Жорий йил 30 майдан 6 июнгача Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг 8-Ассамблеяси ўтказилиши арафасида халқаро ҳамкорлар Марказий Осиёда деградацияга учраган экотизимларни тиклаш ва минтақанинг сув хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббусни тақдим этдилар.
Марказий Осиё ноёб табиий ресурсларга эга: кенг сув-ботқоқ ҳудудлари ва дарёлардан тортиб, тоғ экотизимлари ҳамда қурғоқчил текисликларгача. Ушбу табиий мажмуалар 84 миллиондан ортиқ аҳоли учун ҳаётий муҳим ресурслар – сув, озиқ-овқат ва даромад манбаини таъминлайди. Бироқ сўнгги ўн йилликларда минтақа ортиқча сув ресурсларидан фойдаланиш, ер деградацияси ва иқлим ўзгариши оқибатлари каби жиддий экологик муаммоларга дуч келди.
Ушбу таҳдидларга жавобан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари «Central Asia Water and Land Nexus» (CAWLN) дастури доирасида кучларини бирлаштирди. Мазкур ташаббус Глобал экологик фонд кўмагида, 30 миллион доллар бюджет билан ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти иштирокида амалга оширилмоқда.
Дастур сув ва ер ресурсларини комплекс бошқаришга қаратилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги ерларини тиклаш, чўлланишга қарши курашиш, ўрмонлар ва биохилма-хилликни сақлаш, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашувчанликни оширишни ўз ичига олади. Алоҳида эътибор Амударё ва Сирдарё ҳавзаларига қаратилган – бу минтақанинг асосий сув манбалари бўлиб, аҳолининг қарийб 80 фоизи айнан уларга боғлиқ.
Сўнгги бир ярим аср давомида, айниқса, суғориш мақсадида сув ресурсларидан интенсив фойдаланиш ҳамда ёғингарчиликнинг камайиши ушбу дарёлардаги сув сатҳининг кескин пасайишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида Орол денгизи экологик фалокатининг асосий сабабларидан бирига айланди – унинг ҳажми дастлабкига нисбатан атиги 10 фоизгача қисқарди.
Экотизимлар деградацияси минтақа биохилма-хиллигига жиддий таъсир кўрсатмоқда: ноёб турлар, жумладан, оқбош ўрдак ва Амударё сохта куракбурунлари йўқолиб кетиш хавфи остида. Шу билан бирга, чўлланиш жараёни кучайиб, қишлоқ хўжалиги, аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассисларнинг баҳолашича, ер деградацияси, ўрмонларнинг кесилиши ва бошқа омиллар туфайли йиллик иқтисодий йўқотишлар 6 миллиард долларга етади.
Янги ташаббус доирасида сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва экотизимларни ўзаро боғлиқ ҳолда бошқаришни назарда тутувчи «nexus-ёндашув» қўлланилади. Дастур, шунингдек, трансчегаравий мулоқотни ривожлантириш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, замонавий мониторинг технологияларини, жумладан, сунъий йўлдош тизимлари ва табиий хавфлар бўйича эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этишни ҳам ўз ичига олади.
Ҳудудий ва миллий даражадаги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, Оролбўйи ҳудудида агроўрмончилик ва ерларни барқарор бошқариш бўйича пилот ташаббуслар йўлга қўйилади. Шунингдек, билим алмашиш платформалари яратилади ҳамда экологик хабардорликни ошириш, жумладан, ёшлар орасида, кенгайтирилади.
Дастур амалга оширилиши натижасида деградацияга учраган ландшафтларни тиклаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш кутилмоқда. Бу эса минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаб, миллионлаб инсонлар ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Экология қўмитаси
матбуот хизмати
Ёшлар кунида муҳим ташаббуслар илгари сурилди
🕔09:12, 08.05.2026
✔60
Ёшлар куни муносабати билан партия Марказий кенгашида ташкил этилган очиқ мулоқот ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Унда олий таълим муассасалари талабалари, ёш сиёсатчилар ва стартап ғоялари муаллифлари иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббуслари билан фаол қатнашдилар.
Батафсил
Ноёб доривор ўсимлик Япония технологияси асосида етиштирилади ва қайта ишланади
🕔09:05, 08.05.2026
✔55
Ширинмия (Glycyrrhiza) – жаҳон фармацевтика, озиқ-овқат ва косметология саноатида энг кўп талаб қилинадиган ноёб доривор ўсимликлардан бири ҳисобланади. Уни маданий плантацияларда етиштириш бир қатор муҳим иқтисодий ва экологик афзалликларга эга.
Батафсил
Минтақамиз ва бутун инсоният ҳаётига дахлдор бўлган экологик муаммолар ечими сари жиддий қадам
🕔16:50, 30.04.2026
✔149
Ўзбекистон экологик ислоҳотларни амалга ошириш борасида кейинги йилларда йирик жараёнларнинг ташаббускори бўлиб келмоқда. Астана шаҳрида бўлиб ўтган экологик саммит ташаббусларни минтақавий тарзда кенг тадбиқ қилиш ҳамда муаммоларга биргаликда ечим топиш масаласида катта қадам бўлди.
Батафсил