Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Экранларга термулиб совурилаётган  умр

«Телба»ни ўн беш кундан буён ўқияпман. Ўзи саксон бетлар қолган, лекин мана уч-тўрт кундирки ҳеч китоб ўқишга вақт топа олмайман. Ухлашдан олдин-чи дейсизми?

Экранларга термулиб  совурилаётган   умр

Қаёқда, кечаси ўнгача ишларимни тугатиб, ўринга кираман. Китоб ўқишдан олдин бир телеграмга қарай-чи, ҳеч ким ёзмадими экан, дея интернетни қўшаман-у, «беш» дақиқа ўтар-ўтмас соат ўн икки-бир бўлган бўлади. Энди эса ухлаш керак, ҳадемай тонг ёришади…

ХХI аср ёшлари учун бу ҳолат бегона эмас. Бўш вақт топилди дегунча ижтимоий тармоқларга мук тушамиз-у, бўши тугул, вақтнинг ўзи қолмайди. Виртуал оламга шу қадар шўнғиб кетамизки, ўқилаётган китоб, чала қолган уй вазифалари, қилиниши керак бўлган бир талай ишлар қолади-кетади. Телег­рамда қандай «запал» тарқагани, фeйсбукда қайси мавзу «ҳайп» бўлгани, инстаграмда бугун ким қаерга бориб суратга тушгани – бугуннинг боласи учун энг «муҳим» мавзуларга айланган.

Уйғонишимиз билан қўлимизга телефон оламиз. Гўёки бирон муҳим янгиликдан қуруқ қолаётгандек, нонушта қилиб бўлиб, то ишга отлангунга қадар ижтимоий тармоқлардан кўз узмаймиз. Машинада, жамоат транспортида, тирбандликда туриб қолсак ҳам, қўлимиз беихтиёр телефонни пайпаслай бошлайди. Олимлару файласуфлар олтинга тенглаштирган вақт эса ғизиллаб ўтиб кетаверади…

 

Фақат вақт бизники

Қадимги Рим файласуфи Сенека айтганидек, бу дунёда вақтдан ташқари бошқа ҳеч нарса бизники эмас, фақат вақт бизники. Ушбу вақтни ҳаётий мақсадга сарфлай олишдан мураккаб, машаққатли, аммо олижаноб машғулот йўқ. Ривожланиш, олимларнинг фикрича, инсон вақтини тежаб олдинга интилиши демакдир. Бунинг учун у ғилдиракни ўйлаб топди, сўнг аравани, ундан кейин автомобиль, поезд ва самолётни яратди. Мактуб ўрнига телеграмма ва телефон, театр ўрнига телевизорни кашф этди. Компьютерлар, замонавий савдо марказлари, турли электр жиҳозлари – буларнинг ҳаммаси инсон вақтини тежашга қаратилган.

Шунга қарамай, одамлар ҳамон вақт етишмаслигидан нолийди. Мактаб ўқувчиси-ю талаба, ўрта ёшли-ю кексалар, ишчию ишсизда вақт йўқ. Вақт қаергадир кетяпти, у билан бирга умр ҳам дарё мисоли ўтмоқда. Соатлар ва дақиқалар йўқотилмоқда. Аллома Сенека: ҳаётимизнинг кўп қисмини хатолар ва аҳмоқона ишларга сарфлаймиз, муҳим даврлар ҳаракатсизликда ўтади, ҳаётимизда деярли кераксиз бўлган ишлар билан шуғулланамиз, деб таъкидлаганида ҳақ эди. Бугунги «Z» авлод эса қимматли вақтини асосан ижтимоий тармоларда қийматсиз нарсаларга увол қиляпти.

Келинг, вақт тушунчасини талабалар ҳаёти тарзида талқин қилиб кўрайлик. У бир кунда, ҳафтада қандай ишлар билан шуғулланади? Уйқу, эрталабки жисмоний тарбия машқлари, нонушта, йўл, дарсга қатнашиш, тушлик, кечки овқатланиш, ота-она ва оиланинг бошқа аъзолари билан мулоқот, дарс тайёрлаш, уй ишлари, китоб, газета ва журналлар ўқиш, спорт билан шуғулланиш, жамоат ишлари, кино, театр, концерт, музейларга бориш, телевизор кўриш, интернетдан фойдаланиш, дўстлар билан учрашиш, бозор ва ҳоказоларга қанча вақт кетказадию, ижтимоий тармоқларга қанча вақт сарфлайди?

Статистикаларга қараганда, дунё бўйича ўртача ҳисоблаганда, ҳозир суткасига 5 соат умримизни ижтимоий тармоқларда ўтказар эканмиз.

Бани башарнинг 26 фоизи учун эса бу кўрсаткич аллақачон 7 соат­дан ошган! Тасаввур қиляпсизми? Балки туғилишимиз билан чиплаштирилиб, бош компьютерга боғланадиган замонларимиз ҳам яқиндир эҳтимол.

 

Бир мисол

«Тармоқларда неча соат вақтингизни ўтказасиз, деб сўраган экансиз, очиғи шу саволдан кейин ўйланиб қолдим. Эрталаб нонуштада, ўқишга боргунча, зерикарли дарсларда, бўш вақтларда. Бир кунда камида 6 соатимни тармоқларга сарфлайман, адашмасам. Баъзида шунинг ўрнига қанча фойдали иш қилишим мумкин эди, деб ўйлаб қоламан. Лекин ўрганган кўнгил… Фейсбук, телеграм, инстаграм, ютуб, твиттер... ҳар соатда лентамни кузатиб турмасам, ниманидир йўқотгандек бўламан. Одамлар билан реал ҳаётда гаплашгандан кўра чатдаги ёзишмалар қулайроқ бўлиб қолган. Ухлаш учун саккиз соат, тармоқлар учун 6-7 соат вақт ажратсам, 24 соатдан 10 соатим қолар экан. Шунда умримнинг неча йилини беҳуда ўтказган бўламан-а?», – дейди ўзини Миржалол Жумақулов деб таништирган талаба.

 

Қанча вақт онлайн қайғудасиз?

Бир қарашда зарарсиздек кўринган ижтимоий тармоқлар вақтимизни ўғирлабгина қолмай, руҳиятимизга ҳам зарар етказар экан. Америкалик руҳиятшунос Роберт Краут депрессия ва интернетда ўтказган вақт ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини исботлади: қанча вақт онлайн бўлсангиз, шунчалик қайғуга ботасиз!

2017 йилда кенг кўламли тадқиқот натижалари эълон қилинди, унинг доирасида беш йил давомида ярим миллион америкалик мактаб ўқувчиларининг хатти-ҳаракатлари ўрганилди. Маълум бўлишича, ушбу даврда ижтимоий тармоқларга боғланиш фонида ўсмирларда руҳий тушкунлик аломатлари 33 фоизга, ўз жонига қасд қилиш тенденциялари эса 56 фоизга ортган. Ижтимоий тармоқлар нафақат янгиликлар, балки стресс, ҳасад, буллинг (оммавий таъқиб, камситиш, камситилиш), йўқотилган фойда синдроми, боғланиб қолиш ва қўрқув манбаи ҳамдир.

ФОМО синдроми – ижтимоий тармоқлардан бош кўтара олмас экансиз, йўқотилган фойда синдромини бошдан ўтказишингиз аниқ. ФОМО номи билан танилган ушбу синдром бошқа одамлар ҳаётида рўй бераётган қизиқарли ва муҳим воқеаларда етарлича иштирок этмаётганингизни ҳис қилишга мажбур этади. Бу эса ўзингизни ҳурмат қилмасликка ва депрессия ҳамда ҳадик ҳиссининг кучайишига олиб келади. Кимдир ҳали дунёнинг у чеккасида, ҳали бу чеккасида саёҳатда бўлиб турса, кимдир олган янги машинасини кўз-кўз қилса, казо-казолар билан ачомлашиб тушган суратларини жойласа, ким ҳам қайғуга ботмайди дейсиз.

Социофобия. Ҳаракатларингизнинг бошқа фойдаланувчилар томонидан баҳоланиши ижтимоий ҳаракатлардан қўрқиш – социофобияга олиб келиши мумкин. Айтайлик, сиз ҳар беш дақиқада ижтимоий тармоқлардаги тасмаларингизни текширасиз; доимо ким биландир ёзишасиз ва улар сизга одатдагидан узоқроқ жавоб беришса, ғазабланасиз; умрингизни деярли борича «сториз»да эфирга узатасиз ва уларни бошидан охиригача ким томоша қилганини ва ким алоқани узганини диққат билан кузатасиз.

Трайбализм. Инсонларнинг ўзига ўхшаганлар билан «қабила» бўлиб бирлашиш иштиёқи ҳамда бошқа ижтимоий гуруҳларга ашаддий душман сифатида қараши фан тилида «трайбализм» дейилади. Бу тушунча ўзида «Биз» ва «Улар» ўртасидаги азалий урушни ифодалайди, трайбалистик менталитет оламни оқ ва қора, яхши ёки ёмонга ажратади. Олтин ўрталиққа ўрин йўқ бунда.

– Айримлар ижтимоий тармоқлардан мулоқот учун эмас, ўзларининг муайян гуруҳга мансублигини кўрсатиб қўйиш учун фойдалана бошлади, – дейди америкалик журналист ва ёзувчи Жонатан Раух «Ижтимоий тармоқлар, трайбализм ва фейк ахборотлар тарқалиши» мақоласида. – Бундайлар муҳокамаларда қайсидир масалага ўз шахсий нуқтаи назарини маълум қилмайди, асосий мақсад «душман тараф»ни таҳқирлаш эвазига «қабила» орасидаги виртуал авторитетини ошириш ҳамда «сардор»нинг назарига тушиш. Бўлди!

Сиз ҳаётда билган, таниган одамлар ижтимоий тармоқларда бутунлай бошқа инсонга айланади, қайсидир постингиз остида қолдирган изоҳларидан ёқа ушлайсиз. Тавба, бу одамга нима жин урди? Кўча-кўйда дуппа-дуруст кўришиб юрарди-ку! Мана виртуал «қабилачилик»нинг илк симптомлари.

Ёки ижтимоий тармоқлардаги мулоқотда одамлар аслидагидан кўра дадилроқ, мулозаматсиз ва ҳатто шафқатсизроқ кўриниши мумкин. Икки шахс кўз-кўзга тушганда айтолмайдиган гапларини интернетда бемалол айтади.  Реал ҳаётдаги хулқ билан параллел равишда ижтимоий тармоқларда ўзгача, ўзига хос «одоб» шаклланмоқда. Бу эса ўз навбатида реал ҳаётдаги одамлар билан мулоқотда муаммоларни келтириб чиқармоқда.

 

Сўз исботи билан

Курсдошим фейсбукка бир пост жойлади, унда аёллар барибир аҳмоқлигига боради, қабилида маъно бор эди. Табиийки, қиз бола бўлганим учун жаҳлим чиқди, «Сизни ҳам аёл туққанми?» дедим тутоқиб, у эса «айрим аёллар деганман» деб жавоб берди. Барибир, ўзимни боса олмадим, баҳсни давом эттирдик. Қизлар гуруҳига ҳам бу постни нусхалаб жўнатдим, улар ҳам келиб, постга шарҳлар ёзиб кетишди. Шу-шу курсдошим билан гаплашмаймиз, виртуал ҳаётдаги баҳс реал ҳаётдаги муносабатларимизга путур етказди.

 

Хулласи калом

Инсон ўз кучи, имкониятларига ишониб, орзуларига етиш йўлларини излаб яшайди. Бунинг учун унга маълум вақт керак, вақт эса ҳар доим етишмайди. Ёшларда орзуларини рўёбга чиқариш, уларга тезроқ эришиш учун имкониятлар бор. Лекин бу интилишлар самарали бўлмаса, вақт ўтгани сезилмай қолади, кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтади. Шу тариқа баъзилар ёши бир жойга боргач, умрим бесамар, изсиз ўтди, деган афсус-надомат чекадилар.

Глобаллашув дунёни ўзгартирмоқда. Янги-янги кашфиётлар инсоннинг яшаш тарзига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Тармоқларнинг вақтимизга, асаб толаларимизга, ўзаро муносабатларимизга салбий таъсирининг олдини олиш эса ўз қўлимизда. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ўзимизга аниқ бир меъёр қўйиб олишимиз лозим, шунда камроқ руҳий тушкунликка тушар, реал ва виртуал ҳаётдан бирини танлашга мажбур бўлмасмиз эҳтимол. Муҳими, орзуимизга етишиш учун кўпроқ имкониятни ишга солган бўлармидик, нима дейсиз?

 

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔132

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔173

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар