Онам Тўхтагул момонинг порлоқ хотирасига
Онамнинг ўтганига йигирма икки кун бўлганди. Нимадир сабаб бўлиб туман марказига боришга тўғри келиб қолди.
Февраль охирлаб, қишнинг қишлиги ёдига тушган пайт. Онам бундай дамларни: «Туф десанг, тупугинг музлайди-я», дерди.
Йўл сирпанчиқ бўлганиданми, машина кам. Туриб қолганимга беш дақиқа бўлмай, оёқ-қўлларим музлади, аёз кампир бетимдан ўпган: икки юзим ярадай лўққиллаб оғрийди. Хайриятки, йўлга чиқаётганимда опам бошимдан дўппимни олиб, қалин бош кийимимни бостирган экан, бўлмаса, нақ бошим кетаркан.
Оёғимнинг учига совуқдан жизиллаган оғриқ кирди. Ва ниҳоят ўн дақиқаларда бир машина тўхтади. Олдинги ўриндиқ бўш бўлса ҳам, орқага ўтирдим. Тўғриси, хаёлимга соғинч ҳисси чангал солганди ўша паллада.
Бир кун олдин мозорбошига чиққандик. Йиғлайман, деб ўйлагандим — йўқ, афсуски, йиғлолмадим. Йиғи гўё энди кўзларимга тош бўлиб тиқилаётганди. Қирқларни қоралаб қолган ҳайдовчининг қандайдир саволларига бош ирғаганча жавоб қилдим, сўнг у ҳам индамади, мен ҳам.
Йўлда яна биров қўл кўтарди. Машина кескин тўхтади. Эшикни очиб салом берганча бир киши олдинги ўриндиққа ўзини ташлади. Машина кабинасини совуқ ҳаво ва намиққан ҳид тутди. Йўловчи ўрнашиб олгач, ҳайдовчига қаради ва бирдан:
— Баҳодир, сенми? — деди иккиланган ҳолда.
Ҳайдовчи йўловчига қараб қийқириб юборди: танимаган экан.
— Мурод, оғайни!
Улар анчадан буён кўришишмаган шекилли, узоқдан савол бериш бошланди.
Йўловчи:
— Болалардан нечта?
— Иккита.
— И-е, кам-ку?!
— Ўзингда-чи?
— Бешта, учи ўғил!
— Ҳаракатда баракат, дебсан-да? — кулди ҳайдовчи.
— Оллоҳга шукр.
— Бобой-кампирдан қутилдингми?
— Йўқ ҳали, — нозик ярасига биров теккандай юзини буриштирди йўловчи. — Кампир кетмайман деб, оёқ тираб олган. Сен-чи?
— Худога шукр, иккаласини ҳам думалатиб юбордик... Юрибмиз эркин қуш бўлиб. — У руль чамбарагини қўйиб юбориб, кафтларини ёйди.
Шу лаҳзада гўё азроил бўғзимдан олгандек нафасим тиқилди. Машина ичи кўзимга қабрдай тор кўриниб кетди.
— Тушиб қолай, — дедим ҳайдовчига. Кутилмаган бу гапдан олдинда ўтирган икковлон ҳайрон бўлиб ортга қарашди. Атроф яйдоқ чўл. Шундай совуқда бу ерда нима қилади, деб ўйлашди, шекилли.
Машина тўхтади. Ҳайдовчига пул узатдим.
— Пулингни олиб қўявер, ука, — деди у.
У билан гаплашгим келмасди. Шуям одам бўлдими!.. Машинадан тушиб, пулни ўриндиққа ташладиму эшикни ёпдим. Машина жўнади.
Томоғимга совуқ ҳаво урилди: маза қилдим. Изғирин кўнглимга илиқлик олиб кирди, гўё.
Овозимни кенгликка ёйдим. Қуриб, ранги бўзарган янтоқлар, сарғайиб қолган қамишлар етим қолган фарзанднинг изтиробли ноласидан титраб кетди.
Кўз ёшим шу бепоён чўл каби қуриб қолгунча йиғладим.
Улуғбек КАРИМОВ,
Қизилтепа тумани
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил