Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Одамзот ўз эҳтиёжларини тўғри баҳолай билгандагина борлиқдаги моддий бойликлардан унумли фойдалана олади. Баъзида айрим кимсаларнинг шунчаки ўткинчи ҳавас йўлида қилган ҳаракатлари олам маромига дахл қилиши, шу орқали минглаб жонзотлар ҳаётига зиён етказиб қўйиши мумкин. Бугунги кундаги дунёнинг йирик сув ҳавзалари ифлосланиши, тонналаб озиқ-овқат маҳсулотларининг чиқитга чиқарилиши, узоқни кўзламай қилинган айрим ишлардан ҳаммамиз нафас олаётган ҳаво сифати бузилиши, булар оқибатида ҳар куни кўплаб жониворлар, ўсимликлар нобуд бўлиши инсоннинг ўз қўли билан борлиққа етказаётган тажовузкорлигининг кичик бир кўриниши холос. Бу каби калтабин ишлар инсон зоти учун ўзи ўтирган шохни ўзи арралашига ўхшаш катта ҳалокатларга сабаб бўлиши нафақат эҳтимол, балки бугунги воқелигимизга ҳаётий ҳақиқатга айланиб улгурди.
Бугунги замонавий ахборот воситалари, рақамли технологиялар инсон меҳнатини бир қадар енгиллаштиргани билан эътиборлидир. Кишилар қисқа вақт ичида кўп фаолиятни тўлиқ уддалаш имконига эга бўлишмоқда. Аммо инсоннинг чинакам инсонийлигини белгилайдиган омиллар ҳеч бир сунъий ёки технологик восита орқали эмас, фақат инсон омилини такомиллаштириш, ахлоқи ва маданиятини юксалтириш билангина амалга ошиши мумкин. Инсон ўз нафсини жиловлаш орқали эҳтиёжларини тартибга сола олса ҳамда уларни тўғри, адолатли ва оқилона йўл билан қондириш йўлидан борса, шубҳасиз, нажотга эриша олади. Қилинаётган ислоҳотлар негизида, аввало, инсонни ислоҳ этиш, уни чинакамига барпо қилиш турсагина, оила, жамият ва давлатнинг барқарор ривожи мумкин бўлади. Ҳозирда бизда қилинаётган барча ҳаракатлар айни шу масалага қаратилган, десак, муболаға бўлмайди.
Ота-боболаримиз асрлар давомида инсоннинг ички кураши – ўз нафси билан кечадиган мужодалага катта эътибор қаратишган. Одам қачонки, ўз ботинида пайдо бўладиган зарарли фикру хаёллар, саъй-ҳаракатлар, сўзларни бартараф эта олса, том маънодаги яхши инсонга айлана олиши мулоҳаза қилинган. Одоб-ахлоқ, таълим-тарбия борасидаги барча фаолият аввало инсонни чинакам инсон сифатида бунёд этишга йўналтирилган. Бу ҳар бир одамдан фақат яхши ишлар содир бўлишига эришиш деганидир. Инсон ўз нафсини жиловлай олса, ўзига ва ўзгаларга зиён етказмаса, борлиқдаги ҳар бир гиёҳ ва ҳар бир жонзот ҳаёти учун масъулиятини ҳис қилиб яшаса, ҳаётдаги вазифаси оламни обод этиш эканини англаб етса – чин маънодаги фаровон ва ҳақиқий саодатли умр шу аслида.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида» Қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари ҳузурида Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилиб, муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият экани алоҳида таъкидланди.
Юртимизда бошланаётган Рамазон ойини меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи деган эзгу ғоя асосида ўтказиш режалаштирилгани халқимизнинг аждодлар анъаналарига таянган ҳолдаги асрий таомилларидан бири бўлди. Айниқса, бу ойда кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилиши жамиятда аҳоли орасида меҳр-оқибат ва тотувлик янада мустаҳкамланишига замин яратади. Маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантиришга хизмат қилади.
Бу мавсумда кўзда тутилаётган яна бир хайрли лойиҳа бу – ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асрашга алоҳида эътибор берилиши бўлди. Неъматлардан унумли фойдаланиш дейилганда баъзида фақат озиқ-овқат маҳсулотлари ёки дастурхонимиздаги нарсаларни тушуниш билан чекланамиз. Аммо биз яшаётган Ер сайёраси бу – бизнинг уйимиз, ичаётган сувимиз миллиардлаб инсонларнинг ҳам бирдек ҳақи бўлган неъмат. Ҳаво ва табиий муҳит эса, уларсиз ҳаёт кечириш имконсиз бўлган бебаҳо бойликлардир. Биз бу ойда сабру қаноат, шукроналик, бардош ва матонат каби туйғуларни мустаҳкам қарор топтиришда дастурхонимиздаги бир бурда нондан тортиб, олис тоғлар устидаги қору музликлар, узоқ океанлардаги сувлар, дунёнинг бир бурчагидаги майса-гиёҳларгача бизнинг масъулиятимизда эканини ҳис қилиб яшашга одатланамиз. Мазкур ой билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор бериш ҳам айнан барча неъматларда биз билан бирга келажак авлодларнинг ҳам улуши борлигини англаб етишимизга туртки беради.
Қисқача айтганда, олдимизда турган улкан ислоҳотларда инсоннинг комил иродаси, юксак ахлоқи, қаноат ва шукроналик билан ҳаёт кечириши, бошқалар билан ҳамжиҳатликдаги муносабатлари энг асосий ўрин эгаллайди. Бу каби ишларнинг амалга ошишида ҳар биримизнинг муносиб ҳиссамиз бўлиши зарур.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил