Ўзбекистонда ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида», «Қурол тўғрисида» ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Янги нормалар ов қилиш жараёнларини тизимлаштириш, овчилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг шаффоф механизмларини яратишга қаратилган.
Қонунга кўра, овчилик гувоҳномаларини бериш давлат хизматлари орқали амалга оширилиши белгиланмоқда. Ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари – овчилик йўлланмаларини бериш махсус электрон дастур орқали амалга оширилади. Бу ов қилиш жараёнини рақамлаштириш ва шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, ов қилиш жойлари аниқ белгиланади. Ов қилиш фақат овчилик хўжаликларига бириктирилган жойларда, шунингдек, белгиланган эркин ов қилиш жойларида амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Эркин ов қилиш жойлари ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
Қолаверса, овчилик хўжаликлари учун ер ажратишнинг янги механизми жорий этилади. Бунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларидан овчилик базаларини ташкил этиш учун 10 гектаргача, питомниклар барпо этиш учун 100 гектаргача ер участкаларини инвестициявий ва шартномавий мажбуриятлар асосида электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш назарда тутилмоқда. Бунда ердан фойдаланиш фақат ов қилиш билан чекланмайди. Питомникларда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш, уларни табиий муҳитга қайта жойлаштириш ва овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни оширишга қаратилган фаолиятга ҳам имконият яратилади.
Бундан ташқари, питомниклар ташкил этиш бўйича мажбурият белгиланади. Агар ер ижарага берилганидан кейин 2 йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомник инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил этилмаса, ижара шартномаси бекор қилиниши белгиланмоқда.
Қонунга кўра, ов квоталарини белгилашда илмий ёндашув кучайтирилади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни белгилаш ва тақсимлашнинг илмий асосланган механизмлари мустаҳкамланади. Бу ҳайвонлар сони ва популяцияларини ҳисобга олган ҳолда ов қилиш ҳажмини белгилаш имконини беради.
Шу билан бирга, питомникларда етиштирилган ҳайвонларни табиий муҳитга қўйиб юбориш рағбатлантирилади. Овчилик хўжаликларига питомникларда етиштирилиб, табиий муҳитга қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар сонига мутаносиб равишда, уларнинг урчиш давридан ташқари вақтларда ов қилишни ташкил этиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.
Қонуннинг асосий мақсади – овчилик соҳасида ягона ва шаффоф ҳуқуқий механизмларни шакллантириш, ов қилиш устидан назоратни кучайтириш, ҳайвонот дунёси ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва овчилик хўжаликларини ривожлантириш билан бирга, биохилма-хилликни сақлашдир. Шу тариқа, овчилик фаолиятини фақат ов қилиш жараёни сифатида эмас, балки ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш, уларни кўпайтириш, табиий муҳитни асраш ва ов туризми инфратузилмасини ривожлантириш билан уйғунлаштирган ҳолда ташкил этиш учун ҳуқуқий асослар кучайтирилмоқда.
Қонун 2026 йил 10 сентябрдан кучга кирди.
Экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ҳамкорлик
🕔11:04, 18.09.2026
✔39
Иқтисодий ислоҳотларда янги босқичга кўтарилиш, барқарор тараққиёт омиллари билан ҳамоҳанг ривожланиш бугунги куннинг асосий талабига айланиб бормоқда. Барча масалаларда шу жиҳатни инобатга олиш кун тартибидаги долзарб масала тусини олди.
Батафсил
Янги қонун Овчиликда янги қоидалар
🕔11:01, 18.09.2026
✔38
Ўзбекистонда ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида», «Қурол тўғрисида» ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Батафсил
Гулсеварлар ҳаракатининг кузги акцияси
🕔10:57, 18.09.2026
✔37
Самарқанд шаҳридаги Ориф Гулханий уй-музейи томонидан салкам чорак асрдан буён «Самарқандни гулга буркаймиз! 1+10» гулсеварлар ҳаракати ҳамда «Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлсин!» ёш гулсеварлар экологик тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Батафсил