Чўмилиш мавсуми ҳали бошланмай туриб, мавсум билан боғлиқ совуқ хабарлар тарқала бошлади. Аввалига 6-синф ўқувчиси, кейин эса 3 нафар ўсмир чўмиламан, деб ёш умри хазон бўлди. Бу каби фожиаларни ҳар йили эшитамиз, сув ёшни ҳам, каттани ҳам аяб ўтирмайди, домига тортади.
Статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили дунёда 360 минг нафарга яқин инсон белгиланмаган жойларда чўмилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмар экан. Юртимизда эса 2020 йили чўкиш билан боғлиқ 165 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва ҳалок бўлганларнинг 56 нафари (34 фоизи) вояга етмаганлардир. 2021 йилнинг 14 августига қадар эса чўкиш оқибатида вафот этганлар сони 151 нафарга етган, 2022 йилда ҳам 142 нафар киши сувга чўкиб кетган.
Белгиланган жойнинг ўзи йўқ
Расмий муносабатларга қаралса, аксарият бахтсиз ҳодисаларга эҳтиётсизлик ёки белгиланмаган жойда чўмилиш сабаб бўлади. Шу ўринда бир савол туғилади: улар яшайдиган ҳудудда хавфсиз, қутқарувчилар мавжуд бўлган чўмилиш масканлари, суви тоза, чўнтакбоп бассейнлар борми ўзи? Нега улар оқова, лойқа сувга тушиб, ўз ҳаётини хавф остига қўйган? Бу саволни кўриб, кўпгина чекка ҳудудларда яшовчи кишилар мийиғида кулиб қўйиши аниқ. Негаки, улар яшайдиган қишлоқ тугул, туман марказида ҳам бирор чўмилиш ҳавзасини топа олмайсиз. Бу иссиқ кунларда ким ҳам сувни кўрса, ўзини тутиб тура олади дейсиз, ҳамма танасини яйратгиси келади. Белгиланган жой бўлмагандан кейин ўзига яқин бўлган каналми, ариқми, фарқи йўқ, сувга ошиқади. Оқибатда эса... ҳар йили юзлаб ёш умрлар ариқларда қурбон бўлади.
Яна рақамларга юзлансак, Статистика агентлиги маълумотларига қараганда, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига республикамизда 331 та сузиш ҳавзаси бор. 37 миллионли аҳоли учун бу етарлими? Ана шу сузиш ҳавзаларининг 299 таси шаҳар жойларда, 32 таси қишлоқларда экан. Қишлоқлардаги ҳавзалар сони битта туманга биттадан ҳам тўғри келмайди.
«Болаликдан каналда чўмиламиз»
Шаҳарларда жойлашган бассейнларнинг нархлари отнинг калласидай экани, чекка қишлоқларда эса бундай жойлар йўқлиги ёшларнинг тақиқланган жойларда чўмилишига, ҳалок бўлишига сабаб бўлмаётганмикан? Ушбу савол билан ўтказилган сўровномамиздаги айрим жавобларни келтирсак:
«Тошкент вилоятида аксарият бассейнлар нархи соатига 40 минг сўмдан бошланади. Учта фарзандим билан борсам, бир соат учун 160 минг тўлашим керак», – дейди Бунёд Ортиқбоев.
«Сирдарёда текинга дарё оқиб ётибди. 50-100 минг тўлаб бир соат чўмилгандан кўра дарё яхши», – дея изоҳ қолдирган Жамол Бердиқулов.
«Қишлоғимизда ҳам, туман марказида ҳам бирор бассейн ёки чўмилиш мумкин бўлган жой йўқ. Ақлимни танигандан бери каналда чўмиламиз. Лекин нечталаб одамларнинг шу каналда оқиб кетганини эшитганман», – дейди фарғоналик Отабек Файзиев.
Кўриб турганингиздек, кўпчиликдан бу ҳолат юзасидан ижобий жавоб ололмадик. Ҳалок бўлганлар эса чўмилиш завқ-шавқини ҳис этиш, яйраш мақсадида қишлоғи ёки туманида махсус чўмилиш ҳавзалари бўлмаганидан, тақиқланган жойларга бориб чўмилган.
Ёзда чўмилиш мароқли. Сув нафақат болаларга, балки катталарга ҳам ёқади, асабларни тинчлантиради, суяк ва бўғин касалликларида кони фойда. Аммо пойтахтда ҳам бу аҳвол қониқарли эмас. Ёз кунини шаҳардан чиқмасдан сув бўйида ўтказмоқчи бўлсангиз, чўмилиш учун рухсат берилган жойлар рўйхати сизни хурсанд қилиши даргумон. Бўрижар ва Анҳор қирғоқлари хавфли оқимга қарамай, чўмилиш учун энг сўнгги сув ҳавзалари сифатида гавжум. Бассейн ва аквапаркларнинг кўплиги истеъмолчи муаммосини ҳал қилиши мумкин эди, аммо...
Сўнгги йилларда Тошкент аҳолиси икки бараварга кўпайди, лекин пойтахтда жамоат пляжлари кўпайиши ўрнига улар бутунлай йўқ бўлиб кетди. Борларининг нархи эса сизни чўчитиб юборади.
Ҳозир юртимизнинг энг чекка туманларида ҳам кутубхоналар, тил ўрганиш марказлари, турли муассасалар ташкил этиляпти. Назаримизда, хавфсиз, қулай сув ҳавзаларни барпо этишга ҳам эътибор қаратилиши, тадбиркорлар қўллаб-қувватланиши керак. Бу тадбир орқали минглаб бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, юзлаб ёшларни қутқариб қолиш мумкин.
Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?
🕔09:12, 23.10.2025
✔29
Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
Батафсил
1 октябрдан нималар ўзгаради?
🕔15:41, 03.10.2025
✔63
Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.
Батафсил
Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда
🕔10:47, 11.09.2025
✔136
Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?
Батафсил