Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Омонатга хиёнат кечирилмайди

Аҳоли учун фаровон ва хавфсиз, барқарор турмуш тарзини яратиш, албатта, бош масала. Бироқ бунда тараққиёт мезонлари сифатида соғлом экологик муҳит яратиш ғоясига эътибор қилмаслик мумкин эмас. Чунки табиат мувозанати бузилган жойда ҳеч қандай амалиёт самара бермайди.

Омонатга хиёнат  кечирилмайди

Атмосферанинг ифлосланиши, тупроқ деградацияси, чўлланиш, қум ва туз бўронлари, иқлим ўзгариши, ўсимлик ва ҳайвонот олами турларининг камайиб бораётгани, ичимлик сув танқислиги, озон қатламининг емирилиши, озиқ-овқат хавфсизлиги каби ўнлаб муаммолар қаршисида жаҳон ҳамжамияти биргаликда ечим излаши энг мақбул ёндашув экани эътироф этилмоқда. Аммо бунда, биринчи навбатда, ҳар бир мамлакат миқёсида амалга ошириладиган ишларга жиддий эътибор қаратилмоғи зарур.

 

Яшиллик дунёни қутқаради

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси мамлакатимиз эртанги куни, халқимизнинг соғлом келажаги учун, энг муҳими, ҳаётимизга хавф солиб турган глобал экологик буҳронларга қарши туришда самарали қалқон бўла оладиган ҳаётбахш ҳаракат сифатида халқаро даражада эътироф этилмоқда. Бу улкан лойиҳа шунчаки дарахт экиш акцияси эмас. У мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган, келгуси неча юз йилликларга дахлдор бўлган улкан стратегик вазифадир. Глобал исишдан, атмосфера ҳавоси ифлосланишидан сақловчи бошқа манба йўқ бизда.

Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги дарахт экиш тадбирида қатнашиб, халқимиз учун намуна кўрсатди. Уч йил аввал бош ланган бу хайрли иш аллақачон юртимиз бўйлаб чинакам халқ ҳаракатига айланди. Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги «Тошкент ҳалқа йўли» бўйида яшил ҳудудга асос солинди. Бунинг учун 100 гектар ер ажратилган бўлиб, икки йилда жами 100 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган.

Уларни парваришлаш учун 3 та сунъий сув ҳавзаси ва 12 та қудуқ барпо этилди.

Ушбу ҳудуд Тошкент «яшил белбоғ»ининг бир қисми бўлади. Яъни, пойтахтимиз мусаффо ҳавосини таъминлайдиган манба, инсон омили туфайли атмосферага чиқарилаётган заҳарли газларнинг табиий фильтрига айланади. «Яшил макон» лойиҳасида ҳар бир шаҳар атрофида мана шундай «яшил белбоғ»лар яратилмоқда.

Бундай «яшил белбоғ»лар яратишга, айниқса, Оролбўйи минтақаси, хусусан, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари изчил давом эттирилиб, барпо этилган «яшил қоп­ламалар» орасида озуқавий бирлиги юқори, ноанъанавий, шўр ва сувсизликка чидамли бир йиллик ва кўп йиллик ўсимликлар плантациялари яратиш кўпайтирилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Халқимиз табиатни «она» дейди, ерни, сув­ни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўляпти. Шунинг учун «Яшил макон» лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак», деган фикрлари табиатимизга, халқимиз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз қалбида акс садо берди, деб ўйлайман.

Ҳозирги кунда ҳеч қайси соҳа атроф-­муҳитдан айро ҳолда фаолият юрита олмайди. Сабаби, атроф-муҳит деганимиз, бу – биз нафас олаётган ҳаво, ичаётган сувимиз, яшаётган она заминимиз ва ундаги тирик мавжудотлардир. Бу «олтин ҳалқа»нинг узилиши, яъни мувозанатнинг бузилиши ҳар бир тирик организм учун ҳалокатли бўлиши тайин.

Ачинарлиси шундаки, шу пайтгача кузатилган экологик фалокатларнинг аксарияти инсон таъсирида юзага келган. Одамзод ўзи ҳаёт кечираётган экотизимнинг вайрон бўлишига энг катта «ҳисса қўшаётган» омил бўлиб турибди. Бу – ўзи ўтирган шохни арралаётган анойининг ҳолатини эслатади. Шу боис аҳолининг экологик саводхонлигини тизимли равишда ошириб бориш, фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш, қонун ва қонуности ҳужжатларида экологик меъёрларга амал қилинишини таъминлаш, экологик ҳуқуқбузарликларга жавобгарликни кучайтириш, таъсирчан жазо механизмларини қўллаш каби бир қанча долзарб вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Биргина дарахтнинг ноқонуний кесилиши, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш, ўзбошимчалик билан ов қилиш, йиртқич ҳайвонларни қонунга хилоф равишда тутқунликда сақлаш каби юзлаб ҳолатларда жонкуяр юртдошларимизнинг куюнчаклик билан қилган мурожаатлари экотизимга етказилаётган зарарнинг бартараф этилишига сабаб бўлаётир. Бунда Ўзбекистон Экологик партиясининг жойлардаги масъуллари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фаолият юритяпти.

 

Она табиат тақдирига дахлдорлик

Мен шу соҳа ишини озми-кўпми биладиган, шу тизимда фаолият кўрсатаётган, соҳага оид илмий изланишлардан бирмунча хабардор киши сифатида бир нарсани айтишим мумкин: табиатни асраш биз учун қадриятга айланмас экан, инсон ҳам, жамият ҳам тараққиётга эриша олмайди.

Пухта ишлаб чиқилган қонунлар, ҳуқуқбузарнинг жавобгарликка тортилиши, афсуски, муаммонинг узил-кесил ечими бўла олмаслиги мумкин. Биз фуқароларда қонунларни ҳурмат қилиш ва уларга сўзсиз риоя этиш хусусиятини шакллантиришимиз жуда муҳим. Ўтган йиллар мобайнида қонун бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар масъул раҳбарлар фаолиятида ҳам кузатилди. Катта-катта яшил майдонларни буткул йўқ қилиб, ўрнига кўп қаватли уй ёки ишлаб чиқариш корхонаси қуриш учун айрим шахсларнинг эртани ўйламай қабул қилган калтабин қарорлари сабаб бўлди. Бундай ҳолатлар халқимиз учун қимматга тушди. Оқибатларини келажакда ҳам яна кўришимиз мумкин.

Биз бунга қарши самарали жамоатчилик назорати механизмини ишлаб чиқиш ва йўлга қўйиш зарур деб ҳисоблаймиз. Бугун катта шаҳарларимизда аҳоли нафас олиши учун тоза ҳаво, ҳордиқ чиқариши учун хиёбон ва боғлар, яшил ҳудудлар, парклар бўлиши, албатта, зарур.

Қолаверса, биз ота-боболаримиз қадриятларига уйғун равишда табиий ва соғлом ҳаёт тарзини юқори тутишимиз керак. Фуқароларнинг пиёда сайр қилиши, велосипедда ҳаракатланиши, жозибали ва ҳар томонлама қулай жамоат транспортидан фойдаланиши, оилада ҳар бир янги туғилган чақалоққа атаб кўчат ўтқазиши кабилар нафақат аждодларимиз анъаналарига садоқат, балки бугунги ва келажак авлод олдидаги бурчимиз, вазифамиз ҳамдир. Биз экологик таълим-тарбияни оиладан бошлаб, боғча, мактаб ва олий таълимда изчил давом эттириш зарур, деганда айнан шуни назарда тутамиз.

Табиат бизга ота-боболардан қолган мерос эмас. Аксинча, у келажак авлодларга асраб-­авайлаб етказиб беришимиз керак бўлган омонатдир. Омонатга хиёнат эса кечирилмайди.

 

«Jadid» газетасининг 2024 йил 29 ноябрдаги № 49-сонидан олинди.

 

Абдушукур ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔132

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔173

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар