Экологик «парковка»: яшилликни асраб, қулайлик яратиш имкони
Автомобиль бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Аммо автомобиль сони кўпайгани сари уларни қаерга ва қандай жойлаштириш масаласи ҳам тобора мураккаблашмоқда.
БатафсилОна табиатни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш ва келажак авлодга мусаффо муҳит қолдириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 23 сентябрдаги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқади.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Қашқадарё вилоятида ҳам кўкаламзорлаштириш ишларини тизимли ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фармонга мувофиқ, маҳаллаларда яшиллик даражасини ошириш учун «3-30-300» халқаро стандарти жорий этилади. Унга кўра, ҳар бир инсонга 3 та дарахт, 30 фоиз дарахт сояси ва 300 метр атрофида яшил ҳудуд бўлиши назарда тутилган. 2030 йилга қадар яшил боғлар ва яшил жамоат парклари сонини 1 023 тага етказиш, ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан, умумий узунлиги 10 километрдан кам бўлмаган сояли сайр кўчаларини барпо этиш белгиланган. 2026 йил куз мавсумида эса «Яшил макон» доирасида 257 та яшил боғ ва жамоат парки яратилади.
Аҳолининг яшил ҳудудлар барпо этиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2027 йил 1 январдан «Яшил лот» тизими жорий этилади. У орқали мавжуд ер участкалари яшил боғлар барпо этиш учун жисмоний ва юридик шахсларга берилади. Шунингдек, 2028 йил 1 сентябрга қадар ҳудудларнинг иқлимий-географик хусусиятларига мос дарахт ва бута кўчатларини етиштиришга ихтисослашган «Ин-Витро» лабораториялари ташкил этилади.
2026 йил 1 октябрдан республикада тозалик ва ободонлаштириш бўйича икки ойлик ўтказилиб, яшил ҳудудлар учун майдонлар аниқланади, ерлар тайёрланади ва кўчатлар захираси шакллантирилади. 20 ноябрдан эса Қашқадарё вилоятида ҳам кўчат ва буталар экиш мавсуми бошланади.
Фармоннинг муҳим жиҳати – кўкаламзорлаштириш ишлари маҳалла ва аҳолига янада яқинлашаётганида. Қашқадарё вилоятининг иссиқ ва қуруқ иқлими, айрим ҳудудларда сув ресурсларининг чекланганини инобатга олган ҳолда, ҳар бир маҳаллада бўш ва фойдаланилмаётган майдонлар хатловдан ўтказилмоқда. Ғузор, Нишон, Миришкор ва Муборак каби иқлими оғир ҳудудларда сувсизлик ва шўрланишга чидамли, маҳаллий шароитга мос дарахт турларини экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллаларда «Яшил жамоат парклари» ва ихчам сайргоҳлар ташкил этилиб, уларни парваришлаш маҳалла еттилиги иштирокида йўлга қўйилади.
Жанубий ҳудуд учун энг долзарб масалалардан бири сувдан оқилона фойдаланишдир. Шу боис, янги «Яшил белбоғ» ва маҳалла боғларида томчилатиб ҳамда ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий этилмоқда. Марказий сув тармоқларидан узоқ ҳудудларда қуёш панеллари асосида ишлайдиган артезиан қудуқлари ташкил этилмоқда.
Экилган ҳар бир кўчат «Яшил макон» электрон платформасига геопозицияси ва уни суғоришга масъул шахс ҳақидаги маълумотлар билан киритилиши белгиланган. Бу кўчатларнинг ҳолатини назорат қилиш ва ҳисоботларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, «Энг яшил маҳалла», «Энг обод хонадон» каби танловлар орқали аҳоли ўртасида экологик маданият ва соғлом рақобат муҳити шакллантирилади. Дарахтларни ноқонуний кесиш ва пайҳон қилиш ҳолатларига қарши жамоатчилик назорати ҳам кучайтирилади.
Зеро, дарахт экишнинг ўзи етарли эмас. Уни асраш, суғориш ва парваришлаш ҳам бирдек муҳим. Айниқса, Қашқадарё сингари иссиқ ва қуруқ иқлимли ҳудудларда кўчатнинг яшаб қолиши уни экишдан кейинги парваришга бевосита боғлиқдир.
Табиатга меҳр оиладан, экологик масъулият эса маҳаллада шаклланади. Бугун экилган ҳар бир дарахт эртанги авлод учун соя, тоза ҳаво ва соғлом муҳитдир. Давлатимиз раҳбарининг Фармони доирасида Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Носир ҲАЛИМОВ,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
Автомобиль бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Аммо автомобиль сони кўпайгани сари уларни қаерга ва қандай жойлаштириш масаласи ҳам тобора мураккаблашмоқда.
БатафсилАммо бу «вирус» хабар ортида бир аччиқ ҳақиқат яширин: ижтимоий тармоқларда муҳокамага чиқмаётган, лекин сайёрамиз кўз ўнгимизда йўқотаётган ҳақиқий сув ҳавзалари фожиаси бор.
БатафсилОна табиатни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш ва келажак авлодга мусаффо муҳит қолдириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан.
Батафсил