Ўзбекистон – жаҳон чемпионатида!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
БатафсилЭртага Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида тўрт йилликнинг
энг нуфузли спорт байрами — ХХХI ёзги Олимпиада старт олади. Унда дунёнинг 200 дан ортиқ давлати атлетлари спортнинг 40 тури бўйича жами 306 медал жамланмаси учун баҳс олиб боради. Сентябрь ойида эса XV Паралимпия ўйинлари бошланади. Барчамиз мазкур мусобақаларда Ўзбекистон спортчиларининг иштирокини катта ҳаяжон билан кузатамиз, уларга сидқидилдан ишқибозлик қиламиз.
Айтиш керакки, ушбу мусобақаларга юртдошларимизнинг тайёргарлиги ҳар қачонгидан-да мазмунли бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори спортчиларимизни ушбу нуфузли спорт анжуманларига пухта, босқичма-босқич тайёрлаб боришда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилди.
Мазкур Олимпия ва Паралимпия ўйинларига бу сафар юзга яқин спортчиларимиз йўлланмани қўлга киритди. Бу 2012 йилги Лондон Олимпиадасига нисбатан деярли икки баробар кўп. Рио-де-Жанейрода спортчиларимиз академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил ва оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт тури бўйича баҳслашади. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этадиган ёш спортчилар ҳам бор.
Боксчиларимиздан умид катта
Олимпиадада боксчиларимиз тўлиқ таркиб билан қатнашади. Дунёнинг бошқа ҳеч бир давлати чарм қўлқоп усталари бундай натижа қайд этмаган. Шу боис айнан уларга катта ишонч билдирилмоқда. Буни мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини бокс бўйича жаҳон чемпионатининг совриндори Баҳодир Жалолов кўтариб ўтиши ҳам тасдиқлаб турибди.
Эсингизда бўлса, шу йил Хитойда Олимпия ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказилган Осиё ва Океания қўшма лицензия чемпионатида айрим давлат спортчилари ўзбек боксчилари билан рўбарў келишни истамаганини очиқ-ойдин айтганди. Буни ҳатто уларнинг мураббийлари ҳам тан олди. Чунки улар жангда иштирок этишга жисмонан тайёр, аммо руҳан ожизроқ эди.
Шерзод ТОШМАТОВ, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари:
— Терма жамоани шакллантиришда ҳамма ёш тоифасига бирдек имкон бердик. Ҳозир жамоамизда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг аксарияти ёшлар. Чекка қишлоқлардаги мураббийлар ҳам таркибимизнинг муҳим бўлагига айланди. Хуршид Тожибоев, Фазлиддин Ғоипназаров ва Элшод Расулов бундан аввал Олимпия ўйинларида иштирок этган, қолганлар ҳам Осиё ва жаҳон чемпионати рингларида чиниқишган.
Спортчиларимизнинг умумий ёши ўртача 21-22 ёш. Бу дунё миқёсида энг ёш терма жамоа дегани.
— Шу йил бошида салкам 20 кун Кубада йиғин ўтказдик, — дейди бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов. — Рио ўйинлари олдидан бир неча давлат терма жамоалари биз билан бирга йиғин ўтказиш таклифини билдирди. Бироқ ўзимизда бир эмас, бир неча кучли таркиб борлиги боис Янгиободдаги базамизда ёпиқ ҳолда ҳозирлик кўрдик. Сан-Паулу шаҳрида бўладиган сўнгги йиғинда ҳам иккинчи таркиб аъзолари бизга кўмак беришади.
Таркибдан ўрин олган спортчилардан айримларини бу олтин медаль олади, дея ажратиб кўрсатишга ботина олмайман. Уларнинг барчаси шунга муносиб. Улар худдики, қўлимизнинг беш бармоғига ўхшайди: ҳар бирининг ўз устунлиги ва кучли жиҳатлари бор. Ҳатто илк бор ўзбек хотин-қизлари орасида рингга чиқувчи Ёдгорой Мирзаевадан ҳам юқори натижа кутиб қоламиз.
Ришод олтин оладими?
Таниқли дзюдочимиз Ришод Собиров Олимпия ўйинларида икки марта бронза медалини қўлга киритган. Аммо бундан унинг ўзи ҳам қониқмаган. Ришод 66 килограммдаги рақибларини яхшилаб ўрганди. Энг асосий рақиблари — Россия, Корея ва Япония полвонлари.
Ўтган йилларда вазни ошиб, 70 килограммга етди. Бу вазндан 60 килограммга тушишнинг ўзи бўлмайди: соғлиқ учун зарар бўлиши ҳам мумкин. Шу сабаб энди 66 килограмм вазнда мусобақаларда иштирок этади, бунда янги рақиблар кўп эмас. Деярли ҳаммаси 60 килограммдан чиққан полвонлар. Олимпиадада ҳам барибир шулар билан рўпара келади.
Айтиш керакки, олдинги вазнда (60 кг) барча рақиби билан ишлаб, улардан устунлигини ҳис қилган. Ҳар бир вазннинг ўзига яраша профессионаллари бор. Катта вазнга ўтгач, 1,5-2 йил давомида шу рақибларнинг барчаси билан курашиб кўрган. Ўшанда ўзига яраша камчилик ва ютуқлари маълум бўлган. Насиб қилса, 66 килограмм вазнда ҳам Олимпиада чемпиони бўла олади. Бу сафар ундан фақат олтин медални кутамиз.
— Лондонда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида олтин медаль учун кўп ҳаракат қилгандим, — дейди Ришод Собиров. — Бронза медаль олган вақтимда бироз тушкунликка тушганим рост. Аммо медалсиз қолгандан кўра, бронза олиб келдим-ку, деган шукр ҳисси бор эди, холос. Эндиги мақсадим — Олимпиада чемпиони бўлиш. Устозларим билан барча рақибимни индивидуал ўрганиб чиқдик. Кимга тўқнаш келишим мумкин, уларнинг устун ва заиф томонлари, нозик нуқталари — бари эътиборимизда. Президентимизга «Мен Риодан, албатта, сизга Олимпиаданинг олтин медалини олиб келаман», деб ваъда берганман. Насиб қилса, шу ваъдамнинг устидан чиқаман.
Шокин — асосий фаворит
Халқаро таэквондо федерациясининг расмий сайти — worldtaekwondofederation.net ҳамюртимиз Дмитрий Шокинни Рио — 2016 Олимпиадаси ғолиблиги учун асосий фаворит сифатида баҳолади.
Ушбу сайтда бу ҳақда каттагина таҳлилий мақола чоп этилган. Айтилишича, айнан амалдаги жаҳон чемпиони Дмитрий Шокиннинг Олимпиада чемпиони бўлиш учун имконияти жуда юқори. Мақолада Шокиннинг қисқа фурсатда оламшумул ютуқларни қўлга киритгани айтилади. Дима 2014 йили Тошкентда ўтган Осиё чемпионати, 2015 йили Россиянинг Челябинск шаҳри мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.
Ўзи иштирок этган деярли барча Гран-при туркумига кирувчи мусобақалар, шунингдек, мастерсларда ғолиб бўлди. Шокин 2015 йилнинг апрель ойидан то шу кунгача ўз вазн тоифасида дунё таэквондочилари рейтингини бошқариб келяпти.
Сайтда ҳамюртимиз Dmitriy «Shock Force» (Шок Куч) Shokin деб тилга олинган. Спортчимизга берилган бу юксак эътироф ҳар биримизга, албатта, ғурур-ифтихор бағишлайди. Умид қиламизки, мазкур тахминлар ўзини оқлайди.
Руслан тошни бўйсундиради
Олимпия ўйинларидаги яна бир умидли спортчимиз, шубҳасиз, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуриддиновдир. Унга ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ, назаримизда.
Руслан 2012 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этган. Бундан ташқари, Жанубий Кореяда ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиққан. 2013 йили оғир атлетикачимиз учун ҳар томонлама муваффақиятли келди. У аввалига Ўзбекистон, сўнг Осиё чемпиони бўлди. Жаҳон талабалар универсиадасида ҳам ҳамюртимизга тенг келадигани топилмади. Ниҳоят, Польшанинг Вроцлав шаҳри мезбонлик қилган 80-жаҳон чемпионатида ўзбек ўғлони дунёнинг мана-ман деган полвонларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритди. 2014 йили Қозоғистондаги жаҳон чемпионатида эса Нуриддинов штангани даст кўтариш бўйича 193 килограмм натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, силтаб кўтаришда жаҳон рекордини янгилади.
Рио олимпиадасида унинг имкониятлари жуда юқори. Бир томондан, допинг можароси туфайли айнан унинг вазнидаги (-105 кг) асосий рақибларини Жаҳон антидопинг агентлиги мусобақадан четлаштирган. Аммо бу билан биз спотчимизнинг муваффақияти йўлида ҳеч ким тўғаноқ бўлолмайди, демоқчи эмасмиз. Чунки ўтган йилги АҚШда оғир атлетика бўйича бўлиб ўтган жаҳон чепионатида Руслан жароҳати туфайли қатнаша олмаганди. Ўшанда ғолиб ва совриндорлар Риога боришдан маҳрум бўлган спортчилар бўлди. Лекин мусобақа давомида шарҳловчи ва мутахассислар бир ҳақиқатни тан олди: Русланнинг чемпионатда қатнашмагани катта йўқотиш. Агар у иштирок этганида турнир янада муросасиз кечиши аниқ эди.
Спортчиларимиз бу йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида юксак натижаларни қўлга киритишга ва энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз мустақиллигининг чорак асрлик тўйига муносиб туҳфа билан қайтишга аҳд қилган. Бу йўлда уларга омад ва зафар ёр бўлсин!
Интернет материаллари асосида
Шаҳобиддин РАСУЛОВ
тайёрлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди
БатафсилСузиш инсонга нима беради? Савол жуда оддий, албатта. Жавобини ҳамма билади: мустаҳкам соғлиқ, спортдаги соврин номи билан айтсак, «олтин» саломатлик. Лекин бу машғулот билан шуғулланиш жараёнида айнан қанча вақтда қандай ўзгаришлар бўлишини биласизми?
БатафсилЎтган якшанба тонгида ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан ажойиб хушхабар келди.
Батафсил