Бу ҳақда элдошларимиз нима дейди?
Йилдан-йилга сув ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. Азалдан аграр давлат сифатида ривожланаётган мамлакатимизда Сирдарё ва Амударёнинг аҳамияти жуда катта.
Бу дарёларнинг юқори қисмида жойлашган аҳолининг сувга муносабати ёки ундан фойаланиш тартиби ҳар доим бизнинг диққат-эътиборимизда бўлиб келган. Қўшни Афғонистонда бунёд қилинган Қўштепа каналининг қурилиши ҳам элдошларимизда турли хил фикр-муносабатларнинг шаклланишига омил бўлди. Қуйида улардан бир гуруҳининг мулоҳазалари акс этган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ойжамол АЛИЕВА, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани, нафақадаги ҳуқуқшунос:
– 2023 йил 22 мартда Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ходимлари ҳукумат делегацияси Афғонистонда бўлиб, у ердаги Қўштепа канали ҳақида музокаралар олиб боришди. Бироқ бунинг ижобий самараси кучли даражада сезилмасдан қолмоқда. Шундай экан, эндиликда бу ёғига «Олма пиш, оғзимга туш» қабилида хотиржам ўтиришга ҳаққимиз йўқ. Қўштепа бўйича музокаралар олиб бориш ва бир ечимга келиш осон масала эмаслигини ҳамма тушуниб турибди.
Аслида сув муаммолари фақат бугунги муаммо эмас. Мен шахсан ўзим кўп бора сув танқислиги бўлиб, Амударё ўзанининг қуриб, қақраб қолганининг гувоҳи бўлганман. Айтмоқчи бўлган фикрим шуки, аввало сувдан тежаб-тергаб, расамади билан фойдаланишни ўрганишимиз керак.
Амударёдан сув ичувчи қардош мамлакатлар бирлашиб, дўстона келишув билан бир-бирига ёрдам беришса, сув неъмати ҳаммага етарли бўлади. Сувни исроф қилмасдан фойдаланишимиз учун Ўзбекистонда сув иншоотларини мукаммал таъмирлашимиз, сув омборларини мустаҳкамлаб, ундаги ҳар томчи обиҳаётни оқилона тақсимлашимиз лозим. Сув кам истеъмол қилувчи экинлар экиш – муаммонинг бирмунча юмшашига омил бўлиши шубҳасиз. Шунингдек, каналларни бетонлаштиришимиз, очиқ майдонларда томчилаб суғориш ускуналарини ишга туширишимиз орқали ҳам самарали натижаларга эришиш мумкин.
Амалий ишларга киришиш учун катта маблағ сарфланиши кераклиги кундай равшан. Ҳозирнинг ўзида анча каналлар бетонланиб, сув исрофининг олди олинаётгани эса таҳсинга сазовор. Яқинда Элликқалъа туманидаги энг узун канал бетонлаштирилиб, ишга туширилиши натижасида унинг тармоқларига навбати билан сув тақсимланиб, сув танқислигининг олди олинмоқда.
Сув тармоқлари фақат бетонлаштирилибгина қолмасдан бошқа муқобил усулларни жорий қилиш зарур. Катта ариқ ва каналлардаги сув буғланиб кетишининг олдини олиш мақсадида транзит қувурлардан фойдаланиш ҳам мумкин.
Энг муҳими, қардошлар билан дўстона муносабатда бўлиш кўпгина муаммоларнинг самарали ечими саналади.
Улуғбек ИБРОҲИМОВ, Ўзбекистон Экологик партияси Боғот тумани кенгаши раиси:
– Албатта, ҳар бир давлат ўз халқини тўйинтириб, кийинтириб яхши яшаши учун шароит яратишга интилади. Лекин трансчегаравий сувлардан фойдаланишда давлатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, эътибор ва адолат таъминланиши зарур. Табиат инъом этган неъматлардан барча-барчамиз бирдек тежаб-тергаб фойдаланмоғимиз лозим.
Афғонистонда қурилган Қўштепа канали сувидан фойдаланишда нафақат ўтмишимиз, балки бугунимиз ва ҳатто келажагимиз чамбарчас боғлиқлигини унутмаслигимиз лозим. Кўз ўнгимизда катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турган Орол денгизидан ажрадик. Қаранг, бунинг салбий оқибатларини юмшатиш қандай оғир кечмоқда. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан дунё ҳамжамияти бирлашиб, Мўйноқ туманида яшил қалқонлар барпо қилинмоқда. Қуриган денгиз қаъридан атмосферага кўтарилиб, дунёнинг исталган нуқтасига тарқалаётган тузли чангларнинг 2018 йилдан буён босқичма-босқич камайишига эришилмоқда. Шунга ўхшаш нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳам табиат мувозанатини бир хилда сақлашимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бунинг учун халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бир-бирига ишонч ҳамда келажак авлодлар учун биргаликда ғамхўрлик унутилмаслиги керак.
Рўзимбой ҲАСАН, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:
– Қуйи Амударё минтақасида суғориладиган экин майдонлари беш юз минг гектардан ортиқроқ. Ана шу майдонларнинг, аввало, шўрини ювиш, сўнг баҳор ва ёз фаслларида суғоришда, мана, неча йилларки, сув танқислиги кузатиляпти. Ундаям Туямўйин сув омборида куз, қиш ҳамда баҳорда жамғарилган сув захираси ҳисобидан минг азобда деҳқончилик қилиб келинмоқда.
Қўштепа канали тўлиқ ишга тушса, олти юз минг гектар ер майдонлари ўзлаштирилиши ва деҳқончилик қилиш режалаштирилган. Бу Қуйи Амударё минтақасидаги ер майдонларидан ҳам кўп.
Тўғри, трансчегаравий дарёлар бўйича халқаро конвенция талабларига кўра, қўшнилар қазиётган канал лойиҳасига эътироз билдиролмаймиз. Негаки, мазкур конвенцияда дарёга чегара бўлган давлатлар сувнинг эллик фоизгача сувидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Қўштепа канали эса Амударёнинг камида 35 фоиз сувини олади. Салкам ярим асрдан буён урушлардан чарчаган афғон халқи тинч яшашга, ўз қозонини ўзи етиштирган маҳсулот билан қайнатишга ҳақли. Ҳозирда бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги биринчи ўринга чиққан шароитда салкам 36 миллион нуфусли Афғонистон аҳолиси эҳтиёжларини янги очилган ерлар ҳисобидан қондиришга киришгани бежиз эмас.
Хўш, нима қилмоқ керак?
Аввало, Катта Туркман канали масаласини давлатлараро миқёсида кўриб чиқиш керак. Негаки, дарёдан катта миқдорда сув оладиган бу канал деҳқончилик қилиш, экин майдонларини суғоришга хизмат қилмайди. Бу каналнинг суви ҳавога буғланиб ва қумга сингиб исроф бўлаяпти...
Тақдири Амударёдаги сув ҳажмига қараб қолган Марказий Осиё давлатлари эндиликда сув масаласини оқилона муҳокама қилишга мажбур. Айтайлик, афғонлар Қўштепа канали ишга тушгач, янги ўзлаштириладиган ер майдонларида қандай деҳқончилик турларини экишни режалаштиришяпти, буни кўриб чиқиш керак. Масалан, пахта ва буғдой алмашлаб экишмоқчи бўлса, энг кўп сув талаб қиладиган бу ўсимликлар дарё сувнинг кўп қисмини истеъмол қилади. Буғдойни Қозоғистон, пахтани Ўзбекистон қўшни афғонларга етказиб беришни зиммаларига олишса, бу маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжи ва саноат учун мавжуд заруриятни қопласа, яна ўзаро мақбул нархлар белгиланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда Қўштепа канали ҳавзасида сув кам ишлатиладиган дуккакли ҳамда чорва учун озуқа экинлар экилса, анчагина сувни тежаш ва дарё қуйи қисмидаги ҳудудларга етказиб бериш имконияти юзага келади.
Назаримда «Амударё сувидан оқилона фойдаланиш концепцияси»ни ишлаб чиқиш ва бу ҳужжатни БМТ шафелигида барча томонлар имзолаб, унда қўйилган талабларга риоя қилишни зиммасига олишлари, яна томонлар бир-бирларини озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳимоя қилишни кафолатлари керак бўлади.
...Қадим-қадимдан машҳур бўлган: «Отанг мироб бўлса-да еринг сувга яқин бўлсин!» отасўзи бугунга келиб эскирди – сув бўйича юзага келган глобал муаммони энди давр нуқтаи назаридан, барча қўшни давлатлар манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўзаро ҳамжиҳатликда ҳал қилиш мумкин.
Ислом БОБОЖОНОВ, таржимон, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги Оққамиш овул фуқаролар йиғини:
– Афғонистондаги узунлиги 287 километр бўлган Қўштепа канали ўз халқи учун қанчалик муҳим экани кундай равшан. Бу борада фақат бир томонлама ечимга келиш қўшни давлатлар учун катта муаммоларни келтириб чиқариши шубҳасиз.
Қўштепа канали ишга тушса, Амударёнинг суви Туямўйин сув омборига аранг етиб келиши мумкин. Бундай вазиятда муаммога жиддий ечим излаш зарур бўлади.
Шержон МАШАРИПОВ, «Хива тонги» газетаси муҳаррири:
– Қўштепа канали бизнинг зиммамизга залворли вазифаларни юклайди. Бундан буёғига биздан ҳар нафас ҳушёр ва бедор руҳ билан экологик мувозанатни сақлаш талаб қилинади. Сувдан тежаб фойдаланиш, кам сув талаб қилинадиган экинлар экиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ана шу вазифалар сирасига киради.
Албатта, бу вазифалар ўз-ўзидан адо қилинмайди. Биринчи навбатда ёш авлод билан бирга катталар онгида ҳам табиатга ҳурмат руҳини шакллантириш керак. Бу ишлар тарғибот-ташвиқот орқали самара беради. Телевидениеда фойдали ва таъсирли роликлар, кўрсатувлар, шунингдек, сериаллар кўпроқ намойиш қилиб борилса, айни муддао бўлар эди.
Суҳбатни Эрпўлат БАХТ тайёрлади.