Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Экологик барқарорлик – мамлакат тараққиёти ва инсон саломатлигининг муҳим шарти

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Гаппоров Хайрилло Лутпиллаевич билан суҳбат

Экологик барқарорлик – мамлакат тараққиёти ва инсон саломатлигининг  муҳим шарти

– Ҳурматли Хайрилло Лутпиллаевич, сизни узоқ йиллардан бери мамлакат ҳаё­тида муҳим аҳамият касб этувчи парламентда фаолият юритиб келаётган фидойи депутатлардан бири сифатида биламиз. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасини ҳам бошқариб келяпсиз. Айтинг-чи, парламентга дастлабки сайланган пайтингиздан то ҳозирги кунга қадар экологик қонунчиликда қандай катта ўзгаришлар бўлди?

– Бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси ягона мақсадга – инсон учун янада қулай ҳаёт муҳитини яратиш, табиат ва жамият ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ҳамда келажак авлодларга экологик барқарор мамлакатни мерос қилиб қолдиришга қаратилганини кўрамиз. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири сифатида экологик барқарорлик ғояси тобора мустаҳкам қарор топаётганини яққол тасдиқлайди.

Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, энг аввало, мустаҳкам ҳуқуқий асосларга таянади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам айнан шу тамойил ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, соҳада амалга оширилган институционал ўзгариш­лар мамлакатимиз экологик сиёсатини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Энди экологик хавфсизлик фақат давлат идораларининг вазифаси эмас, балки бутун жамият тараққиётининг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда. Бунинг ёрқин тасдиғи сифатида кейинги ўн йилда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 25 га яқин яхлит қонунлар қабул қилинганини қайд этиш ўринли.

Уларнинг аксарияти янги қонунлар ҳисобланади. Айниқса, 2025 йил экология соҳаси учун том маънода ҳуқуқий янгиланишлар йили бўлди. Экологик экспертиза ва стратегик экологик баҳолаш тизимининг такомиллаштирилиши, Орхус конвенциясига қўшилиш, иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш бўйича ҳуқуқий механизмларнинг жорий этилиши ҳамда мамлакатимиз тарихида илк бор Сув кодексининг қабул қилиниши соҳанинг мутлақо янги ривож­ланиш босқичига ўтганидан далолат беради.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришда биринчи навбатда мавжуд қонунларни ислоҳотларга ҳамоҳанглиги таъминланган бўлса, иккинчидан мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ижобий ўзгаришлар янги муносабатларни ҳуқуқий томондан тартибга солишни тақозо этди.

Бугун қабул қилинаётган ҳар бир қонун, илгари сурилаётган ҳар бир ташаббус ва амалга оширилаётган ҳар бир миллий лойиҳа ягона ва эзгу мақсадга – фуқароларимизнинг қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш ва келажак авлодлар учун барқарор тараққиёт пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда.

– Бугунги жараёнларда айрим кимёвий чиқиндилар ёки таркибида кимёвий элементлар мавжуд бўлган маҳсулотлар утилизацияси масаласи кўп баҳсларга сабаб бўляпти. Уларнинг экологияга зарарли таъсири ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳолат. Сиз узоқ йиллик тажрибага эга кимёгар олим ҳамда давлат ва жамоат арбоби сифатида бу масалага қандай ечим таклиф қилган бўлардингиз? Сизнингча, бу масаланинг бизнинг шароитимиз учун энг мақбул ечими қандай бўлиши керак?

– Кимёвий моддалар саноатда, қиш­лоқ хўжалигида, тиббиётда кенг қўлланилади ва иқтисодиёт учун аҳамия­ти катта, лекин нотўғри сақланиши, ташилиши ёки зарарсизлантирилиши жиддий экологик ва санитария муаммоларини келтириб чиқаради. Энг аввало, бир нарсани тушуниб олишимиз керак: барча чиқиндиларни бир хил технология асосида йўқ қилиш мумкин эмас. Маиший қоғоз ва пластик билан турғун органик ифлослантирувчилар, оғир металлар ёки эскирган пестицидлар бутунлай бошқа хавф. Шунинг учун асосий ёндашув хавф даражасига асосланган тизим бўлиши керак.

Ўзбекистон 2019 йили Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (Стокгольм, 2001 йил 22 май) ратификация қилган. Ушбу қонун мажбурий характерга эга бўлиб, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофазалаш мақсадида уларни кескин қисқартиришга, ташланмаларини тўхтатишга ҳамда одам организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи хавфли бирикмалар ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралаш ёки тақиқлашга йўналтирилган Конвенцияни ратификация қилишни назарда тутади.

Конвенцияни ратификация қилиш турғун органик ифлослантирувчи моддалар билан боғлиқ экологик ҳолатнинг яхшиланишига, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этишга ёрдам бермоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқи имтиёзлари бош тизимига қўшилиши ҳисобига мамлакатимизда ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш имконини яратди.

Ҳамма кимёвий чиқиндини бир хил йўқ қилиб бўлмагани учун уларни хавф бўйича таснифлаш ва ҳар бир партияни электрон кузатиш, органик хавфли чиқиндига юқори ҳароратли зарарсизлантириш, оғир металлга барқарорлаштириш ва махсус кўмиш, эскирган пестицид захираларини инвентаризация қилиш ва навбат билан йўқ қилиш, ишлаб чиқарувчи ва импортёрнинг кенгайтирилган масъулиятини таъминлаш бу борадаги муҳим шартлардир.

Шунингдек, кимёвий чиқиндилар ёки таркибида кимёвий элементлар мавжуд бўлган маҳсулотларни утилизация қилиш, зарарсизлантиришда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш лозим:

– хавфли кимёвий чиқиндиларнинг ягона электрон миллий реестрини шакллантириш, чиқинди ҳосил бўлишидан зарарсизлантиришгача рақамли кузатув;

– чиқиндиларни кимёвий таркибига қараб таснифлаш ва саралаш, оғир металл бор чиқиндиларни барқарорлаштириш, тиклаш мумкин бўлган компонентларни ажратиш, органик хавфли моддаларни махсус термик технологияларда зарарсизлантириш, ҳар бир усул учун технологик ва газ тозалаш талабларини белгилаш;

– ишлаб чиқарувчи ва импортёрнинг кенгайтирилган масъулиятини кучайтириш, аккумулятор, электрон қурилма, симобли лампа, кимёвий модда қадоғи учун уларни йиғиш ва утилизацияни молиялаштириш мажбурияти сингари муҳим жиҳатлар бор.

Асосий мақсад чиқиндиларни шунчаки йўқ қилиш эмас, балки ҳосил бўлишини камайтириш, қайта фойдаланиш мумкин қисмини иқтисодий айланмага қайтариш ва хавфли қисмини инсон ва табиатга зарар етказмай зарарсизлантиришдир.

– Юқоридаги саволнинг давоми тарзида яна бир масалани ойдинлаштириб олсак. Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган пестицидларнинг таъсири борасида бир-бирини инкор қилувчи турли фикрлар бор. Деҳқон-фермерлар маҳсулот етиштириш учун муайян маънода кимёвий моддалардан фойдаланишни зарурат тақозоси, деб билса, бошқалар бу тупроқ унумдорлиги, сув ва ҳаво сифати ҳамда инсон саломатлиги учун салбий таъсирга эга эканини таъкидлаяпти. Бу масалада олим сифатида сизнинг фикрингиз ва тўғри ечим қандай бўлиши керак?

– Назаримда бу масалага «пестицид керакми ёки керак эмасми?» деган савол билан эмас, балки «Қайси восита, қанча миқдорда, қайси шароитда ва қандай назорат асосида қўлланилиши керак?» деган илмий ёндашув билан қарашимиз лозим.

Бир томондан, ҳосилдорликни сақлаш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун ўсимликларни ҳимоя воситаларидан фойдаланиш зарур. Халқаро тадқиқотларга кўра, пестицидлардан воз кечилса, мева етиштиришда йўқотиш 78 фоизгача, сабзавотда 54 фоизгача, ғаллада 32 фоизгача етиши мумкин. Бу озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита боғлиқ жиддий далил. Дунё миқёсида ФАО маълумотига кўра, 2022 йилда қишлоқ хўжалигида 3,7 млн тонна пестицид таъсир этувчи модда ишлатилган (2021 йилга нисбатан 4 фоиз кўп), гектарига ўртача 1,8 кг тўғри келган.

Иккинчи томондан, пестицидлардан меъёрсиз ва назоратсиз фойдаланиш тупроқ, сув, ҳаво, биохилма-хиллик ва инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин. Асосий хавфлар тўртта: а) айрим пестицидлар тупроқда узоқ сақланиб, микроорганизмлар фаолияти ва биологик мувозанатга таъсир қилади; б) суғориш ва ёғингарчиликда бир қисми ер усти ва ер ости сувларига ўтади – сув танқис мамлакат учун жиддий хавф; в) белгиланган кутиш муддатларига риоя қилинмаса, қолдиқлар маҳсулотда сақланиб истеъмолчига етиб боради; г) кенг таъсирли воситалар асалари ва зараркунандаларнинг табиий душманларига зарар етказади, узоқ таяниш эса резицентлик шакллантиради – фермер дозани оширишга мажбур бўлади.

Шу билан бирга, фермерларга пестицидлардан бутунлай воз кечишни тавсия қилиш ҳам тўғри эмас. Бу ҳосилдорлик ва хўжалик иқтисодий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Энг тўғри йўл – интеграциялашган ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимига ўтиш. Бу тизимда зараркунандалар мониторинг қилинади, иқтисодий зарар етказиш чегараси аниқланади ва кимёвий воситалар фақат заруратда қўлланилади.

Мамлакатимизда ўсимликларнинг ривож­ланишини, пишиб етилишини тезлаштириш, ҳосилдорлиги ва сифатини ошириш, шунингдек тупроқ унумдорлигини яхшилаш учун фойдаланиладиган кимёвий воситалар «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги бир қатор қарорлари билан тартибга солиб келинмоқда. ФАО ва Европа Иттифоқининг 3,9 млн евролик лойиҳаси доирасида эскирган пестицидлар инвентаризация қилинмоқда, юқори хавфли пестицидларни босқичма-босқич чиқариш бўйича миллий ҳаракат режаси ишлаб чиқилган. Зарур ҳолларда кимёвий ҳимояни сақлаган ҳолда энг хавфли турларни қисқартириш, биологик усулларни кенгайтириш ва ҳар бир қўллашни илмий мониторинг билан боғлаш бу борадаги муҳим жиҳатлар ҳисобланади.

– Пестицидлар иқлим ўзгаришига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинми?

– Ҳа, мумкин, лекин бу боғлиқлик асосан билвосита ва уни илмий жиҳатдан тўғри ифодалаш керак.

Пестицидларни иқлим ўзгаришининг асосий сабаби деб кўрсатиш илмий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Қишлоқ хўжалигида иссиқхона газларининг катта қисми ердан фойдаланиш ўзгариши, чорвачилик ва минерал ўғитларга тўғри келади.

Боғлиқликни икки томонлама кўриш мумкин. Биринчиси — ишлаб чиқариш ва қўллаш орқали иқлимга таъсир. Синтетик пестицидларнинг деярли барчаси углеводород хомашё­си асосида ишлаб чиқарилади; Pesticide Action Network шарҳига кўра 1 кг пес­тицид ишлаб чиқариш ўртача азотли ўғитга нисбатан тахминан 10 баравар кўп энергия талаб этади. ФАО 2022 йилда пестицид ишлаб чиқаришдан иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳисоблаш методикасини эълон қилган. Айрим пестицидлар учувчан органик бирикмалар ажратиб, ер сатҳи озонининг прекурсорларига айланади; фумигантлар ва айрим воситалар тупроқда азот (I) оксиди (N₂O) ҳосил бўлишига таъсир қилиши мумкин. Бироқ бундай таъсирларни барча пестицидларга умумлаштириш мумкин эмас.

Иккинчиси, иқлим ўзгариши пестицидларга бўлган эҳтиёжни оширади. Ҳароратнинг кўтарилиши айрим зараркунандалар ривожланишини тезлаштириб, бир мавсумда кўпроқ авлод бериш имконини яратади; илгари учрамаган зараркунандалар янги ҳудудларга тарқалади; қурғоқчилик ва ҳарорат стресси ўсимликни заифлаштириб, касаллик ва зараркунандаларга мойиллигини оширади. Натижада ўзига хос айланма юзага келади: иқлим зараркунандага қулай шароит яратади, пестицидга эҳтиёж ортади, ишлаб чиқариш ва қўллаш эса муайян экологик юкни келтириб чиқаради.

– Сиз 24-Наманган вилояти сайлов округи депутати сифатида ҳамиша округ ҳудудида бўлиб, сайловчилар билан мулоқот қилаётганингиз, уларнинг муаммоларига ечим топишга интилаётганингизни кузатиб боряпмиз. Айтинг-чи, сайловчилар қайси масалалар юзасидан сизга энг кўп мурожаат қилишмоқда?

– Депутатлик фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири сайловчилар билан доимий мулоқот, уларнинг кундалик муаммоларини ўрганиш ва амалий ечим топишдир. Депутатнинг фаолияти фақат қонунлар ишлаб чиқиш билан чекланмайди, балки у аввало халқнинг вакили. Шунинг учун сайловчиларнинг мурожаатлари, таклифлари ва танқидий фикрлари фаолиятимизнинг муҳим мезони ҳисобланади.

Бугунги кунда аҳоли мурожаатларининг асосий қисмини экологик масалалар ташкил этади. Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш, атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш, ичимлик сув таъминоти, оқава сувларни чиқариб юбориш тармоқларига тааллуқли, ижтимоий объектлар қурилиши ва модернизацияси, ер муносабатлари билан боғлиқ мурожаатлар кўпроқ.

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан ташаббусли бюджет жараёнларида халқ вакилларига катта имкониятлар берилгани аҳолини мамнун қилмоқда. Яъни, ташаббусли бюджетда етарлича овоз тўплай олмасдан ғолиб бўлолмаган, лекин ҳудуд учун аҳамияти катта лойиҳалар депутатлар овози билан молиялаштирилмоқда. Бу жамоатчилик учун қўшимча имкониятлар яратиб, маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Президент қарори билан Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган. Сайловчилар билан ўтказилаётган мулоқотлар давомида ана шу йўналишда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратиляпти.

– Юртимизда экологик маданиятни юксалтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ҳар бир фуқарода экологик масъулиятни кучайтириш ва мус­таҳкам қарор топтириш учун сизнинг назарингизда яна нималарга эътибор бериш муҳим, деб ҳисоблайсиз?

– Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси бу йўналишда муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Зотан, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида юзага келаётган экологик муаммоларни самарали ҳал этиш аввало жамиятдаги экологик маданият даражасига бориб тақалади.

Концепциянинг асосий мақсади этиб, ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривож­лантириш, ушбу йўналишда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, аҳолининг барча қатламларида экологик маданиятни, шу жумладан «яшил» истеъмол маданиятини янада юксалтиришдан иборатлиги белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун 5 та муҳим вазифа аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил 25 мартдаги «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда аҳоли орасида экологик одатларни шакллантириш, таълим муассасалари фаолиятининг барча босқичларини халқаро стандартлар ҳамда экологик меъёрлар асосида қайта йўлга қўйиш, шунингдек, «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассисларни дуал таълим шаклида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш имконини яратди.

Экологик маданиятни фақат тарғибот билан шакллантириб бўлмайди. У учта нарсанинг бирлигидан иборат: билим, қулай инфратузилма ва рағбат билан жавобгарлик.

Қанчалик яхши қонунлар қабул қилмайлик, агар ҳар бир инсон табиатга нисбатан масъулиятли бўлмаса, кутилган натижага эришиш қийин.

«Экологик маданият», деганда фақат кўчага чиқинди ташламасликни тушунмаслик керак. У инсоннинг сув, энергия ва ерга тежамкор муносабати, хатти-ҳаракатлари оқибатини англаб яшашидир.

Экологик маданиятни янада юксалтириш учун қуйидаги масалаларга эътибор бериш зарур деб ўйлайман:

– экологик таълимни мактабгача таълимдан бошлаб тизимли йўлга қў­йиш, жумладан, бевосита болалар иштирокида чиқиндиларни саралаш, кўчат парваришлаш, сув-энергия ҳисоби каби амалий лойиҳаларни ўтказиш;

– рағбат инфратузилмага таяниши, аҳолидан саралашни талаб қилишдан олин контейнерлар, олиб чиқиш графиги ва қайта ишлаш тармоғи яратилган бўлиши;

– маҳалла институтининг иштирокини кучайтириш, санитария, яшил ҳудудлар, саралаш ва дарахт парвариши бўйича аниқ ташаббуслар;

– иқтисодий рағбат ва жавобгарликни боғлаш, экологик талабга амал қилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, табиатга зарар етказишга нисбатан жавобгарлик муқаррарлиги;

– экологик ахборот очиқлиги ва жамоатчилик назорати, ҳаво сифати, сув ҳолати, чиқинди ҳажми ва лойиҳалар тўғрисида ишончли маълумот, рақамли хабар бериш ва кузатув тизимлари.

Табиатни муҳофаза қилиш фақат экологлар, олимлар ёки давлат идораларининг вазифаси эмас, бу ҳар бир инсоннинг бурчи. Биз фарзандларимизга қандай табиатни мерос қолдирамиз, бу бизнинг бугунги қарорларимизга боғлиқ. Экологик хавфсизлик бу – фақат табиатни муҳофаза қилиш эмас, балки инсон саломатлиги, иқтисодий барқарорлик ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятни таъминлашдир. Шу боис экологик муаммоларни оқибатлари билан курашиш орқали эмас, балки уларнинг олдини олишга қаратилган илмий, ҳуқуқий ва иқтисодий тизимни шакллантириш орқали ҳал этишимиз зарур.

 

«Oila va TABIAT» мухбири

Ғулом БОБОЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Экологик барқарорлик – мамлакат тараққиёти ва инсон саломатлигининг  муҳим шарти

Экологик барқарорлик – мамлакат тараққиёти ва инсон саломатлигининг муҳим шарти

🕔14:18, 30.10.2026 ✔154

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Гаппоров Хайрилло Лутпиллаевич билан суҳбат

Батафсил
Сапаргул  ЎТЕМУРАТОВА:  Жамиятда масъулият  шаклланмаса, энг қатъий қонунлар ҳам кутилган натижани бермайди

Сапаргул ЎТЕМУРАТОВА: Жамиятда масъулият шаклланмаса, энг қатъий қонунлар ҳам кутилган натижани бермайди

🕔13:23, 15.10.2026 ✔217

Бугунги суҳбатдошимиз – Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси ҳамда қуйи палатанинг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Сапаргул ЎТЕМУРАТОВА.

Батафсил
Экологик хавфсизлик  таъминланмаган иқтисодиёт инқирозга юз тутади

Экологик хавфсизлик таъминланмаган иқтисодиёт инқирозга юз тутади

🕔16:50, 04.06.2026 ✔440

Ўзбекистон «яшил» иқтисодиётга батамом ўтиши учун яна нималарга эътибор қаратиш керак? Бу борада етакчи давлатлар тажрибалари қандай? Бугунги кунда қонун ижодкорлиги қай даражада шаффоф ишламоқда?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар