Навоийлик талабаларнинг ободликка қўшган ҳиссаси
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилАммо бу «вирус» хабар ортида бир аччиқ ҳақиқат яширин: ижтимоий тармоқларда муҳокамага чиқмаётган, лекин сайёрамиз кўз ўнгимизда йўқотаётган ҳақиқий сув ҳавзалари фожиаси бор.
Яқинда ижтимоий тармоқларда «Аргентина қирғоқларида океан бир кечада қуриб қолди», деган мазмундаги ваҳимали видеолар тарқалди ва миллионлаб инсонларда глобал ҳалокат қўрқувини уйғотди. Кейинчалик олимлар бунинг оддий табиий ҳодиса – кучли шамол ва атмосфера босими туфайли сувнинг вақтинча ортга чекиниши эканини исботлашди. Аммо бу «вирус» хабар ортида бир аччиқ ҳақиқат яширин: ижтимоий тармоқларда муҳокамага чиқмаётган, лекин сайёрамиз кўз ўнгимизда йўқотаётган ҳақиқий сув ҳавзалари фожиаси бор.
Бугун инсоният глобал қурғоқчилик ва сув ресурсларини аёвсиз талон-тарож қилиш оқибатида минг йиллик экотизимлар саҳрога айланмоқда. Қуйида дунё харитасидан бутунлай ўчиб бораётган ва аллақачон ғойиб бўлган энг йирик экологик фожиа нуқталари ҳақида сўз юритамиз.
1. Ўлик денгиз: ҳар йили бир метр инқироз
Ер юзининг энг паст ва энг шўр нуқтаси ҳисобланувчи, Иордания, Исроил ва Фаластин чегарасидаги ноёб маскан Ўлик денгиз йил сайин том маънода ўлиб бормоқда. Унинг сув сатҳи йилига ўртача 1 метр тезликда пасаймоқда.
Денгизни тўйинтирадиган ягона манба Иордан дарёси сувлари инсонлар томонидан ичимлик ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун деярли тўлиқ буриб юборилган. Шунингдек, қирғоқдаги калий ва минераллар ишлаб чиқарувчи саноат гигантлари сувни сунъий равишда ҳаддан зиёд буғлантирмоқда.
Сув чекинган ҳудудларда ер ости бўшлиқлари пайдо бўлиб, қирғоқларда минглаб даҳшатли ўпирилиш ўралари вужудга келган. Бу эса минтақадаги инфратузилма ва туризмни тамоман йўқ қилмоқда.
2. Чад кўли: 60 йилда 90 фоизли йўқотиш
Марказий Африканинг бир пайтлар энг серсув ва ҳаёт манбаи бўлган Чад кўли охирги олтмиш йил ичида ўз майдонининг 90 фоизидан маҳрум бўлди. Африканинг тўрт давлатини боқиб турган улкан кўлдан бугун арзимас кўлмаклар қолган.
Давомли кучли қурғоқчилик ва кўл атрофида яшовчи миллионлаб аҳолининг суғориш тизимлари учун сувни назоратсиз, режасиз равишда сарфлаши сабабли ҳозирги холатга келиб қолган бу кўл.
Бу фақат экологик эмас, балки даҳшатли гуманитар инқироздир. Сувсизлик минтақада озиқ-овқат тақчиллиги, қашшоқлик ва сув манбалари устидаги қуролли тўқнашувларга замин яратмоқда.
3. Орол денгизи: инсоният тарихидаги энг йирик ҳалокат
Минтақамизда жойлашган Орол фожиаси бутун дунё олимлари томонидан инсон қўли билан яратилган энг мудҳиш экологик катаклизм деб тан олинган. Собиқ иттифоқ даврида иқтисодий кўрсаткичлар кетидан қувиб, Амударё ва Сирдарё сувларининг пахта майдонларини суғоришга ёппасига ва шафқатсизларча йўналтирилиши оқибатида денгизнинг 90 фоизи қуриб, унинг ўрнида 6 миллион гектарли Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Қуриган денгиз тубидан кўтарилаётган туз ва кимёвий чанг бўронлари минглаб километр узоқликка тарқалиб, миллионлаб инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Ҳозирда давлатимиз томонидан денгиз тубига чўл ҳудудига мос бўлган дарахт ва буталар экиб, «яшил қоплама» барпо этиш орқали бу заҳарли чангни жиловлаш устида катта ишлар олиб борилмоқда.
4. Титикака: анд тоғларидаги баландлик фожиаси
Жанубий Американинг энг йирик ва дунёдаги энг баланд тоғли кўли ҳисобланган Титикака (Перу ва Боливия чегарасида) ҳам иқлим инқирози қурбонига айланмоқда. «Эл-Ниньо» табиат ҳодисаси келтириб чиқарган мисли кўрилмаган қурғоқчилик, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида буғланишнинг кескин ортиши ва кўлни таъминловчи Анд музликларининг эриб битаётгани сабабли кўл суви тарихий минимум даражага тушди. Сув қирғоқ чизиғидан юзлаб метр нарига чекингани сабабли, асрлар давомида балиқчилик билан кун кечирган маҳаллий халқлар очлик ва ишсизлик ёқасида қолди.
5. Поопо кўли: тўлиқ ғойиб бўлган экотизим
Боливиянинг иккинчи йирик кўли бўлган Поопонинг тақдири инсоният учун энг жиддий огоҳлантириш бўлиши керак. Чунки бу кўл 2015 йилда бутунлай қуриб қолди ва расман хариталардан ўчирилди. Минтақадаги йирик тоғ-кон саноати корхоналари томонидан кўлга қуйиладиган дарё сувларининг чексиз ишлатилиши ва глобал иқлим ўзгариши натижасида бир вақтлар турли-туман қушлар ва балиқлар макони бўлган улкан экотизимдан фақат тузли тақир ер қолди. Минглаб маҳаллий аҳоли «экологик қочқин»га айланиб, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Ижтимоий тармоқлардаги сохта шов-шувлар, кликбейт сарлавҳалар ва сохта видеолар одамлар диққатини соатлик ҳодисаларга қаратади. Аммо юқоридаги кўл ва денгизларнинг қуриши йиллар давомида секин, аммо қайтариб бўлмас тарзда содир бўлаётган ҳақиқий ҳалокатдир.
Сайёрамиздаги оби-ҳаёт манбаларининг қуриши шунчаки табиатнинг ўзгариши эмас, бу келажакдаги озиқ-овқат, иқлим ва инсоният яшаши учун зарур бўлган тизимнинг парчаланишидир. Агар бугун сув ресурсларига бўлган муносабатимизни қонунан ва тубдан ўзгартирмасак, эртага харитадан ўчадиган навбатдаги ном биз яшаб турган макон бўлиши ҳеч гап эмас.
Азизбек АКБАРОВ,
ЎЭП Марказий Кенгаши
бўлим бошлиғи
Кўчалар озодалиги, ариқлар тозалиги, дарахтлар соясидаги саранжом-саришта йўлаклар... Буларнинг барчаси маҳаллага ўзгача файз бағишлайди.
БатафсилОлимлар Ўзбекистон табиатида яна бир ноёб жонивор мавжудлигини тасдиқлади. Узоқ йиллар давомида деярли учрамаган, ҳатто тирик ҳолда кузатиш имконияти жуда чекланган туркман узунқулоғи номли кўршапалак илк бор мамлакатимиз ҳудудида аниқланди.
БатафсилЙўллар шаҳар ва қишлоқларни, одамлар ва бозорларни, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларни бир-бирига боғлайди. Улар масофаларни яқинлаштириб, тараққиётга хизмат қилади.
Батафсил