Инсон саломатлиги – энг катта бойлик. Уни асраш эса касаллик пайдо бўлгандан кейин даволаш билангина эмас, балки хасталикларнинг олдини олиш, хавф омилларини ўз вақтида аниқлаш ва мунтазам тиббий кўриклардан ўтиш билан ҳам боғлиқ.
Айниқса, онкологик касалликларга қарши курашишда эрта ташхиснинг аҳамияти беқиёс. Чунки касаллик дастлабки босқичларда аниқланса, беморни ўз вақтида даволаш ва унинг ҳаёт сифатини сақлаб қолиш имкониятлари ортади.
Бугун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, профилактика ишларини кучайтириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бирига айланган. Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 16 февралдаги «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида»ги Фармонида ҳам бу йўналишдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур вазифалар ижросини мониторинг қилиш доирасида «Юксалиш» ҳаракати Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоятда онкологик касалликларни эрта аниқлаш, хусусан, хотин-қизлар ўртасида бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича скрининг текширувларини ташкил этиш ҳолати ўрганилди.
Вилоят ҳокимининг 2026 йил 5 мартдаги қарорига мувофиқ, бир йилда 14,4 минг нафар аёлни бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш, 39,1 минг нафар аёлни эса кўкрак бези саратонини барвақт аниқлаш бўйича мақсадли скрининг текширувларидан ўтказиш белгиланган. Бу рақамлар шунчаки режавий кўрсаткич эмас. Уларнинг ортида минглаб хотин-қизлар саломатлиги, оиласи ва яқинларининг хотиржамлиги мужассам.
Албатта, бундай кенг қамровли профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш учун замонавий тиббий жиҳозлар, малакали мутахассислар ва пухта йўлга қўйилган ташкилий тизим зарур. Мониторинг давомида вилоятда бу борада муайян ишлар амалга оширилаётгани билан бирга, ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам аниқланди.
Мисол учун, Гулистон шаҳрида онкология йўналишида кадрлар билан таъминлаш масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги кўринди. Шунингдек, айрим скрининг аппаратларидан узоқ йиллардан буён фойдаланилмоқда. Тиббий жиҳозларнинг техник ҳолатини мунтазам баҳолаш, зарурат туғилганда уларни таъмирлаш ёки босқичма-босқич замонавий ускуналарга алмаштириш тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Мирзаобод туманида ҳам онкология йўналишида мутахассислар билан таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Бу эса кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, мавжуд тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва зарур мутахассисларни жалб этиш бўйича амалий чораларни кучайтиришни тақозо этади.
Янгиер шаҳрида эса янги маммография аппарати етказиб берилиши кутилмоқда. Унинг ўрнатилиб, ишга туширилиши кўкрак бези касалликларини эрта аниқлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу боис аппаратни белгиланган муддатларда етказиб бериш, ўрнатиш ва фойдаланишга топшириш жараёнларини назорат қилиш муҳим.
Ховос туманида мавжуд тиббий аппаратга техник хизмат кўрсатиш масаласи эътибор талаб этади. Носозлик юзага келганда уни таъмирлаш учун бошқа ҳудуддан мутахассис келишини кутишга тўғри келаётгани аниқланган. Бундай ҳолатлар текширув жараёнида узилишларга сабаб бўлмаслиги учун техник хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, зарур эҳтиёт қисмлар захирасини шакллантириш ва сервис хизматларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Бироқ онкологик касалликларни эрта аниқлаш самарадорлиги фақат тиббий аппаратлар ва мутахассислар билан таъминланганликка боғлиқ эмас. Бу жараённинг энг муҳим босқичларидан бири – скрининг натижасида шубҳали ҳолат аниқланган фуқаронинг кейинги тиббий текшируви ва назоратини таъминлаш. Бошқача айтганда, бемор скринингдан ўтказилгани билан жараён якунланмайди. Агар текширувда шубҳали ҳолат аниқланса, уни қўшимча диагностикага йўналтириш, натижаларни аниқлаштириш ва зарур даволаш чораларини ўз вақтида бошлаш лозим. Шу боис скринингдан ўтганлар сони билан бир қаторда, қўшимча текширувга йўналтирилганлар ва кейинги тиббий ёрдам билан қамраб олинганлар ҳолатини ҳам мунтазам кузатиб бориш талаб этилади.
Бу борада маҳаллалар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хавф гуруҳига кирувчи хотин-қизларни тиббий кўрикларга ўз вақтида жалб этиш, уларга скринингнинг аҳамиятини тушунтириш, белгиланган текширувлардан ўтишини таъминлашда маҳалла фаоллари, тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик институтлари ҳамкорлиги яхши натижа бериши мумкин.
Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳар кесимида скрининг режалари, текширувдан ўтганлар сони, аниқланган шубҳали ҳолатлар ҳамда кейинги тиббий ёрдамга йўналтирилган фуқаролар ҳақида аниқ маълумотлар юритилиши зарур. Бу нафақат жараённинг шаффофлигини таъминлайди, балки мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш имконини ҳам беради.
Сирдарё вилоятида ўтказилган мониторинг натижалари бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатмоқда: онкологик касалликларни эрта аниқлаш тизимида скрининг қамрови, тиббий хизмат сифати, кадрлар салоҳияти ва техник таъминот бир-бири билан узвий боғлиқ. Уларнинг бирортасидаги камчилик бутун жараён самарадорлигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу маънода, белгиланган 14,4 минг нафар аёлни бачадон бўйни саратони, 39,1 минг нафар аёлни эса кўкрак бези саратони бўйича скрининг текширувларидан ўтказиш вазифаси фақат сон жиҳатидан эмас, балки сифат ва натижадорлик нуқтаи назаридан ҳам таъминланиши лозим. Бунинг учун тиббий жиҳозларни янгилаш, мутахассислар етишмовчилигини бартараф этиш, техник хизмат кўрсатишни яхшилаш ва текширувдан кейинги тиббий кузатувни кучайтириш бўйича чоралар изчил давом эттирилиши зарур.
Зеро, касалликни эрта аниқлаш – уни ўз вақтида даволаш сари қўйилган муҳим қадам. Ҳар бир аёлнинг саломатлигига эътибор қаратиш эса нафақат тиббиёт тизими, балки маҳалла, оила ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир.
Нодира ДАВРОНОВА,
ЎЭП халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати
Давлат дастури ижроси Сирдарёда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва скрининг текширувлар ҳолати қониқарлими?
🕔10:55, 20.11.2026
✔37
Инсон саломатлиги – энг катта бойлик. Уни асраш эса касаллик пайдо бўлгандан кейин даволаш билангина эмас, балки хасталикларнинг олдини олиш, хавф омилларини ўз вақтида аниқлаш ва мунтазам тиббий кўриклардан ўтиш билан ҳам боғлиқ.
Батафсил
Доривор ва ёввойи ўсимликлардан қонуний фойдаланиш ҳуқуқини E-auksion орқали қўлга киритинг
🕔14:26, 22.10.2026
✔180
Ҳурматли тадбиркорлар, экспортёрлар ва қайта ишловчи корхоналар! Энди юртимизнинг табиий бойликларидан қонуний фойдаланиш, доривор ва техник ўсимликлар хомашёсини йиғиш ҳамда қайта ишлаш бизнесини ривожлантириш учун янги имконият мавжуд!
Батафсил