Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилБир қарашда оддий манзара: сув ичдингиз, бўшаган пластик идишни қурилмага солдингиз ва бунинг эвазига пул олдингиз.
Аммо ана шу оддий ҳаракат ортида чиқиндиларни бошқариш тизимини ўзгартирадиган катта иқтисодий механизм ётади.
Чиқиндига «кераксиз нарса» эмас, хомашё сифатида қараш – циркуляр иқтисодиётнинг асосий тамойилларидан бири. Бунда маҳсулот истеъмол қилинганидан кейин унинг қадоқлари чиқиндихонада ёки кўчада қолиб кетмасдан, қайта иқтисодий айланмага кириши керак. Бунинг энг самарали воситаларидан бири – фандоматлар, яъни бўш ичимлик идишларини қабул қилиб, эвазига пул ёки бошқа рағбат берувчи автоматик қурилмалардир.
Энди бундай қурилмалар Ўзбекистонда ҳам синовдан ўтказилмоқда.
Ҳар бир бўш идиш учун 150 сўм
Тошкентда Экология вазирлиги биноси олдида пластик, шиша ва алюмин ичимлик идишларини топшириш эвазига пул олиш мумкин бўлган қурилма – фандомат ўрнатилди. Ушбу қурилма ҳар бир идиш учун 150 сўм миқдорида рағбат пули беради. Муҳими, идиш пачақланмаган, бўш ва максимал уч литрли ўлчамда бўлиши зарур.
Қоидаси шундай: телефонингиздаги иловадан (ҳозирча Click) фандоматлар бўлимига ўтиб, фандомат экранидаги QR код сканер қилинади. Кейин бўшаган идиш қурилмадаги махсус тешикка ташланади. Сўнгра экранда «Xayriya» ва «To‘lov» тугмалари чиқади. «To‘lov» тугмасини босиш орқали пуллар Click ҳамёнига тушади. Хайрияга ўтказилганда эса бўшаган идиш эвазига берилган пуллар «Яшил макон» лойиҳасига йўналтирилади.
Фандоматнинг остки қисмида пластик, шиша, алюмин идишлар учун алоҳида учта контейнер жойлаштирилган. Қабул қилинган алюмин, пластик идишлар контейнерларга пресслаб жойланади, уларнинг ҳар бирига 20 мингдан зиёд «баклажка» сиғади. Шиша идишлар эса ўз ҳолича йиғилади.
Ҳозирча идишларнинг ҳажмидан қатъи назар 150 сўмдан пул бериляпти. Кейинчалик ҳажми ва турига қараб пул бериш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
«Мазкур лойиҳа чиқиндиларни саралаган ҳолда йиғиш тизимини ривожлантириш, қайта ишланадиган материалларни иқтисодий айланмага қайтариш ва аҳолининг экологик ташаббуслардаги иштирокини рағбатлантиришга қаратилган», – дейди Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Сардорбек Набиев.
Фандоматлар агентлик ҳузуридаги «Тоза ҳудуд» ДУК ихтиёрига берилган. Корхона йиғилган идишларни тендер орқали савдога чиқаради, тушган маблағлардан идиш топшираётганларга тўлов қилинади. Бу эса айнан циркуляр иқтисодиёт тамойилларига мос келади.
Лойиҳа Норвегиянинг TOMRA компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. TOMRA дунёда биринчи бўлиб 1972 йилда фандомат ишлаб чиқарган компания сифатида машҳур.
Агентлик вакилининг айтишича, фандоматлар TOMRA компанияси томонидан ҳамкорлик лойиҳаси доирасида тақдим этилган, улар сотиб олинмаган.
Ҳозирча Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида шундай фандоматлардан биттадан қўйилган. Агар лойиҳа муваффақиятли натижа берса, республика бўйлаб аҳоли гавжум жойларга ўрнатилиши кўзланмоқда.
Қулай томони
Дунё тажрибасига қаралса, фандомат – чиқиндиларни алоҳида йиғиш занжирининг бир бўғини. У турли мамлакатларда турлича механизм асосида ишлайди. Кенг тарқалган моделлардан бири – депозит-қайтариш тизими (Deposit Return System – DRS).
Унинг классик модели оддий: инсон ичимлик сотиб олганда маҳсулот нархидан ташқари идиш учун белгиланган депозитни ҳам тўлайди. Бўшаган идишни қабул нуқтаси ёки фандоматга қайтарганда эса аввал тўлаган пулини қайтариб олади.
Ўзбекистонда синовдан ўтказилаётган ҳозирги модель бундан фарқ қилади: харидор идиш учун олдиндан депозит тўламайди, балки бўш идишни фандоматга топширгани учун 150 сўм рағбат пули олади. Ҳар икки ёндашувда ҳам асосий мақсадлардан бири – қайта ишланадиган идишларни алоҳида йиғиш ва уларни иқтисодий айланмага қайтариш.
Норвегия: ярим асрлик тажриба
Фандоматлар тарихи Норвегия билан чамбарчас боғлиқ. 1972 йилда ака-ука Петтер ва Торе Планке бўш идишларни қўлда қабул қилишда қийналаётган дўконлар учун автоматлаштирилган қурилма яратади. Шу йили TOMRA компаниясига асос солинади.
Бугун Норвегияда пластик ва алюмин ичимлик идишларини қайтариш даражаси 90 фоиздан юқори. 2024 йил натижаси бўйича қайтариш кўрсаткичи 92 фоизни ташкил этган. Норвегия тажрибасининг эътиборли жиҳати шундаки, тизим аҳолидан фақат экологик онг талаб қилиб қолмайди. У одам учун қулай иқтисодий механизм яратади.
Фандоматлар кенг тарқалган мамлакатлардан бири – Германия. Бу ерда бошқа модель, яъни депозит-қайтариш тизими амал қилади. Харидор тегишли ичимликни сотиб олганда идиш учун ҳам депозит тўлайди. Кейин бўш идишни қабул нуқтаси ёки фандоматга топшириб, депозитини қайтариб олади. Мамлакатда бир марталик ичимлик идишлари учун депозит-қайтариш тизими 2003 йилдан буён амал қилади. Ҳозир тизимга кирувчи идишларнинг қарийб 98 фоизи қайтарилади. Бу ерда муҳим омиллардан бири – қабул нуқталарининг кўплиги. Фуқаро бўш идишни қайтариш учун шаҳарнинг бошқа чеккасидаги махсус чиқинди пунктини қидириши шарт эмас. Қайтариш имконияти кундалик савдо ва истеъмол инфратузилмасига боғланган.
150 сўм қизиқтира оладими?
Ўзбекистондаги тажрибанинг энг қизиқ саволларидан бири шу бўлади. Бир идиш учун 150 сўм катта маблағ эмас. Масалан, 10 та идиш – 1500 сўм, 100 та идиш эса 15 минг сўм бўлади.
Бироқ бу тизимнинг самараси фақат битта идиш учун тўланадиган пул миқдори билан ўлчанмайди. Фуқаро учун учта омил бир вақтда ишлаши керак: рағбат етарли бўлиши, идишни топшириш осон бўлиши ва жараён ортиқча вақт талаб қилмаслиги.
Агар одамлар 150 сўмлик идишни топшириш учун бир неча километр йўл босиши керак бўлса, иқтисодий рағбат ўз маъносини йўқотади. Агар фандомат уй ёнидаги супермаркет, бозор, метро бекати, савдо маркази ёки бошқа кундалик қатнов нуқтасида бўлса, вазият бутунлай ўзгаради.
Қанчалик яқин бўлиши керак?
Жаҳон тажрибаси яна бир муҳим хулосани кўрсатади: юқори натижага эришган тизимларда идиш қабул қилиш нуқталари одамнинг кундалик ҳаётидан узоқ эмас. Германия, Норвегия, Финляндия ва бошқа мамлакатларда супермаркетлар депозит тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади.
Мантиқ оддий: одам ичимликни қаердан сотиб олса, бўш идишни ҳам ўша савдо инфратузилмаси орқали қайтариши мумкин. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда фандоматларни фақат давлат идоралари олдига эмас, балки йирик супермаркетлар, савдо марказлари, бозорлар, университетлар, метро ва транспорт тугунлари каби одамлар оқими юқори ҳудудларга жойлаштириш имконияти пилот натижалари асосида ўрганилиши мумкин.
Катта натижали кичик тажриба
Фандоматлар ҳозирча Ўзбекистон учун кичик тажриба. Унинг қай даражада самара бериши эса одамлар бу имкониятдан қанчалик фойдаланиши ва кейинчалик қурилмалар қаерларга ўрнатилишига боғлиқ бўлади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бўш идишни қайтариш қанчалик қулай ва манфаатли бўлса, у шунчалик тезроқ одатга айланади.
Тошкент ва Жарқўрғондаги икки фандомат катта тизимнинг бошланиши бўладими ёки пилот лойиҳа бўлиб қоладими – буни тажриба натижалари кўрсатади. Аммо бир нарса аниқ: пластик, шиша ва алюмин идишларнинг камида бир қисмини чиқиндига айлантирмай, қайта иқтисодий айланмага қайтариш имкони бор. Бунинг учун эса одамлардан фақат экологик масъулият талаб қилиш эмас, уларга қулай ва манфаатли шароит яратиш ҳам керак.
Шахруза САТТОРОВА
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилОлимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.
БатафсилЙўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.
Батафсил