Телефон тузоғи
Дунё нега фарзандларини ижтимоий тармоқдан тўсмоқда?
БатафсилДунё нега фарзандларини ижтимоий тармоқдан тўсмоқда?
Бугун дунё шиддат билан ўзгаряпти. Бир пайтлар болаларимизни кўчадаги нотаниш кимсалардан эҳтиёт қилардик, энди эса хавф ўз уйимизга, фарзандимизнинг қўлидаги телефонгача кириб келди. Ижтимоий тармоқлар фақат кўнгилочар маскан эмас, балки ёшларнинг руҳий оламини заҳарловчи қуролга ҳам айланиши мумкинлигини англаган кўплаб давлатлар кескин чоралар кўришни бошлади.
Сўнгги йилларда дунёнинг етакчи давлатлари вояга етмаганларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мисли кўрилмаган қарорлар қабул қилмоқда. Масалан, Австралия 2025 йилнинг декабрь ойидан бошлаб 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни қонун билан тақиқлади. Бунда асосий масъулият ота-она ёки боланинг эмас, балки платформаларнинг зиммасига юклатилди: талабни бузган компаниялар 50 миллион австралия долларигача жаримага тортилиши мумкин.
Худди шундай, Франция ҳам 15 ёшгача бўлган болалар учун чекловларни жорий этиб, мактабларда телефондан фойдаланишни тўлиқ ман этди. Буюк Британия, Испания ва Португалия каби давлатлар ҳам ёш чегарасини кучайтириб, боланинг интернетдаги ҳар бир қадамини назоратга олиш механизми устида ишламоқда.
Хўш, нега дунё бунчалик хавотирга тушди? Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўсмирлар кунига ўртача етти соатдан ортиқ вақтини интернетда ўтказмоқда. Бу шунчаки вақт йўқотиш эмас, балки инсон миясининг биологик ривожланишига бевосита таҳдиддир. Ижтимоий тармоқлар миянинг «мукофотлаш тизими»ни суиистеъмол қилиб, ҳар бир «лайк» орқали организмда дофамин ажралишини келтириб чиқаради ва болаларда гиёҳвандликка ўхшаш қарамликни ҳосил қилади. Префронтал кортекс – инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилиш учун масъул қисми эса 25 ёшгача тўлиқ шаклланмайди. Натижада, болалар виртуал дунёдаги ялтироқ ҳаётга маҳлиё бўлиб, реалликдан узилмоқда ва бу оғир руҳий тушкунликка олиб келмоқда. Бундан ташқари, «кибербуллинг» деб аталадиган онлайн таҳқирлаш муаммоси ҳам глобал эпидемияга айланди: ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар олтита мактаб ўқувчисидан бири интернетда тазйиққа учрамоқда.
Ўзбекистонда ҳам бу масала кун тартибига чиқиши вақти келди. Мамлакатимизда интернет фойдаланувчилари сони 32,7 миллион кишига, яъни аҳолининг 89 фоизига етди. Аҳолимизнинг катта қисми – 60 фоизини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, бу нақадар долзарб экани яққол аён бўлади. Айниқса, Instagram фойдаланувчилари сони бир йил ичида қарийб 34 фоизга ўсиб, 11,7 миллиондан ошгани ёшлар орасидаги рақамли фаоллик нақадар юқори эканини кўрсатади. Ўзбекистонлик талабалар кунига ўртача 4-5 соат вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказади, уларнинг 60 фоизи эса ухлашдан олдин телефонга тикилиш одати борлигини тан олади. Бу нафақат уйқу сифатини пасайтиради, балки эрталабки диққатни жамлаш қобилиятини 25 фоизга камайтиради. Энг хавотирлиси, назоратсиз интернет муҳити анъанавий оилавий қадриятларимизга ҳам таҳдид солмоқда. Виртуал оламдаги «моддий фаровонлик» ва «идеал ҳаёт» тарғиботи ёшларда маънавий бўшлиқни ва ўз ҳаётидан норозилик ҳиссини келтириб чиқариши мумкин.
Хулоса шуки, ижтимоий тармоқларга қўйилаётган тақиқлар – эркинликни бўғиш эмас, балки келажак авлодни маънавий ва руҳий таназзулдан асраб қолиш воситаси. Давлат даражасидаги чекловлар билан бир қаторда, ота-оналар ҳам фарзандларини ҳимоя қилиш учун техник имкониятлардан фойдаланишлари зарур. Масалан, Google Family Link ёки Bark каби дастурлар орқали боланинг телефондан фойдаланиш вақтини ва мазмунини назорат қилиш мумкин.
Огоҳ бўлинг, фарзандимизнинг қўлига телефон беришдан олдин, у ердаги «қора туннел» охири қаерга бориши ҳақида ўйлаш вақти етди. Рақамли оламда хавфсизликни таъминлаш нафақат давлатнинг, балки ҳар биримизнинг миллий ва инсоний бурчимиздир.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши халқимизнинг тарихий ўрни ва маънавий қудратини дунёга яна бир бор намоён этган муҳим воқелик бўлди.
БатафсилЯнги Ўзбекистоннинг энг катта стратегик ресурси бўлган навқирон авлод вакиллари жўшқин шижоати, креатив фикрлаши ва янгиликка интилувчанлиги билан инновацион ривожланиш ва барча жабҳада ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Батафсил