Ўзбекистон – жаҳон чемпионатида!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
БатафсилХабарингиз бор, 28 март куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон ҳамда Қатар миллий терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2018 саралаш учрашуви миллионлаб мухлисларда, оз бўлса-да, умид уйғотди. Унда Ўзбекистон термасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси ўз гуруҳида 2-ўрин учун имкониятларини сақлаб қолди.
Хўш, Сурияга мағлуб бўлиб, бутун футбол мухлисларининг ҳақли эътирозини уйғотган, Қатарни баъзўр енгиб, ишқибозлар эҳтиросини сал босган терма жамоамизнинг кейинги тақдири қандай бўлади? Жаҳон чемпионатига чиқишидан умид қилса бўладими? Ёки термамиз тақдири ва имкониятлари доимгидай яна бошқа жамоаларнинг натижаларига боғлиқ бўлиб қолаверадими?
Ушбу саволлар кун тартибидаги энг долзарб масала сифатида қизғин баҳсларни уйғотмоқда. Мухлису мутахассислар, журналистлар бу борада ўзаро муҳокамага киришиб кетган. Аслида тан олиш керак, терма жамоамиз олдига жиддий вазифа кўндаланг қўйилган. Шундай экан, улар қолган учта учрашувнинг барчасида ғалаба қозона оладими?
Таниқли журналист Шуҳрат Шокиржонов ўзининг «Келажак учун таклиф: шокотерапияга тайёрмисиз»? сарлавҳали мақоласида шундай дейди: «Ишонмайман! Чунки мураббийга яқин ишловчилар, терма жамоалар маркази ходимлари ҳам ижтимоий тармоқларда бизнинг Осиёдаги ўрнимиз шу, боримиз, бўлганимиз шу, дея саралаш гуруҳ босқичида 3-ўринга лойиқ эканимизни писанда қилишмоқда. Футболимиз ичида юрган одамлар ишонмагач, мухлислар нима қилишсин?! Инсон ўз имкониятлари даражасидан бир калла юқори сакрай олишни ҳам билиши керак. Имкониятга чегара қўйилган жойда ўсиш бўлмайди, таназзул бўлади. Буни англаб етиш учун қалин китобларни ўқиш шарт эмас. Мутахассисларки, гуруҳда жойимиз аниқ 3-ўрин, деб турган эканки, демак…»
Терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаяндан таркиб ҳақида савол беришганда у: «Айни вақтда энг кучли таркибга эга эканимиз ҳақидаги сўзлардан қочмайман. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай», деб жавоб берди. Демак, бош мураббий наздида ҳаммаси жойида. Лекин Ш.Шокиржонов бу ҳақда тўхталаркан:
«Ёшларимиз, ўсмирларимиз мунтазам қатнашиб келаётган Жаҳон чемпионатларидан мосуво, клубларимизда ҳам шу аҳвол. Халқаро майдонда тажриба оширмаётгани важи билан ёш футболчиларимизнинг миллий терма жамоа таркибига жалб қилинишини мутлақо кўраётганимиз йўқ. Терма жамоамиз эса саралашда қатнашаётган 12 терма ичида энг қария жамоа. Ҳалигача Қатар — 2011 қаҳрамонлари терма жамоамиз асосини ташкил этишмоқда…»
Терма жамоамизнинг сўнгги ўйини ва кейинги тақдири ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Уларда шундай дейилади:
С.БОЗОРОВ: — Қатар билан ўйинда Одил Аҳмедовдан ташқари, Элдор Шомуродов, Сардор Рашидов, Даврон Ҳошимов, Анзур Исмоилов бошқа ўйинчиларга нисбатан фаолроқ ҳаракат қилиб ажралиб турди. Сардор Рашидов асосий таркиб ўйинчисига лойиқ. Ўйинда уни нега захирага олиб, ўрнига Марат Бикмаевни туширгани тушунарсиз ҳолат. Ахир, Сардор Рашидов энг фаол ҳаракат қилиб турган ўйинчи эди…
Э.МАДОРОВ: — Кейинги турда термамиз Хитойни ютиши шарт. Жанубий Корея Эронни ютган тақдирда яна бир очколик фарқ сақланиб қолади. Охирги турда кореяликлар билан уйда ўйнаймиз. Ана шу ўйин ҳаёт-мамот жанги бўлади.
Д.МАШРАБОВ: — Ўзбекистон терма жамоасининг ўйини борган сари заифлашиб бормоқда. Яқин ўтмишда «Fair play» совринини ютиб олгандик. Охирги пайтларда қоидабузарликлар, вақт чўзишлар жуда чуқур сингиб бормокда.
Футболчиларимизга баъзан уюшқоқлик, совуққонлик етишмаяпти. Ҳужум чизиғимиз ҳамон оқсамоқда. Агар сўнгги, ҳал қилувчи турларда Осиёнинг гранд жамоаларига қарши ҳам вазиятлардан унумли фойдалана олмасак, яна мундиал армонга айланиши ҳеч гап эмас.
М.НАБИЕВ: — Қатар билан бўлган учрашувда миллий терма жамоамиз худди Сурия билан беллашувдаги ўйинни кўрсатди. Икки ўйиндан буён голга тортадиган бирорта вазият қилолмаяпти йигитларимиз. Бу кетишда мундиал йўлланмасини қўлга киритиш масаласи янада мураккаблашиши аниқ. Ахир, олдинда кутаётган жамоалар бизнинг бу каби камчиликларимизни кечирмайди.
А.БОТИРОВ: — Назаримда, Игорь Сергеев кўчадан келиб, майдонга тушган ишқибозга ўхшайди. Биргина вазият бўлди, уни ҳам қўпол қилиб айтганда, тўпга биринчи бор тегаётган одамдек кўкка совурди. Тактикани янгилаб, тезкор футболчиларни туширмас эканмиз, бу ўйин билан узоққа боролмаймиз.
Ф.ДОРИПОВ: — Жамоанинг ўйини Одил Аҳмедовга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу яхши эмас. Унинг ўрнини боса оладиган футболчиларни тарбиялаб етиштириш зарур. Афсуски, ҳозир бундай ўйинчи йўқ. Агар вазият шу тахлит давом этса, бу бизнинг фақат зараримизга ишлайди. Ахир, Одил ҳам жароҳат олиши мумкин-ку!
8-тур, 2017 йил 12-13 июнь
Эрон — Ўзбекистон; Қатар — Жанубий Корея; Сурия — Хитой.
Бу турда Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда имкониятни бой берган Эрон меҳмони бўлади. Агар Эрон терма жамоаси учрашувда ғалаба қозонса (Эрон рўбарў келадиган қолган учта рақибда жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти борлигини инобатга олсак, улар шу ўйинда масалани ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилиши аниқ), муддатидан олдин ЖЧ йўлланмасини нақд қилади.
Иккинчи ўрин учун курашдаги асосий рақибимиз Жанубий Корея эса бу сафар Қатар меҳмони бўлади. Қатарликлар амалда мундиал йўлланмасидан маҳрум бўлганини инобатга олсак, бу ўйинда улардан тайинли натижа кутиш қийин.
Эронда дуранг қайд этилган тақдирда ҳам Ўзбекистон яхши имкониятни сақлаб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Негаки, Эронга етиб олиш имконияти йўққа чиқса-да, Жанубий Кореяни ўзимиздан кўп ҳам узоқлаштириб юбормасликка муваффақ бўламиз.
9-тур, 2017 йил 31 август
Хитой — Ўзбекистон; Сурия — Қатар; Жанубий Корея — Эрон.
Бу турда Ўзбекистон яна меҳмонда ўйнайди. Унинг қанчалик аҳамиятли бўлиши саккизинчи тур натижаларига боғлиқ. Дейлик, Ўзбекистон ижобий натижага эриша олса, барча имкониятларидан айрилган Хитойни ҳам мағлуб этиши шарт бўлади. Хитойда йўқотиладиган очко бизни ЖЧ учун тўғридан-тўғри йўлланмадан бутунлай маҳрум қилиши ҳеч гап эмас.
Энг аҳамиятлиси, бу турда икки пешқадамнинг ўзаро ўйини бўлади. Улардан бирининг очко йўқотиши Ўзбекистонга қўл келиши мумкин.
10-тур, 2017 йил 5 сентябрь
Ўзбекистон — Жанубий Корея; Эрон — Сурия; Қатар — Хитой.
Сўнгги турда Ўзбекистон Жанубий Кореяни қабул қилади. Мабодо, иккала жамоа ҳам шу пайтгача максимал кўрсаткич билан етиб келган тақдирда, Тошкентда ҳаёт-мамот учрашуви бўлиб ўтиши муқаррар.
Хуллас, ҳали-ҳамон ҳаммаси Ўзбекистон термасининг ўз қўлида. Жамоамиз барча учрашувларни муваффақиятли ўтказсагина, бошқаларнинг натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, мундиал йўлланмасини қўлга киритади.
Ҳа, фикрлар хилма-хил. Албатта, уларнинг барисида жон бор. Нима бўлган тақдирда ҳам сизу биз фақат бир нарсани истаймиз, орзу қиламиз. У ҳам бўлса, терма жамоамизнинг мундиалга йўл олиши. Терма жамоамиз кўрсатаётган ўйинга қараб бунга айрим мухлислар шубҳа билан қараётгандир. Бироқ арифметика бунинг бутунлай аксини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
БатафсилСузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?
БатафсилЎтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди.
Батафсил