйидаги босқичма-босқич ёндашув мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

Биринчи босқич – барча янги қурилаётган уй-жой ва жамоат биноларида икки тугмали (dual-flush) унитазларни жорий этиш. Бу чора унитаз учун сарфланадиган сувни камида 20 – 30 фоизга қисқартиради.

Иккинчи босқич – ёмғир сувини йиғиш ва унитаз эҳтиёжлари учун ишлатиш бўйича пилот лойиҳаларни мактаб, боғча, соғлиқни сақлаш муассасалари ва янги турар жой мажмуаларида жорий этиш.

Учинчи босқич – истиқболда янги қурилаётган кўп қаватли уйларда ичимлик сув ва техник сув учун алоҳида қувур тизимини жорий этиш.

Аниқ рақамлар муаммонинг нақадар долзарб эканини яққол кўрсатади. Масалан, аҳолиси 1 миллион нафар бўлган шартли шаҳарда ҳар бир инсон кунига ўртача 25 – 30 литр тоза сувни унитаз учун ишлатади. Бу шаҳар миқёсида кунига тахминан 25 – 30 миллион литр, йилига эса 9 – 11 миллион куб метр тоза ичимлик сув фақат санитар эҳтиёжлар учун сарфланади деганидир. Агар шу миқдорнинг камида 50 фоизи техник, ёмғир ёки қайта тозаланган сув билан алмаштирилса, бир йилда 4,5 – 5,5 миллион куб метр тоза сув тежалади.

Бу миқдор ўн минглаб хонадонларни йил давомида ичимлик сув билан таъминлашга, сув омборлари ва насос станцияларига тушадиган юкламани камайтиришга, давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган сув таъминоти харажатларини қисқартиришга хизмат қилади.

Тоза сув танқислиги шароитида унитазда ичимлик сувдан фойдаланиш одат эмас, балки ўзгартирилиши шарт бўлган ёндашувдир. Экологик нуқтаи назардан эса, сувни тежаш канализация тизими орқали чиқадиган оқова сув ҳажмини камайтиради. Тозалаш иншоотларининг иш самарадорлигини оширади ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни пасайтиради. Энг муҳими, аҳоли ўртасида сувдан фойдаланиш маданияти юксалади. Бу эса барқарор ривожланиш тамойилларига тўлиқ мос келади.

Бугун унитазда ичимлик сувдан фойдаланиш одат сифатида қабул қилинган бўлиши мумкин, бироқ сув танқислиги кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бу ёндашувни қайта кўриб чиқиш вақти келди. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, унитаз учун қайта тозаланган ёки техник сувдан фойдаланиш – реал, хавфсиз ва самарали ечимдир.

 

Азизбек АКБАРОВ,

Олий Мажлис  Қонунчилик  палатаси депутати,

ЎЭП фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Сурхондарёда  чиқиндиларни ёқиб, электр  олинади

Сурхондарёда чиқиндиларни ёқиб, электр олинади

🕔14:54, 12.02.2026 ✔24

Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитойнинг «CSET» компанияси ўртасида чиқиндиларни энергетик ресурс сифатида фойдаланишга қаратилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.

Батафсил
Ноёб ҳайвонлар сони кўпаймоқда

Ноёб ҳайвонлар сони кўпаймоқда

🕔14:51, 12.02.2026 ✔21

Биологик хилма-хилликни сақлаш, камайиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонот олами турларини асраб-авайлаш ва кўпайтириш борасида қилинаётган ишлар кутилган самараларни бермоқда.

Батафсил
Кунига  500 тонна чиқиндини саралаш имкони яратилади

Кунига 500 тонна чиқиндини саралаш имкони яратилади

🕔08:58, 05.02.2026 ✔54

Чиқиндилардан иқтисодий ресурс сифатида фойдаланиш жаҳон тажибасида такомиллашган ҳамда кутилган самарани берган амалиёт ҳисобланади. Мамлакатимизда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Сурхондарёда  чиқиндиларни ёқиб, электр  олинади

    Сурхондарёда чиқиндиларни ёқиб, электр олинади

    Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитойнинг «CSET» компанияси ўртасида чиқиндиларни энергетик ресурс сифатида фойдаланишга қаратилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.

    ✔ 24    🕔 14:54, 12.02.2026
  • Ноёб ҳайвонлар сони кўпаймоқда

    Ноёб ҳайвонлар сони кўпаймоқда

    Биологик хилма-хилликни сақлаш, камайиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонот олами турларини асраб-авайлаш ва кўпайтириш борасида қилинаётган ишлар кутилган самараларни бермоқда.

    ✔ 21    🕔 14:51, 12.02.2026
  • Кунига  500 тонна чиқиндини саралаш имкони яратилади

    Кунига 500 тонна чиқиндини саралаш имкони яратилади

    Чиқиндилардан иқтисодий ресурс сифатида фойдаланиш жаҳон тажибасида такомиллашган ҳамда кутилган самарани берган амалиёт ҳисобланади. Мамлакатимизда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

    ✔ 54    🕔 08:58, 05.02.2026
  • Табиатнинг «жигари»:  Сув-ботқоқ ерларни асраш нега муҳим?

    Табиатнинг «жигари»: Сув-ботқоқ ерларни асраш нега муҳим?

    2026 йил 2 февраль – Бутунжаҳон сув-ботқоқ ерлар кунига бағишлаб Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида («Green University») «Сув-ботқоқ ерлар: Орол денгизи ҳавзасидаги иқлим, қуруқлик ва сув чорраҳасида» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

    ✔ 54    🕔 08:58, 05.02.2026
  • Атроф-муҳитдан инсон танасигача  кўринмас  ифлосланиш

    Атроф-муҳитдан инсон танасигача кўринмас ифлосланиш

    Уй-рўзғорда пластик идишларни ишлатамиз, ёзаётган ручкамиз, ҳатто ёнимизда олиб юрадиган банк картаси ҳам пластикдан. Бироқ ушбу маҳсулот қулайлиги билан бирга экология ва инсон саломатлигига жуда катта хавф солаётган муаммога айланаётганига ҳамма давлатлар ҳам эътибор қаратгани йўқ.

    ✔ 55    🕔 08:47, 05.02.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар