Ўзбекистон – жаҳон чемпионатида!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
Батафсил«Ғалаба ва мағлубият нималигини ота-онамдан ўрганганман»
Республика олимпия захиралари коллежининг енгил атлетика манежи. Спортчилар турли машқларни бажармоқда. Қўлига тошни олиб уни махсус айлана ичидан улоқтираётган қизлар эътиборимни тортди. Бири етти, бири саккиз, яна кимдир нари борса ўн метргача ташлаяпти. Бир қарашда, осон машғулотдек туюлади кишига. Лекин бу шунчаки машқ эмас, балки ядро улоқтириш спорти. Бу спортда ядрони узоққа отиш учун яхшигина куч ва аниқлик талаб этилади. Устига-устак, уни бажаришнинг қатъий тартиб-қоидаси бор...
Охирги навбат тўлачадан келган аёлга етди. У ҳам 35° ҳажмдаги секторга кириб, позицияни эгаллади. Тўрт килограммли ядрони бўйнига теккизиб бирпас турди-да, сўнг улоқтирди. Дастлабки уриниш ва натижа ўн тўрт метрдан зиёд. Атрофда кузатиб турганлар ҳайратда. Гулдурос қарсаклар ёғилди. Бу аёл — 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтказилган Паралимпия ўйинларида ядро улоқтириш мусобақасида кумуш медални қўлга киритган спортчимиз Сафия БУРХАНОВА эди.
Машғулот ниҳоясига етди. Сафияга тенг келадиган топилмади. Фурсатдан фойдаланиб, енгил атлетикачимиз билан суҳбатлашишга ошиқдим. У менга спорт ва унинг ҳаётда тутган ўрни ҳақида сўзлаб берди.
— Спортчилик бизнинг қонимизда бор, — дейди Сафия Бурханова. — Онам Светлана Бурханова ўз вақтида ядро улоқтириш билан шуғулланган. Отам Каим Бурханов эса оғир атлетика билан шуғулланарди. Шунинг учун спорт билан жуда эрта дўст тутинганман.
Аввалига Сафия отаси каби оғир атлетикачи бўлмоқчи эди. Аммо спортнинг пасту баландини кўрган, қолаверса, фарзандининг келажагини ўйлаган Каим ака қизига онасининг изидан бориши ҳар томонлама тўғри эканини уқтиради. Шу-шу у ядро улоқтиришни танлади. Ўн уч ёшидан бу спорт билан жиддий шуғуллана бошлади. Светлана опа қизига ўзи бош бўлиб, бу спортнинг сир-асрорларини ўргатади.
Сафиянинг иқтидори тез намоён бўлди ва у мураббийлар назаридан четда қолмади: қисқа вақт ичида Сафия терма жамоага қабул қилинди. У миллий чемпионатларда кўп марта ғолиб чиқди. Халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. 2010 йили Осиё ўйинларида иштирок этиб, еттинчи ўринни банд этди. 2014 йили ҳам худди шу мусобақада кучли бешликдан жой олди.
Олимпия термаси сафида эришган бу муваффақиятлари эвазига Сафия имтиёзли асосда ўқишга кирди. 2012 йили Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг бакалавр, 2014 йилда магистратура босқичини тамомлади.
Дарвоқе, Сафиянинг турмуш ўртоғи ҳам спортчи. Ҳамкасб — ядро улоқтириш бўйича таниқли спортчимиз Григорий Камуля. Улар бир-бирига елкадош, маслакдош, ғалаба ва мағлубият нималигини бошқалардан кўра чуқур ҳис этадиган инсонлар.
Спорт бор жойда жароҳат ҳам бўлади. У иккови доимо ёнма-ён юради. Энг зўр атлет бўлсангиз ҳам, бундай кўнгилсиз ҳолатларни четлаб ўтиш имконсиз. Албатта, жароҳат вақтинча. Ундан фориғ бўлгандан кейин ҳар қандай спортчи янгича куч ва шижоат, улкан мақсадлар билан майдонга қайтади. Ўз олдига катта марраларни қўяди. Лекин жароҳат сурункали тус олса, бундан ёмони йўқ.
Терма жамоага аъзо бўлган кезлари Сафиянинг саломатлигида нуқсон пайдо бўлади: кўзи хасталанади. Шу боис тиббий муолажа олишга тўғри келади. Қисқа фурсатли танаффусдан кейин спортчи майдонга қайтади. Бир-икки мусобақаларда иштирок этишга улгуради. Аммо уларнинг бариси ҳам кўнгилдагидек ўтмади: касалликнинг таъсири оз бўлса-да, билиниб турди.
2015 йилда Сафия Бурханова фарзандли бўлгач, хасталик яна қайталанди. Шунда тушуниб етдики, тамом, спорт билан хайрлашиш керак. Бу мудҳиш ҳақиқат қаҳрамонимиз учун хасталигидан ҳам оғир мусибат эди. Тушкунликка тушиб қолди. Ахир, у айни куч ва маҳоратга тўлиб, қалбида Олимпиада чемпиони бўлишни дилига туккан. Начора, тақдирга тан бермоқчи эди ҳамки...
Енгил атлетика бўйича Паралимпия терма жамоаси бош мураббийи Сардор Абдухолиқов орзулари осмон спортчига ёрдам қўлини чўзди. Сафия ўзини паралимпиадада синаб кўришини маслаҳат берди.
— Дастлаб иккиландим, — эслайди Сафия Бурханова. — Қандай бўларкин, дея кўп ўйладим. Бироқ Сардор аканинг менга билдирган ишончи, қолаверса, турмуш ўртоғимнинг «Сенинг қўлингдан келади», деган далдаси ўзимга бўлган ишончни оширди. Кучимга куч, ғайратимга ғайрат бағишлади.
Тиббий кўриклардан ўтгач, Сафия паралимпиадада фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Шу йўлдан бориб адашмаган экан. Негаки, орадан атиги бир йил ўтар-ўтмас...
2016 йилнинг сентябрь ойи. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида XV Паралимпия ўйинлари давом этмоқда. Ўзбекистон номидан беш спорт тури бўйича 32 спортчи қатнашяпти. Мусобақанинг еттинчи куни. Навбат енгил атлетиканинг ядро улоқтириш спортига келди.
Ҳамюртимиз Сафия Бурханова илк уринишдаёқ ядрони 14,87 метр масофага улоқтириб, жаҳон рекордини ўрнатди. Бироқ кейинчалик италиялик Ассунта Легнанте унинг натижасини яхшилашга муваффақ бўлди — 15,30. Учта уринишдан кейин саралаш баҳслари якунига етиб, 8 спортчи финал босқичида беллашди ҳамда яна 3 мартадан уринишни амалга оширди. Сафия финалда аввалги натижасини янада яхшилади ва ядрони 15,05 метрга улоқтирди. Ўз навбатида, италиялик атлет ҳам ундан бирозгина ўзиб кетди — 15,74. Учинчи ўрин мексикалик Ребека Валенсуэла Алваресга насиб этди. Шу билан атлетимиз терма жамоамизга кумуш медални туҳфа этди.
Халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган спортчилармизни муносиб рағбатлантириш юртимизда яхши анъанага айланган. Ўзбекистон паралимпия термаси аъзолари ва уларнинг мураббийлари Риодан қайтиб келиши билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Унга кўра, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сафия Бурханова «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони, бундан ташқари, катта миқдордаги пул мукофоти билан тақдирланди.
— Бу мен учун бир умрга татийдиган унутилмас, энг бахтли кунга айланди, — дейди паралимпиячи спортчимиз. — Орзуимга эришдим. Ота-онам эришган ғалаба бу аслида. Бундай улкан муваффақият замирида давлатимизнинг спортчиларга, хусусан, спортга қаратаётган эътибори мужассам.
Айни пайтда Сафия Бурханова шу йил ёз ойида Лондонда бўлиб ўтадиган халқаро турнирга ҳозирлик кўрмоқда. Паралимпия ўйинларидаги натижасини янада яхшилашга астойдил киришган. Шу боис машғулотларни бир зумга ҳам қолдирмайди. Бу мақсади йўлида унга фақат омад тилаймиз.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
БатафсилСузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?
БатафсилЎтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди.
Батафсил